Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар фамилия алмашган бўлса, иш ҳақи картасини алмаштириш керакми
Агар ходим фамилиясини алмаштирган бўлса, иш ҳақи банк картасини алмаштириш керакми?
Бухгалтерия ҳужжатларида чалкашликни олдини олиш учун барча ходимларда банк пластик карталари реквизитлари уларнинг паспорт маълумотларига мос келгани маъқул. Бу борада мажбурий талаблар мавжудми? Buxgalter.uz мазкур саволни аниқлаштирди:
Марказий банкнинг матбуот хизматида тушунтиришларича: мазкур масала бўйича қонунчиликда ҳеч қандай чекловлар ва алоҳида шартлар мавжуд эмас. Мазкур масала бўйича қарор банк ва мижоз ўртасида ўзаро келишувга биноан қабул қилинади ва хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномага алоҳида банд билан киритилиши мумкин.
«Капиталбанк», «Равнақ банк» ва «Халқ банки»нинг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматларининг хабар қилишларича, ходимнинг фамилияси алмашганда банк картасини алмаштириш шарт эмас. Карта эгаси унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар картадан фойдаланишда давом этиши мумкин. Агар банк ходимларида унга хизмат кўрсатиш чоғида саволлар туғилса, улар вазиятни аниқлаштириш учун бухгалтер ёки карта эгаси билан ўзлари боғланишади.
Шунингдек, фамилиясини алмаштирган жисмоний шахс хоҳиши бўлган тақдирда, картани алмаштириш учун банкка мустақил равишда мурожаат қилиши мумкин.
Олег ГАЕВОЙ