Маслаҳатлар

Хизмат сафари гувоҳномаси керакми?

07.07.2021

Суткалик, хизмат сафари харажатларини, шунингдек йўлкира ҳақини (тақдим этилган чек ва чипталарни ҳисобга олган ҳолда) хизмат сафари гувоҳномасисиз  қоплаб бериш мумкинми? 

Мазкур саволга  «Норма» эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб беради:


– Ўзбекистон Республикаси ичкарисидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқномада республикамиз бўйлаб амалга оширилган хизмат сафарларида хизмат сафари гувоҳномаси бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Хусусан:

  • Ходимларни хизмат сафарларига юбориш ушбу ташкилотларнинг бошлиқлари томонидан амалга оширилади. Бунда буйруқ ва Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштирилади ;
  • Хизмат сафарига юборилган жойда ҳақиқатда ўтказилган вақт хизмат сафари жойига келган ва хизмат сафари жойидан кетган кунларни хизмат сафари гувоҳномасига белги қўйиш орқали аниқланади. ;
  •  Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида аванс (бўнак) ҳисоботини тақдим қилиши шарт. Ушбу ҳисоботга белгиланган тартибда расмийлаштирилган хизмат сафари гувоҳномаси ва хизмат сафарида ҳақиқатда қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади .

Албатта, гувоҳнома йўқотилган вазиятлар ҳам бўлади (ўғирлаш, йўқотиш, ходимнинг эътиборсизлиги). Бу ҳолатда хизмат сафарига юборилган ходимдан тушунтириш хати олиш тавсия этилади.

Агар раҳбар сафарга юборилган ходим қўйилган вазифани бажарди, деб ҳисобласа  (шартномани имзолади, намуналарни олиб келди ва ҳ.к.з.) ва у ҳақиқатдан ҳам ўзига топширилган ишни уни юборишган шаҳар ва ташкилотларда амалга оширган деб топса, унда раҳбар хизмат сафари харажатларининг ўрнини қоплаш ва кундалик харажатлар учун тўлов бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бунда, корхона солиқ хатарларига дуч келмаслиги учун қилинган харажатларнинг иқтисодий сабабини аниқлаштириб қўйиш лозим .

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомда  хизмат сафарини тасдиқловчи ҳужжатлар орасида хизмат сафари гувоҳномаси тилга олинмаган:

  • Ходимни хизмат сафарига юбориш учун ташкилот раҳбари томонидан буйруқ чиқарилади ва хизмат сафари режа-топшириғи тасдиқланади ;
  • Талаб қилиб олунгунча депозит ҳисобварағидан нақд хорижий валютани олиш учун ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатувчи ваколатли банкларга қуйидаги ҳужжатлар (ёки улардан кўчирма) тақдим этилади :

- хизмат сафари харажатларини қоплаш учун маблағларни бериш ҳақида ариза;

- хизмат сафарига юбориладиган ходимларнинг фамилиялари, исми-шарифининг бош ҳарфлари, хизмат сафарига юбориладиган жой ва хизмат сафарининг муддати кўрсатилган ҳолда хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

- ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери (бухгалтери) томонидан тасдиқланган хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китоби;

- ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланган хизмат сафари режа-топшириғи;

- таклиф қилаётган томоннинг мазкур сафарни молиялаштириш шартлари (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган хатлари, факслари ва телексларининг нусхалари;

Бўнак ҳисоботида кўрсатиладиган барча харажатлар тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар билан, шунингдек делегация раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши керак 

 

 

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг
Ёрдам