Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Имтиёзлар ЭҲФда қаерга “яширинади”
Электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган имтиёзлар нафақат ҳужжатни шакллантиришда, балки кейинчалик у билан ишлашда ҳам кўриниши керак. Buxgalter.uz илтимосига биноан ушбу позицияни солиқ маслаҳатчиси Гульнора ЭРГАШЕВА асослаб берди.
– 2021 йил апрелдан бошлаб ҚҚС бўйича имтиёз солиқ бўйича ҳисоб-китобда тўғри акс эттирилиши учун уни ЭҲФни шакллантиришда кўрсатиш зарур. Баъзан бухгалтер имтиёз кодини хато кўрсатади. Пировардида ҳисоб-китобда хатоларга олиб келадиган бошқа вазиятлар ҳам бўлиши мумкин.
Менда амалиётда шакарни бутун мамлакат бўйлаб кўплаб савдо шохобчалари орқали реализация қиладиган ташкилот билан ҳолат бўлган. Бухгалтер имтиёз кодида хато қилган. Нимадир нотўғри бўлганини солиқ бўйича ҳисоб-китобни топширишганда сезиб қолишди. Хатони топиш эса жуда қийин бўлди, сабаби ҳисобварақ-фактураларни юклашда қўлланилган имтиёзлар тўғрисида маълумот йўқ.
Агар у бу ерда бўлганда, ҳужжатни аниқлаш меҳнат талаб қилмасди. Хатони излашга, ташкилотда ҳар ойда юзлаб расмийлаштириладиган барча ҳисобварақ-фактураларни текширишга кўп вақт кетди.
Амалий нуқтаи назардан ЭҲФни расмийлаштиришда қўлланилган имтиёзни ҳужжат билан ишлашда исталган вақтда кўриш мумкин бўлганда, жуда қулай бўларди. Бугунги кунда биз уни фақат ҳисобварақ-фактурани шакллантиришда кўрамиз.
Қисман ЭҲФнинг тасдиқланган шаклида имтиёзлар, МХИК, товарларнинг идентификация рақамлари (штрих-кодлари) учун махсус устун назарда тутилмаганлиги учун шундай рўй беради. Ушбу реквизитлар кейинроқ - ҚҚС маъмуриятчилигини такомиллаштириш чоғида киритилган.
Бинобарин, қўлланилган имтиёзлар ва МХИК кодлари тўғрисидаги маълумот аниқ ҳисобварақ-фактура бўйича ахборотга ҳар гал мурожаат қилганимизда акс эттирилиши учун 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган шаклни қайта ишлаш зарур. Афтидан, ДСҚ шаклга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга шошилмаяпти, сабаби аввал барча янгиликларни амалиётда ишлаб кўрмоқчи.
Бироқ ҳатто ушбу вазиятда ҳам, назаримда, идоранинг солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратишга ва имтиёз ҳеч бўлмаганда ҳужжат айланиши оператори дастуридан ҳисобварақ-фактураларни юклашда акс эттирилишини таъминлашга имконияти бор.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади