Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тасдиқланган коэффициентларнинг кадастр маълумотларига мос келмаслиги муаммоси қандай ҳал этилади
Тошкент шаҳридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқни тўловчилар ДСҚ сайтида солиқ ставкаларининг муайян миқдорлари ҳақидаги маълумотларга ўзгартиришлар киритилганлигига гувоҳ бўлдилар. Энди маҳалла номлари ёнида солиқ солиш зоналари ҳам кўрсатилади. Тасдиқланган базавий ставкалар ва коэффициентларнинг кадастр маълумотларига мос келмаслиги муаммосини қандай ҳал этиш ҳақида buxgalter.uz порталига Тошкент шаҳар ДСБ ресурс солиқлари бўлими бошлиғи Сардор ЭРГАШЕВ сўзлаб берди:
– Айни пайтда ДСҚ сайтида «Юридик/жисмоний шахслар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун белгиланган ставкаларнинг аниқ миқдори» бўлимида Тошкент шаҳри бўйича маълумотлар қисмида техник ишлар олиб борилмоқда.
Яккасарой, Сергели, Бектемир, Миробод ва Олмазор тумани бўйича аввал жойланган маълумотлар тўлдирилади. Натижада солиқ тўловчилар кадастр ҳужжатларига мувофиқ уларга тегишли объектлар жойлашган зоналар учун СКда белгиланган базавий ставкалардан келиб чиққан ҳолда якуний ставкалар тўғрисидаги маълумотларга эга бўладилар.
Масалан, агар маҳалла турли иқтисодий зоналарга тегишли бўлган ҳудудларни бирлаштирадиган бўлса, ДСҚ сайтидаги мавжуд маълумотларга ушбу маҳалланинг бошқа иқтисодий зоналарга тегишли ҳудуди учун ставкалар тўғрисидаги маълумотлар ҳам қўшилади.
Шунингдек пойтахтнинг бошқа туманлари бўйича тўлиқ маълумотлар ҳам жойлаштирилади.
Бунда солиқ тўловчилар ДСҚ сайтида ахборотларни жойлаштириш бўйича ишлар якунлангунга қадар солиқни ҳисоблашлари мумкин.
Бунинг учун:
- Объектингиз жойлашган жойдаги солиқ солиш зонасини аниқлаштиринг (кадастр ҳужжатларини қаранг ёки kadastr.uz сайтидаги интерактив хизматдан фойдаланинг);
- СКнинг 429-моддасида сизнинг зона учун белгиланган базавий ставкани аниқланг;
- Халқ вакиллари томонидан солиқ солинадиган зонангиз учун белгиланган коэффициентни аниқлаштиринг. Бунинг учун ДСҚ сайтида ўз маҳаллангизни топинг ва «Халқ вакиллари томонидан белгиланган коэффициент» устунидаги қийматни кўринг;
- Базавий ставкани коэффициентга кўпайтиринг. Натижа объектингиз учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкасининг аниқ миқдорини ифодалайди.
Ер участкаси бўйича кейинги ҳисоб-китобларни СКда белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга ошириш лозим.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.