Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Сизга қачон текширув билан келишларини билиб олинг
Энди тадбиркорлик субъектларининг бўлғуси текшируви ҳақидаги ахборотни СМС орқали олиш мумкин. Ушбу ахборотни олишнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд. Улардан қандай фойдаланиш ҳақида buxgalter.uz шарҳида ўқинг.
Барча сервислар ишини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) мувофиқлаштиради. Маълумотлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидан тақдим этилади.
Агар хўжалик юритувчи субъектга нисбатан текширув режалаштирилган бўлса, у Ягона ахборот тизими томонидан берилган текширув коди, текширувчи орган номи ва текширув муддатлари ҳақида маълумотларни ўз ичига жамлаган хабарни олиши мумкин.
Бунинг учун қуйидаги усуллардан бири орқали сўров юбориш зарур бўлади:
- бизнес-омбудсман сайтидаги “Текширувлар ҳақида маълумотлар” сервиси ёрдамида. Бунинг учун тегишли майдонда ташкилотнинг СТИРини киритинг ва “Текшириш” тугмасига босинг. Жавоби дарҳол чиқади;
- @tekshiruvinfo_bot Телеграм-боти орқали. Ундан фойдаланиш бўйича Йўриқномадан сиз ботни фаоллаштирган заҳоти фойдаланишингиз мумкин;
- “СТИР: 000000000” матни билан (ноллар ўрнига зарур рақамларни киритинг) 4064 қисқа рақамига SMS-хабар орқали. Икки нуқтадан кейин рақамлардан олдин албатта бўш жой қолдиринг. У СМС жўнатилгандан кейин 10-15 дақиқа ичида келиши керак.
Манбага қаранг.