Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Штатдан ташқари ходим билан меҳнат шартномасини тузиш мумкинми
Штатдан ташқари ходимни меҳнат шартномаси бўйича қабул қилиш мумкинми ёки у фақат ФҲХ шартнома бўйича ишлаши керакми? Меҳнат ҳуқуқи бўйича “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА штатда бўлмаган шахсларни расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини buxgalter.uz учун махсус тушунтирди:
- Мазкур саволга жавоб бериш учун меҳнат шартномаси ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома ўртасидаги фарқни тушуниб олиш зарур.
Меҳнат шартномаси - ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир. Бунда ижрочи тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган ички меҳнат тартибига бўйсуниши шарт. Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар .
Шахс штатга киритилганидан эътиборан, айнан – у билан меҳнат шартномаси тузилгандан, ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган, ишга қўйилгандан кейин ташкилот ходимига айланади. Бинобарин, штатдаги ходимлар деганда ташкилот меҳнат шартномаси тузган ходимлар тушунилади .
“Штатдан ташқари ходим” тушунчаси қонунчиликда мавжуд эмас. Амалиётда бундай шахсларни муайян ишни бажариш ёки муайян хизматлар кўрсатиш учун ёллашади. Шу боис улар билан меҳнат шартномаси эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома (пудрат, хизмат кўрсатиш ва ҳ.к.) тузилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома (ФҲШ) – бу иккита ёки бир нечта шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишувидир. ФҲШ:
- жисмоний шахслар ўртасида;
- юридик шахслар ўртасида;
- жисмоний шахс (шахслар) ва юридик шахс (шахслар) ўртасида тузилади.
ФҲШ Фуқаролик кодексига мувофиқ тузилади, унинг шартлари амалдаги фуқаролик қонунчилигига зид бўлмаслиги керак.
Меҳнат шартномаси ФҲШдан нима билан фарқ қилади
Меҳнат шартномасининг асосий фарқ қиладиган белгиси – ишга муайян лавозим ёки касб (штат жадвалига мувофиқ) бўйича қабул қилиш. Яъни меҳнат шартномасининг хусусияти шундан иборатки, ходим:
- меҳнат жамоаси таркибига киритилади, унга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва корхонада ўрнатилган меҳнат шароитлари татбиқ этилади;
- меҳнат функциясини шахсан ўзи, ўзининг меҳнати билан амалга оширади, сабаби юзага келадиган муносабатлар айнан унинг муайян меҳнат фаолияти турига қобилиятини қўллаш билан боғланган;
- ташкилотда ўрнатилган ички меҳнат тартиби қоидаларига, меҳнат режимига, унинг ишига тааллуқли иш берувчининг кўрсатмаларига ва ҳ.к.га бўйсуниши шарт. Ходим маъмуриятнинг меҳнат шартномасида айтиб ўтилган мутахассислик бўйича топшириқларини бажариши шарт. Масалан, бухгалтер ўзининг фаолияти соҳаси бўйича ҳар қандай операцияни амалга оширади.
Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома асосида ишлайдиган шахс штатда турмайди, ички тартибга бўйсунмайди ва меҳнат жамоаси аъзоси ҳисобланмайди. Унга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш мумкин эмас, унга таътил, шу жумладан – ижтимоий таътил тақдим этилмайди, “касаллик варақаси” бўйича тўлов амалга оширилмайди. Бундан ташқари, штатдан ташқари ходимга меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган кафолатлар татбиқ этилмайди.
ФҲШ бўйича фуқаро фақат буюртмачи томонидан унга топширилган индивидуал-аниқ ишни бажаради. Бажарилган иш натижасига ҳақ тўланади. Ҳақнинг миқдори ва муддатлари келишувга кўра белгиланади.
Агар ФҲШ бўйича қабул қилинган фуқаро ҳақиқатда у ишни меҳнат қонунчилигига мувофиқ бажараяпти деб ҳисобласа, у ҳар қандай вақтда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин. Низони кўриб чиқиш чоғида суд нафақат шартноманинг номи ёки матнини таҳлил қилади ва баҳолайди, балки меҳнат шартномаси белгилари мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи бошқа ҳолатларни ҳам ўрганади.
- Штатдаги ходим билан бир вақтда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузиш мумкинми?
- Амалдаги қонунчилик мазкур ташкилотда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар билан ФҲШ тузишни тақиқламайди. Компания штатдаги ходим билан муайян ишни бажариш ёки муайян хизмат кўрсатиш учун фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома тузиши мумкин. Тарафлар ўртасида бир вақтда меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномаларнинг мавжудлиги қонун бузилиши ҳисобланмайди. Мисол: меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган корхона қоровули билан бино фасадини реставрация қилиш бўйича ишларни бажариш учун ФҲШ тузилган.
Яна нималар ҳақида билиш лозим!
Штатдаги ходим билан ФҲШ тузаётганда меҳнат қонунчилиги атамаларидан фойдаланманг (“лавозим”, “иш ҳақи”, “ишга қабул қилиш”, “ишдан бўшатиш”, “иш режими”). Шартномага меҳнатга доир ўзаро муносабатлар учун хос бўлган шартларни киритманг. Ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ортида меҳнат муносабатлари яширинмаганлигини кузатиб боринг.
Мисол: катта бўлмаган ташкилотнинг штатдаги референти 6 ой давомида фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома бўйича бухгалтерия ҳисоби хизматларини кўрсатади. Штатда бухгалтер штат бирлиги назарда тутилган, бироқ у вакант. Шахс узоқ давр мобайнида ҳақиқатда штатдаги ходим функцияларини бажариб келаётганлиги келиб чиқади. Бу текширувчи органлар томонидан меҳнат муносабатлари сифатида баҳоланиши мумкин.
Мазкур ҳолатда энг мақбул вариант – асосий ходим штатга қабул қилингунга қадар, референтга қўшимча ҳақ тўланган ҳолда ички қўшимча вазифани бажаришни расмийлаштириш .