Корхона ҳар гал акцизости товарларини импорт қилганда, ЁММ сотиб олганда ёки мобиль алоқа хизматлари учун ҳақ тўлаганда, ҳисобварақ-фактура ёки БЮДда акциз солиғи акс этади. Сотиб олувчи корхона унинг ҳисобини қандай юритиши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг эксперти Дилором САИДОВА гапириб берди:
- Қийматига акциз солиғи киритилган товарларни ёки хизматларни олишда уни ушбу товарларнинг (хизматларнинг) қийматига киритинг. Бу сиз:
Акциз солиғи тўловчилар учун солиқ бўйича чегирма 2019 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинган 24.12.2018 й. ЎРҚ-508-сон.
АВ қийматида акциз солиғи ҳисоби
Импорт қилинаётган асосий восита товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки БЮДда кўрсатилган қийматдан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги МБ курси бўйича қайта ҳисоблаб – сотиб олиш бўйича бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда кирим қилиниши керак 5-сон БҲМС 13-б.. Акцизости товарлар учун бундай харажатлар жумласига акциз солиғи ҳам киради.
Вазият
Импорт ускуна сотиб олинди
Корхона шартномага асосан 10 минг АҚШ долларига ускуна сотиб олди. Божхона расмийлаштируви, етказиб берувчига ҳақ тўлаш ва бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш пайтида МБ доллар курси 1 АҚШ доллари учун 10 400 сўмни ташкил этди.
АВ объектини кирим қилиш билан боғлиқ харажатларнинг умумий суммаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
импорт қилинаётган акцизости товарларига акциз солиғи - 10 400 минг сўм (104 000 минг сўм х 10%);
божхона божи (20%) - 20 800 минг сўм (104 000 х 0,20);
ҚҚС – 20 280 минг сўм ((104 000 + 10 400 + 20 800) х 15%);
божхона расмийлаштируви учун йиғим – 260 минг сўм;
сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар – 5 529,5 минг сўм ҚҚСсиз.
Бухгалтерия ҳисобига ускуна 140 989,5 (104 000 + 10 400 + 20 800 + 260 + 5 529,5) минг сўм қиймати бўйича қабул қилинади. Яъни акциз солиғи ускуна қийматига киритилади.
Корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланади, шу боис ҳисобга олиш қоидаларига риоя қилинган тақдирда 20 280 минг сўм миқдорида тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олади (АВнинг бошланғич қийматига киритмайди).
Акциз солиғининг ТМҚ қийматида ҳисоби
Агар корхона кейинчалик реализация қилиш (қайта ишлаш) учун акцизости товарлар ёки хом ашё сотиб олган бўлса, акциз солиғини уларнинг таннархига киритинг 4-сон БҲМС 15-б..
Вазият
ТМҚ импорти
Корхона кейинчалик қайта ишлаш учун нефть маҳсулотларини импорт қилди. Импорт қилиш чоғида божхона тўловлари, жумладан акциз солиғи ва ҚҚС тўланди. Корхона – ҚҚС тўловчиси, шу боис тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш қоидаларига риоя қилинган тақдирда ҳисобга олиши мумкин. Акциз суммасини ТМҚ қийматига киритиш зарур 4-сон БҲМС 15-б..