Карантин – интизомий жазо муддатини кечиктириш учун сабаб эмас

preview

Ходим март ойида узрли сабабсиз бир неча кун ишга чиқмади. Уни интизомий жазога тортишга улгуришмади, сабаби у тушунтириш хати беришни “чўзиб юборди”. 30 мартдан бошлаб эса Ўзбекистон ичида “стикерли” автомобилдан ташқари автотранспортнинг ҳаракати тўхтатилди, 1 апрелдан бошлаб ходимлар масофадан ишлашга ўтишди.

20 августдан бошлаб ташкилот илгариги режимда ишламоқда. Прогул қилган ходимни 6,5 ой ўтгач, сентябрь ойида интизомий жазога тортиш мумкинми? Карантин муносабати билан интизомий жазога тортиш муддатлари узайтириладими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

- Интизомий жазоларни қўлланиш тартибини МКнинг 182-моддаси тартибга солади. Ҳақиқатан, ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишидан олдин ундан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун унга нисбатан жазо қўлланишига тўсиқ бўла олмайди .

Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан 1 ой ичида қўлланилади .

 

Эътибор беринг
Ножўя хатти-ҳаракат ҳақида корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлим раҳбарига ёхуд ходим бўйсунадиган бошқа раҳбарга у интизомий жазо бериш ҳуқуқига эга бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, маълум бўлган кун - кўрсатилган муддатнинг ҳисобланиши бошланишига асос бўлувчи ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кун ҳисобланади .

 

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижаси бўйича эса, содир этилган кундан бошлаб 2 йил ўтгандан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.

Масалан, ножўя хатти-ҳаракатнинг (тафтиш ёки молиявий текширув натижалари билан боғлиқ бўлмаган) ўзи 2020 йилнинг февраль ойида содир этилган, унинг содир этилганлиги далили эса фақатгина 7 ой ўтгач, сентябрь ойининг охирида аниқланган. Бу ҳолда интизомий жазони қўллаш мумкин эмас, сабаби интизомий жазони қўллаш муддати ўтказиб юборилган.

Интизомий жазони қўллаш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга тилхат олиб эълон қилинади.

ОС Пленумининг 28.04.2020 йилдаги 08-сон қарорига асосан 2020 йилнинг март ойидан бошлаб пандемия тарқалишининг олдини олишга қаратилган махсус чоралар (карантин) жорий этилган бўлиб, бу давлат органлари ва бошқа муассасалар ишлаш тартибига, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритилишига, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига сабаб бўлди.

Мазкур қарорнинг 3-бандига асосан карантин амал қилиши даврида даъво муддати ФК 156-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилади. Бироқ, таъкидлаб ўтамизки, бу фақат даъво муддатига дахл қилади.

Даъво муддати – шахс унинг мобайнида даъво қилиш йўли билан ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати – 3 йил. Интизомий жазо эса – бу меҳнат интизомини бузганлик учун рўй берадиган ва айбдор ходимга интизомий жазо беришда ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.

Юқорида кўрсатилган қарорда ҳам, бошқа НҲҲларда ҳам интизомий жазога тортиш муддати карантин жорий этилиши муносабати билан узайтирилиши кўрсатилмаган.

Шу тариқа, ходимни интизомий жазога тортиш муддати Ўзбекистонда карантин чоралари муносабати билан узайтирилиши мумкин эмас.

Меҳнат кодексида аниқ айтилади: “Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан 1 ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди”.

Яъни кўриб чиқилаётган ҳолатда ҳам биринчи, ҳам иккинчи муддат ўтказиб юборилган.  Ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан пайтдан бошлаб бир ойдан кўп вақт, у содир этилгандан кундан бошлаб эса – 6 ойдан кўп муддат ўтган.

Интизомий жазони фақат иккита муддатга риоя қилинган тақдирда қўллаш мумкин: ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кундан бошлаб ва содир этилгандан кундан бошлаб.

Ҳатто иш берувчи прогул тўғрисида фақатгина ҳозир билган тадирда ҳам, у ходимни жазога тортиш ҳуқуқини йўқотади, сабаби ножўя хатти-ҳаракат содир этилгандан пайтдан бошлаб ярим йилдан кўп вақт ўтган.

Иш берувчи томонидан юқорида кўрсатилган муддатларнинг ҳар бирига риоя қилмаслик интизомий жазо бериш тўғрисидаги буйруқни қонунга хилоф деб топиш учун мустақил асос ҳисобланади.

Меҳнат қонунчилигида муддатлар ўтказиб юборилган тақдирда уларни тиклаш учун асослар мавжуд эмас. Шу боис иш берувчи жазо бериш ҳуқуқини бутунлай йўқотган ҳисобланади.

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /uz/publish/doc/text163546_karantin_-_intizomiy_jazo_muddatini_kechiktirish_uchun_sabab_emas