Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Чет эллик жисмоний шахслардан хизматлар олинганда ҚҚС тўланадими
Кўпинча корхоналар чет эллик жисмоний шахслар билан хизматлар, масалан, IT, маслаҳат, таълим хизматлари ҳамда онлайн форматдаги бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича ДХШ шартномаларини тузадилар. Мазкур битимда хизматлар учун ҳақ тўлаган юридик шахс ҚҚС бўйича солиқ агенти ҳисобланадими? Мазкур ҳолатда хизматларни реализация қилиш жойи аҳамиятга эга бўладими?
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан МВ бевосита солиқлар услубияти бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:
– ҚҚС тўловчилар рўйхати тўлиқ берилган. СКнинг 237-моддасига мувофиқ қуйидагилар ҚҚС тўловчилар ҳисобланади:
1) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;
2) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган ёхуд ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар;
3) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон Республикаси эътироф этилса;
4) фаолиятни Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари;
5) оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича — оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкатнинг иштирокчиси.
Бунда СКда белгиланган ҳолатларда ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятлари айрим солиқ тўловчилар учун солиқ агентлари томонидан бажарилади. СКнинг 255-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди реализация қилиш жойи бўлган хизматлар солиқ тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобда турмаган, бироқ ҚҚС тўловчиси ҳисобланган чет эллик шахслар томонидан реализация қилинганда солиқ агенти томонидан ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлаш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби белгиланган.
СКнинг 237-моддаси 1-қисмига мувофиқ чет эллик шахслардан чет эл юридик шахслари ҚҚС тўловчиси ҳисобланадилар. Жисмоний шахслардан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар ҚҚС тўловчилар ҳисобланади.
СКнинг 31-моддасига мувофиқ «белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади». Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахснинг мажбурияти ФКнинг 24-моддасида белгиланган. Унга мувофиқ «фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир».
Тадбиркорлик субъекти, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби 9.02.2017 йилдаги 66-сон ВМҚда белгиланган. Унга мувофиқ тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларини белгиланган тартибда Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари ҳисобланади.
Шу тариқа, СКга мувофиқ хорижий мамлакат қонунчилигига мувофиқ тадбиркор ҳисобланган чет эллик жисмоний шахс Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлмайди, сабаби у мамлакатимизда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган. Демак, мазкур шахс СКнинг 237-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.
– Чет эллик жисмоний шахс хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъекти ҚҚС бўйича солиқ агенти сифатида қаралиши мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас, сабаби солиқ агенти солиқ тўловчи учун мажбуриятларни бажаради, бироқ хорижий мамлакат қонунчилиги бўйича якка тартибдаги тадбиркор бўлган чет эллик жисмоний шахс Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди.
Шу боисдан мамлакатимизда белгиланган тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган чет эллик шахслар ҳақида сўз борганда, уларга тўланадиган даромадларга Солиқ кодексидаги жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш тартибини белгиловчи қоидалар қўлланилади.
– Норезидент ҳисобланган чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни олишга доир битим бўйича ушбу хизматларни реализация қилиш жойи аниқланиши лозимми?
– Йўқ шарт эмас, сабаби СКда ҚҚС солинадиган объектни аниқлаш мақсадида хизматлар кўрсатиш жойини белгилаш лозимлиги назарда тутилган СК 238-м. 1-қ.. Норезидент жисмоний шахс ҚҚС тўловчиси бўлмаганлиги сабабли ҚҚС солинадиган объектни аниқлашда хизматлар кўрсатиш жойи аҳамиятга эга бўлмайди.
Баён этилганларни ҳисобга олган ҳолда, агар Ўзбекистон тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмаган чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни харид қилади. Бунда:
- мазкур чет эллик шахс Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи ҳисобланмайди;
- чет эллик жисмоний шахснинг хизматларига ҳақ тўлайдиган Ўзбекистон тадбиркорлик субъекти ҚҚС бўйича унинг солиқ агенти ҳисобланмайди».