Учинчи шахслар билан тўловларни ҳисобга ўтказишга тақиқнинг муаммолари ва зиддиятлари

preview

Тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот, бажарилган ишлар ва хизматлар учун ҳақни бевосита етказиб берувчиларга тўлашлари, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасликлари шарт. Бу ерда қандай муаммолар яширинган? Ушбу талаб ҳали ҳам долзарбми ёки эҳтимол, уни бекор қилиш вақти келгандир?

Buxgalter.uz илтимосига биноан    “Норма”нинг юридик масалалар бўйича эксперти  Олег ЗАМАНОВ вазиятни шарҳлаб берди:

- 09.08.1996 йилдаги ПФ-1504 Фармоннинг 5-бандида шундай дейилади: “Тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчиларга тўласинлар, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасинлар, товарларни (хизматларни) электрон тижорат орқали реализация қилиш ҳолатлари бундан мустасно.  Белгилаб қўйилсинки, ушбу тартибни бузиш даромадни яшириш деб баҳоланади ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади.

Энг аввало, “тижорат банклари ҳақни тўласинлар” ифодаси – нотўғри. Олди-сотди, етказиб бериш, бепул хизмат кўрсатиш ёки пудрат шартномаларига асосан ҳақни битим иштирокчиси – сотиб олувчи, буюртмачи тўлайди. Банк фақатгина ўз мижозининг тўлов топшириқномасини бажаради – унинг ҳисобварағидан топшириқномада кўрсатилган олувчининг ҳисобварағига муайян суммани ўтказади.

Ушбу норма билан боғлиқ биринчи жиддий муаммо – уни амалга ошириш механизми ноаниқдир. Банк топшириқномада кўрсатилган маблағларнинг олувчиси етказиб берувчи эканлигига ишончи комил бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун унга мижоз билан битим тузишда расмийлаштирилган ҳужжатлар, шунингдек – реализация қилиш бўйича айланмани тасдиқловчи ҳужжатлар зарур бўлади. Масалан, шартнома ва ҳисобварақ-фактура. Банк мазкур ҳужжатларни тўлов топшириқномаси билан солиштириб, етказиб берувчи ва маблағларни олувчи – айнан битта субъект эканлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин пулларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яъни банк бу ерда амалда назорат қилувчи орган функциясини бажармоқда. Бинобарин, қонун ҳужжатларида банк ваколатларининг ҳажми, чегараси ва уларни амалга ошириш тартиби баён этилиши керак. Хусусан, қуйидагиларни белгилаш зарур:

  • мижоз тўлов топшириқномаси билан бирга тақдим этиши лозим бўлган тасдиқловчи ҳужжатларнинг рўйхати – ҳозирги кунда ушбу масала охиригача очиб берилмаган ;
  • мижоз томонидан уни тақдим этиш шакли, тартиби ва муддатлари ва банк томонидан ўрганиб чиқилиши. Шу муносабат билан тўловни ўтказиш учун ажратиладиган энг кўп муддатни ҳам белгилаш зарур ;
  • етказиб берувчига эмас, балки ўрнатилган талабни бузган ҳолда учинчи шахсга ҳақ тўлашга уринишни аниқлаган банк ҳаракатларининг алгоритми;
  • таърифланган контекстда банк ва мижознинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ҳ.к.

Ҳали ушбу жиҳатлар аниқ регламентланмаган экан, банклар ва мижозларда келишмовчилик ва бир-бирларига муқобил эътирозлар юзага келаверади.

Ушбу бандга 2018 йилнинг июль ойида киритилган қўшимча нормага фақат зиддиятларни қўшди . Унда умумий қоидадан истиснони баён этишди -  маҳсулот (хизматлар) электрон тижорат орқали реализация қилиш ҳолатлари бундан мустасно.

Тузатиш Президентнинг 14.05.2018 йилдаги ПҚ-3724-сон қарори ижроси юзасидан киритилган бўлиб, у тадбиркорлик субъектларига Е-тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб беришда учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилишга рухсат беради .

Келинг қайд этайлик:

  • инкассация ҳақидаги шарт мутлақо бир нарсани билдиради – нақд пулда тўлаш назарда тутилмоқда. Бу мантиққа эга:   Е-тижорат доирасида нақд шаклда ҳақ тўлашга йўл қўйилади , юридик шахслар ҳам нақд пулда тўлашлари мумкин – БҲМнинг 100 бараваригача бўлган суммада ;
  • бу ерда хизматлар ҳеч ҳам қатнашмайди, фақат товарлар – бу ҳам мантиққа эга, сабаби гап етказиб бериш борасида бормоқда.

Бироқ пировардида банкларга учинчи шахслар учун Е-тижорат орқали реализация қилинган товарлар ва хизматлар учун тўловларни (нақдсиз ҳисоб-китоб) ўтказишга рухсат беришди. Бу:

а) биз ойдинлаштириб олганимиздек, ПҚ-3724-сон қарордан келиб чиқмайди ва унга тўғри келмайди;

б) бу иккита мутлақо бир хил операциялардан бири қонуний, иккинчиси – ноқонуний деб эътироф этилишини англатади. Бу аниқ техник жиҳатга – шартнома тузиш усулига боғлиқ:

  • электрон шаклда (Е-тижорат) – учинчи шахслар учун ҳақ тўлашга рухсат берилган ва банк томонидан ўтказилади;
  • оддий ёзма шаклда - учинчи шахслар учун ҳақ тўлашга йўл қўйилмайди.

Гарчи шуниси ойдинки, ушбу мезон дастлаб кўзланган мақсад – даромадни яширишни бартараф этиш учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни жорий таҳририда норма мантиқсиз ва моҳиятан, камситувчи.

Ва ниҳоят, асосий муаммо – ушбу банд айбсизлик презумпциясига кўндаланг қўйилган. Моҳиятига кўра, биз юридик жавобгарлик тўғрисидаги норма билан муносабатда бўламиз. У қуйидагиларни белгилайди:

  • ҳуқуқбузарликнинг холис томонини, яъни ноқонуний қилмиш – етказиб берувчини четлаб ўтиб, кейинчалик ҳисобга ўтказиш билан учинчи шахс фойдасига ҳақ тўлаш (Е-тижоратдан ташқари);
  • ҳуқуқбузарлик субъектларини, яъни жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар – тижорат банки, шунингдек даромадни яширишда айбдор бўлган шахслар;
  • санкциялар – қонун ҳужжатларида назарда тутилган даромадларни яширганлик учун жавобгарлик чоралари .

Бироқ шу билан бирга:

а)  учинчи шахс номига ҳақ тўлаш далилининг ўзи даромадни яшириш деб ҳисобланиши мумкин эмас. Етказиб берувчи сотиб олувчидан тўловни талаб қилиш ҳуқуқидан ўзи қарздор бўлган учинчи шахс фойдасига воз кечишга ва мажбуриятларни ҳисобга ўтказишга ҳақли. Бу мутлақо қонунийдир . Тўлиқ рўйхати СКнинг 223-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳаракатлар даромадни яшириш деб эътироф этилади;

б) фақат қуйидаги ҳолларда банк ҳуқуқбузарликка шерик ҳисобланади:

  • даромадларни яшириш ҳолати мавжуд бўлса – яъни СКнинг 223-моддаси 3-қисмида кўрсатилган ҳаракатларнинг биттаси ёки бир нечтаси содир этилган бўлса;
  • банк ходимлари учинчи шахс номига тўлов даромадларни яшириш учун амалга оширилаётганлиги билишган бўлса ва уни ўтказган ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этилишига кўмаклашишган бўлса.

Бошқача айтганда, ноқонуний фаолият ҳолати, иштирокчилар доираси ва уларни айби ҳар бир алоҳида ҳолатда ўрнатилиши ва исботланиши керак. Акс ҳолда ҳеч ким жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Хулоса

Август-сентябрь ойларида ҚҲТБТ порталида тузатишлар билан қонун лойиҳаси, шу жумладан Фуқаролик кодексига тузатишлар муҳокама қилинди. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар орасида – ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-банди 1-хатбошисида назарда тутилган нормани сўзма-сўз ФКнинг 794-моддасига ўтказиш. Шу тариқа, унинг юридик кучини оширишни ва катта эҳтимол билан, унинг ижроси устидан назоратни кучайтиришни режалаштиришмоқда. Бу қандай муаммоларга айланиши, юқорида баён этилди.

Параллел равишда ФКнинг янги таҳрири устида иш ниҳоясига етказилиши керак эди. Умид қиламизки, ишлаб чиқувчилар барча маънода низоли бўлган ушбу нормани унга қўшишмаган. ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-бандини эса танқидий қайта кўриб чиқиш керак: аниқроқ ифодалаш ёки бутунлай бекор қилиш лозим .

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /uz/publish/doc/text163993_uchinchi_shahslar_bilan_tulovlarni_hisobga_utkazishga_taqiqning_muammolari_va_ziddiyatlari