Карантин шароитида амортизация ҳисоблашнинг қайси усули фойдалироқ

preview

Ҳозирги шароитда раҳбарнинг асосий вазифаларидан бири корхонанинг молиявий имкониятларини сақлаб қолиш – ходимларга иш ҳақи, таътил пули ва бошқа тўловларни, бюджетга солиқларни тўлаш, бизнес фаолият юритиши нуқтаи назаридан бошқа биринчи навбатдаги вазифаларни ҳал қилиш ҳисобланади. Бунинг учун ҳар бир корхона қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда ўз харажатларини имкон қадар мақбуллаштиришга ҳаракат қилади. 

Асосий воситалар амортизацияси бундай харажатларнинг салмоқли улушини ташкил этади. «TEAM UNIVERSITY» МЧЖ молиявий директори, «Profi Training» бизнес-тренери Александра ТОЛМАЧЁВА (CAP, CIPA, DipIFR (ACCA), CIMA (P1, P2) buxgalter.uz илтимосига кўра ҳозирги шароитда уни ҳисоблашнинг қайси усули самаралироқ эканлигини тушунтириб берди:


– «Бизнеснинг кўп турларини тўхтатиб туришга тўғри келди. Бунда корхоналар муайян харажатларни амалга оширишда давом этадилар, улардан қочиб қутулиб бўлмайди. Бундай харажатларга доимий харажатлар дейилади, ишлаб чиқариш ҳажмидан қатъи назар, корхона уларни амалга оширади. Хусусан, асосий воситалар амортизацияси ҳам улар жумласига киради.

Эскиришни ҳисоблашнинг иккита – тўғри чизиқли ва ишлаб чиқариш усулининг афзалликлари ва камчиликларини солиштирамиз.

Амортизация ҳисоблашнинг энг кенг тарқалган ва осон усули тўғри чизиқли усул ҳисобланади:

 

Тўғри чизиқли усул

Афзалликлари

Камчиликлари

Ҳисоб-китоб қилиш осон

Кўп компаниялар учун асосий воситадан фойдаланишнинг реал моделини акс эттирмайди.
Мисол учун, сервер ва тармоқ ускуналари, қимматбаҳо ноутбуклар, шахсий компьютерлар фойдаланишнинг дастлабки йилларида тезроқ ишлайди, демак, кўпроқ наф келтиради. Шу сабабли ишлатилаётган илк йилларда бундай турдаги ускуналар бўйича эскиришни кўпроқ ҳисоблаш керак.
Бундан ташқари, бундай ускуна техник жиҳатдан тез эскиради ва алмаштиришни талаб қилади, шу сабабли бунда жадаллаштирилган эскириш усуллари кўпроқ мос келади

Солиқ солиш мақсадида СКда келтирилган амортизация нормаларини қўллаш мумкин

Дастурий таъминотга қўшимча ишлов бериш талаб этилмайди (мисол учун, 1С)

 

Корхона бекор туриб қолган вақтда ҳам АВнинг эскириши бўйича харажатларни амалга оширади

Ускунанинг ишлаш кўрсаткичларини чуқур ўрганишни (масалан, маҳсулот ишлаб чиқарилишини аниқлашни) талаб этмайди

 

Ҳисоб-китоб қилиш мураккаброқ бўлгани сабабли амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули кенг тарқалмаган:

Ишлаб чиқариш усули

Афзалликлари

Камчиликлари

Асосий воситадан фойдаланишнинг реал моделини акс эттиради:

  • юкламаси кўп бўлган даврда эскириш бўйича харажатлар юқорироқ бўлади;
  • бекор туриб қолган вақтда эскириш бўйича харажатлар нолга тенг бўлади

Ҳисоб-китоб қилиш мушкул, сабаби ҳар ой эскириш бўйича харажатни ҳисоб-китоб қилиш учун база сифатида – бутун фойдали ишлатиш муддатида жами ишлаб чиқарилган маҳсулотни аниқлашни талаб этади

 

Одатда, дастурий таъминотга қўшимча ишлов беришни талаб этади (1С, 1Uz)

Эскириш ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб бўлган соҳаларда ишлаб чиқариш усулини қўллаш тавсия этилади. Масалан, – ишлаб чиқариш корхоналарида, ташиш хизматларини кўрсатадиган компанияларда ва ҳ.к.

Ишлаб чиқариш усулини қўллаш учун АВ объектининг бутун хизмат муддатида ишлаб чиқарилган маҳсулотни аниқлаш лозим. Корхона ушбу ахборотни асосий воситанинг техник ҳужжатларидан (техпаспорт) олиши мумкин. Бироқ техник паспортларда ҳар доим ҳам бундай ахборот бўлмайди. У ҳолда ушбу асосий восита сотиб олинган ишлаб чиқарувчи заводга ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг тахминий энг кўп ҳажми ҳақида расмий сўровнома йўллаш лозим.

Мисол
Амортизация турли усулларда ҳисобланганда харажатларни солиштириш
Полиэтилен флаконлар ишлаб чиқарувчи корхона қиймати 75 000 000 сўмлик янги ускунани ишга туширди. Корхона машина ва ускуналар учун эскиришни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулини қўллайди. Техник тавсифларига кўра ускунанинг бутун хизмат муддатидаги энг юқори ишлаб чиқариш қуввати 100 000 000 маҳсулот бирлигини ташкил этади.
2020 йил март ойи давомида компания 1 000 000 флакон бирлигини ишлаб чиқарган.
2020 йил март ойи учун эскиришни ҳисоб-китоб қилиш:
1 бирлик маҳсулот учун эскириш = 75 000 000 сўм : 100 000 000 бирл. = 0,75 сўм / бирл.
2020 йил март ойи учун эскириш = 0,75 сўм х 1 000 000 бирл. = 750 000 сўм.
Мазкур корхона эскиришни тўғри чизиқли усул билан ҳисоблайди, дейлик. Ҳисоб сиёсатига кўра бир йилда машина ва ускуналар учун эскириш нормаси 15%ни ташкил этади.
2020 йил март ойи учун эскириш = 75 000 000 х 15% : 12 ой = 937 500 сўм.
Энди корхона карантин сабабли 2020 йил апрелда ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганини инобатга олган ҳолда 2020 йил март–апрель ойлари учун ишлаб чиқариш ва тўғри чизиқли усуллар билан ҳисобланган эскириш бўйича харажатларни солиштирамиз.
Ишлаб чиқариш усули Тўғри чизиқли усул Таҳлил
2020 йил март
750 000 сўм 937 500 сўм

Тўғри чизиқли усул қўлланган ҳолда

тайёр маҳсулот таннархи 187 500

сўмга оширилади

2020 йил апрель
0 сўм 937 500 сўм

Бекор туриб қолинган шароитда

эскириш бўйича харажатларни 9430-счётга

ҳисобдан чиқаришга рухсат берилган.

Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг.

Тўғри чизиқли усулдан фойдаланган ҳолда

2020 йил апрель ойи учун фойда

937 500 сўмга пасайтирилади

Келтирилган мисолдан кўринганидек, ишлаб чиқариш усули уни қўллаш билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, бизнес юритиш ва маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархини тўғри аниқлаш нуқтаи назаридан иқтисодий жиҳатдан кўпроқ ўзини оқлайди.

Ёдингизда бўлсин:

  • қўлланилаётган амортизация усули бухгалтерияга оид ҳисоб сиёсатида акс эттирилган бўлиши керак, уни календарь йил давомида ўзгартириб бўлмайди;
  • СК 306-моддасида белгиланган чекланган нормалардан ортиқ бўлмаган амортизация харажатлари суммалари чегириладиган харажатлар жумласига киритилади».