Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб УКни тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпайтириш мумкин
Хорижий инвестор - Ўзбекистон корхонасининг ягона таъсисчиси. У устав капиталини олдинги йилларнинг тақсимланмаган фойдаси ҳисобига кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳолда УКга йўналтирилган маблағлардан дивиденд солиғини ушлаб қолиш зарурми? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бош давлат солиқ инспектори Алишер ЮЛДАШЕВ тушунтирди:
- Тақсимланмаган фойдани устав капиталини кўпайтиришга йўналтириш учун, ушбу маблағлар дастлаб таъсисчининг мулкига айланиши керак. Бинобарин, аввал тақсимланмаган фойдани дивидендлар сифатида тақсимлаш зарур, сўнгра таъсисчи уларни олмайди, балки устав капиталини кўпайтиришга йўналтиради. Юридик шахс таъсисчисининг ушбу юридик шахснинг ўз капитали ҳисобига УК ошган тақдирда улуш номинал қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари дивидендлар деб эътироф этилади .
Фойдани дивидендлар сифатида тақсимлаш ва уларни устав капиталини кўпайтиришга йўналтиришни таъсисчининг битта қарори билан расмийлаштириш мумкин.
Фойдани дивидендларга тақсимлашда хорижий инвесторда солиқ агенти-Ўзбекистон корхонасида норезидентлар даромадларидан олинадиган солиқ солинадиган даромад юзага келади . Солиқ ставкаси - 10% .
Шунингдек, мазкур вазиятда халқаро битимлар қоидаларини ҳисобга олиш зарур. Хусусан, Ўзбекистон ва таъсисчининг давлати ўртасида даромадларга иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида битим тузилган. Ушбу ҳужжатга асосан мазкур даромадларнинг ҳақиқий эгаси ҳисобланган инвесторга тўланадиган дивидендлар тарзидаги даромадларга Ўзбекистон Республикасида 10% ставка бўйича солиқ солинади. Шундай йўл тутиш лозим”.
Ўзбекистон ва хорижий компанияларнинг резидентлик давлатлари ўртасида тузилган халқаро шартномалар Ўзбекистон ва мазкур давлатлар миллий қонунчилиги устидан устуворликка эга.
Хорижий инвесторлар иштирокидаги вазиятларни таҳлил қилишда албатта даромад ва капиталга иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро битимларнинг қоидаларини ҳисобга олинг.