Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
СОРЖ-199 бўйича қарзни нима қилиш мумкин?
ДСҚнинг СОРЖ-199 бўйича қарз мавжудлиги тўғрисидаги маълумотномасидаги ёзув ҳар доим кутилмаган бўлади ва талай саволлар туғдиради: “Қаердан?”, “Бу нима дегани?”, “Буни нима қилиш мумкин?”. Айниқса солиқларни тўлаган бўлсангиз ва асл мақсадига кўра, сизда қарз мавжуд бўлмаслиги керак бўлса.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бўлим бошлиғи Ўткир НИЁЗОВ тушунтирди:
- ДСҚ томонидан берилган маълумотномадаги бундай ёзув ҳар доим солиқ тўловчи солиқни СКда белгиланган муддатлардан кечроқ тўлаганлигини ёки унда солиқ қарзи мавжудлигини билдиради. Қаерда солиқ қарзи мавжуд бўлган бўлса ёки мавжуд бўлса, СКнинг 110-моддасига асосан пеня ҳисобланади. Қаерда пеня бўлса, ҳар доим Солиқ органларини ривожлантириш жамғармасига (СОРЖ) тўлов бўлади.
Гап алоҳида ҳисобвараққа ўтказиладиган, ҳисобланган пенянинг 40%и миқдоридаги мажбурий ажратма хусусида бормоқда . Пенянинг қолган 60%и СКнинг 110-моддасига асосан тўлов муддати ўтказиб юборилган солиқ суммаси ҳисобварағига тўланади.
Қоидага кўра, бундай маълумотномаларда ҳисобланган солиқ ва солиқ ҳисобварағига тўланадиган пенянинг бир қисми (60%), суммада кўрсатилади. СОРЖга тўлов барча маълумотномаларда алоҳида сатрда ажратилиб кўрсатилади.
Солиқ бўйича қарз, пеня ва СОРЖга тўловни солиқ органларининг ахборот тизими автоматик равишда ҳисоблайди. Бироқ ушбу қарзни сўндириш – солиқ тўловчининг вазифаси. У иккита тўловни амалга ошириши керак: биринчиси – у бўйича қарз мавжуд бўлган ёки мавжуд солиқнинг ҳисоварағига, иккинчиси – СОРЖ ҳисобварағига.
СОРЖни тўлаш бўйича муаммолар, қоидага кўра, жисмоний шахсларда ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш бўйича юзага келади. Хатар гуруҳида биринчи навбатда тўловни кечиктирган ва бунда йил бошида солиқ органи томонидан ёзиб берилган хабарнома асосида тўлов мобиль илова ёрдамида тўлаганлар бўлади. Улар шунчаки ҳисобланган пеняни ва СОРЖга тўловни кўришмайди.
Солиқлар бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳолати тўғрисидаги ҳаққоний ахборотни my.soliq.uz да солиқ тўловчининг шахсий кабинетида олиш мумкин. Шахсий кабинетнинг бош саҳифасида “Ҳисобварақларнинг жорий ҳолати” бўлими мавжуд, “Таққослаш далолатномаси ва шахсий карточкалардан кўчирмалар” ҳаволаси бўйича ҳисобланган солиқлар ва қарз ҳақида батафсил ахборот олиш мумкин.
Қоидага кўра, жисмоний шахслар берадиган яна битта саволга эътибор қаратамиз – СОРЖга тўловнинг миқдори ҳақида. Сумма – катта эмас, бироқ битимни расмийлаштиришда қарзнинг мавжуд эмаслиги текширилганда, муайян ноқулайликлар келтириб чиқаради. Янада ойдинлаштириш учун мисолда ҳисоб-китоб қиламиз.
Таъкидлаб ўтаманки, амалиётда солиқ тўловчи ҳеч қандай ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт эмас – уларнинг барчаси солиқ органларининг ахборот тизими томонидан автоматик тарзда амалга оширилади. Тўланиши лозим бўлган суммани солиқ тўловчининг шахсий кабинетида кўриб чиқиш мумкин ёки хизмат кўрсатиладиган жойдаги инспектордан аниқлаштириб олиш мумкин.
Хуллас, солиқ тўловчи-жисмоний шахс 2020 йил учун ер солиғининг 500 минг сўм миқдоридаги иккинчи қисмини 15 октябрга қадар тўлаши даркор эди. Бироқ қандайдир сабабларга кўра у буни 26 октябрда амалга оширди.
СКнинг 110-моддасига мувофиқ ахборот тизими муддати ўтказиб юборилган 11 кун учун пеня миқдорини ҳисоблайди. МБнинг асосий ставкаси материални эълон қилиш пайтида 14%ни ташкил этади. Пенянинг фоиз ставкаси шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг (асосий ставканинг) 1/300 га тенг этиб қабул қилинади.
14/300 ни юз улушигача яхлитлаймиз, 0,05 ҳосил бўлади.
Ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади . Бизнинг ҳолатимизда – 1 кун учун 250 сўм (500 000 х 0,05 : 100).
Энди 11 кун учун пенянинг умумий миқдорини ҳисоблаймиз:
11 х 250 = 2 750 сўм.
Шундан кейин СОРЖга тўлов миқдорини ҳисоблаймиз – пеня суммасининг 40%и:
2750 х 40 : 100 = 1 100 сўм.
Пенянинг 1 650 сўм (2 750 – 1 100) миқдордаги қолган суммаси тўланган солиқ (500 000 + 1 650) билан бюджетга тушади”.
Таҳририятдан:
ДСҚ эътиборини жисмоний шахсларда солиқ қарзини тўлашда юзага келадиган мураккабликларга қаратамиз:
1. Терминларни қўллашда бирхилликнинг мавжуд эмаслиги
Солиқлар ва тўловларнинг номлари ҳар жойда – ҳужжатларда ҳам, ахборот тизимларида ҳам – расмий ва бир хил бўлиши керак.
Биз кўриб чиқаётган ажратма расман – “ДСҚнинг моддий ёрдам, ижтимоий муҳофаза, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ундирилган жарималар ва пенялардан ажратма” деб номланади . ДСҚнинг маълумотномаларида у турлича номланиши мумкин – ФРНО ёки СОРЖ. Мобиль иловаларда эса фойдаланиш имконияти бор бўлган тўловларнинг умумий рўйхатида мўлжал олиш яна ҳам мушкул:
Click |
PayME |
Apelsin |
JOYDA |
|
|
|
|
2. Кўпинча СОРЖга ҳисобланган тўлов миқдори тўлов мобиль иловада белгиланган энг кам фойдаланиш мумкин бўлган тўловдан камроқ бўлади. Мисол учун, PayME да энг кам тўлов 500 сўмни ташкил этади, СОРЖга ҳисобланган тўлов эса баъзан базўр 100 сўмга боради. Аниқ ҳисоб-китоблар учун шарт-шароитлар яратиш зарур.
Олег ГАЕВОЙ