Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Бош бухгалтер алмашганда ишлар қандай топширилади
Корхонанинг бош бухгалтери алмашмоқда: аввалги бош бухгалтер ишларни топшириши, янгиси эса уларни қабул қилиб олиши керак. У ёки бу вазиятда бухгалтерия ҳужжатларини қабул қилиш-топшириш ишларини қандай қилиб тўғри ташкиллаштириш мумкин? Buxgalter.uz тушунтиради:
– Аввалги бош бухгалтер ишдан бўшаётганда ишларни янгисига топшириш тартиб-таомили амалдаги қонун ҳужжатларида аниқ акс эттирилмаган. Шунга қарамай, эҳтимолий салбий оқибатларни камайтириш учун ташкилот бундай тартиб-таомилни йўлга қўйиши керак. Ишдан бўшаш масаласидан бошлаймиз...
Бош бухгалтерни қачон ишдан бўшатиш мумкин?
Бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномаси умумий тусдаги турли асосларга кўра бекор қилиниши мумкин, улар МК 97-моддасида санаб ўтилган. Бироқ фақат айрим тоифадаги ходимларга, шу жумладан бош бухгалтер ёки унинг вазифасини амалга оширувчи ходимга нисбатан қўлланиладиган алоҳида асос ҳам бор: мулкдорнинг алмашиши .
Мазкур нормага мувофиқ корхонанинг янги мулкдори «эски» бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасини унинг розилигисиз бекор қилиши мумкин. Корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб 3 ой мобайнида мазкур асос бўйича ишдан бўшатишга йўл қўйилади. Бунда бош бухгалтернинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди.
Янги мулкдор ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг келгусида бекор қилиниши тўғрисида камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши шарт . Шу тариқа, огоҳлантириш муддатига яна 2 ой қолиши учун мулкдор алмашганидан сўнг дастлабки ой мобайнида бош бухгалтерни ишдан бўшатиш масаласини ҳал қилган маъқул. Буйруқ намунасига қаранг.
Мулкдорнинг алмашиши муносабати билан бош бухгалтерни ишдан бўшатиш учун ходимларнинг вакиллик органи розилигини олиш талаб этилмайди. Шу билан бирга МК 92-моддаси 2-қисми қоидаларига кўра ишдан бўшатилаётган ходимга корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиш лозим.
Табиийки, бош бухгалтер, ташкилотнинг исталган бошқа ходими сингари, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга ҳақли, бу борада чекловлар йўқ. Бу ҳолда у ишдан бўшамоқчи бўлган санадан камида 2 ҳафта олдин ўз нияти ҳақида иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириши лозим.
Ишларни қабул қилиш-топшириш чоғида комиссия тузиш керакми?
Бош бухгалтер лавозимига тайинлаш ва ундан озод қилиш чоғида комиссия бюджет ташкилотларида тузилади.
Қабул қилиш-топшириш кунида комиссия бухгалтерия ишларини қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузиб, унда ҳисоб, ҳисобот ва архив ҳужжатларининг ҳолатини акс эттиради. Зарурат туғилганда комиссия таркибига юқори турувчи ташкилотлар ва тегишли молиявий органларнинг вакилларини киритишлари мумкин .
Катта бўлмаган хусусий ташкилотларда махсус комиссия тузмаса ҳам бўлади: ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича 2–3 нафар ходим ҳозирлигида ишлар топширилади. Далолатнома ва рўйхат топширувчи ва қабул қилиб олувчи шахслар томонидан имзоланиб, раҳбар томонидан тасдиқланади ва унга ташкилот муҳри босилади.
Ишлар кимга топширилиши номаълум бўлса
Бош бухгалтер ишдан бўшаши муносабати билан ишларни топшириш чоғида амалиётда юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларни кўриб чиқамиз.
1. Бўшаётган лавозимни эгаллайдиган янги ходим ҳали топилмади
Икки хил вариантни қўллаш мумкин:
1) ҳужжатларни бухгалтериянинг бошқа ходимига (масалан, бош бухгалтер ўринбосарига) топшириш мумкин. Кейинчалик у ишларни янги бош бухгалтерга топширади;
2) фирма катта бўлмаса, ишдан бўшаган бош бухгалтер ягона бухгалтер бўлганда, ҳужжатларни директорнинг ўзи қабул қилиб олиши мумкин . Янги бош бухгалтер ишга қабул қилинганда директор ишларни унга топширади.
2. Бўлажак янги бош бухгалтер топилди
Бунда кадрлар ишини юритувчи ходим меҳнат муносабатларини расмийлаштириш тартиб-таомили билан боғлиқ муаммога тўқнаш келади: бир вақтнинг ўзида икки киши битта лавозимда ишлай олмайди. У ҳолда «эски» бош бухгалтернинг ишлари «янгисига» қандай топширилади? Бу ҳолда «эски» бош бухгалтер ҳали ишдан бўшамасидан унинг ворисини ўринбосар сифатида ишга қабул қилиш мумкин. Ишлар топширилгач аввалги ходим ишдан бўшатилади, вориси эса унинг лавозимига ўтказилади. Ушбу схема илгари бундай лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда бош бухгалтер ўринбосари лавозимини штат жадвалига киритишни талаб этади.
3. Бўшаётган лавозимга бошқа ходим, масалан, иқтисодчи ўтказилмоқда
Бунда муаммо бўлмаслиги керак: аввалги бош бухгалтер ишдан бўшагунига қадар ҳозирча бошқа лавозимни эгаллаб турган бўлғуси ворисига ишларни топширади.
4. Аввалги бош бухгалтер иштирокида ишдан бўшагунига қадар у ёки бу сабабларга кўра бухгалтерия ҳужжатларини қабул қилиш-топшириш ишларини амалга ошириб бўлмади
Бу ҳолда янги бош бухгалтер у билан меҳнат шартномаси тузилган пайтда ташкилотдаги ишлар ва бухгалтерия ҳисобининг ҳолатини қайд этгани маъқул (масалан, раҳбар номига хизмат юзасидан ёзилган маълумотда).
Шунингдек ихтисослаштирилган ташкилот – аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар билан бухгалтерия ҳисобини юритиш учун шартнома тузиш мумкин .
Қабул қилиш-топшириш қандай расмийлаштирилади?
Бунинг учун ишларни қабул қилиш-топшириш жараёнида иштирок этувчи аниқ шахсларни кўрсатган ҳолда буйруқ чиқарилади.
Қабул қилиш-топшириш далолатномаси эркин шаклда тузилади. Унга қуйидагиларнинг рўйхатлари (реестрлари) илова қилиниши мумкин:
- бухгалтерияда бўлган ҳужжатлар;
- хато ёки ноаниқликлари бўлган, шунингдек имзоланмаган ҳужжатлар;
- етмаётган ҳужжатлар рўйхати;
- бухгалтерия ҳужжатларига оид фикр-мулоҳазалар.
Далолатнома ва рўйхат топширувчи ва қабул қилиб олувчи шахслар томонидан имзоланиб, раҳбар томонидан тасдиқланади ва унга ташкилот муҳри босилади.
Ленара ХИКМАТОВА,
меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти.