Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
КПКдан мақсадли фойдаланилмаганда қандай муаммолар юзага келиши мумкин
Корпоратив банк пластик картаси – юридик шахслар учун қулай ҳисоб-китоб қилиш воситасидир. Шу билан бирга бухгалтернинг «бош оғриқ»ларидан бири ҳамдир. КПКдан мақсадли фойдаланилмаганда қандай муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «ARKAD AUDIT» консалтинг компанияси директори Наталья ТУРАЛИНОВА сўзлаб берди:
– Бухгалтерия ҳисобини тиклаш амалиётимиз бўйича иш бошлашдан олдин қайси моддалар бўйича ЖШДСга оид қўшимча ҳисоблашлар бўлишини ҳамда ҚҚС ва фойда солиғи бўйича чегириб ташлаш ҳуқуқи йўқотилишини айтиш мумкин. Биринчи навбатда бу – КПК бўйича пул маблағларининг мақсадсиз сарфланиши.
Бунда биргина ечим мавжуд – корхонада ички ҳужжатлар айланиши бўйича аниқ регламентни жорий этиш ва ходимларни унга бўйсунишга мажбур қилиш. Агар тартиб бўлмаса, бухгалтер пухта иш юритмаганлиги сабабли корхонада солиқлар қўшимча ҳисобланиши тайин.
Бироқ солиқлар КПКдан пул маблағлари мақсадсиз сарфланиши сабабли юзага келадиган ягона хатар эмас.
КПКдан мақсадсиз фойдаланганлик учун жиноий иш очилиши мумкин
2015 йилда бухгалтер ташкилот учун эҳтиёт қисмларни харид қилиш учун КПКга 60 млн сўм ўтказди. Бир кун ўтгач ҳисобдор шахс аванс ҳисоботини топширди, уни савдо шохобчасидаги терминал чеки билан тасдиқлади. Бухгалтер чекда терминал эгаси бўлган якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилиясини кўрди холос. Аслида ушбу савдо шохобчасида нималар сотилишини чек бўйича аниқлашнинг имкони бўлмади.
Бухгалтер эҳтиёт қисмларни кирим қилишдан олдин омбордан ёзма шаклдаги тасдиқни сўради. Моддий жавобгар шахс – омбор мудири эҳтиёт қисмлар омборга келиб тушганлигини ёзма шаклда тасдиқлади. Бундай назорат чоралари қўлланилгандан кейин бухгалтерда пул маблағлари мақсадли ишлатилганлигига шубҳа қолмади ва эҳтиёт қисмлар ҳисобга қабул қилинди.
Икки ҳафта ўтгач бу ишда иштирок этган барча шахслар жиноий жавобгарликка тортилди, бухгалтер эса гувоҳ сифатида чақирилди. Маълум бўлишича, харидор алкоголь маҳсулотлари сотиладиган дўконда пулларни кичик фоиз эвазига нақдлаштирган экан. Сўнгра эҳтиёт қисмларни пул ўтказиш йўли билан олинадиган нархдагига нисбатан анча арзонроқ нархда нақд пулга сотиб олган, бундан 1,5 минг АҚШ долларни ишлаб олган. Аванс ҳисоботи билан бирга дўкон чекини тақдим этган. Банк ходими алкоголь маҳсулотлари сотиладиган шохобчада катта миқдорда пул ечилганлигини кўриб, йўриқномага кўра тегишли департаментга хабар берган. Харидор суд қилинган.
Албатта, бугунги кунда бу воқеа ҳақиқатдан йироқдек туюлади. Нима учун? Айнан электрон ҳужжат айланиши жорий этилиши билан имконият яратилган ДСХОнинг кучайтирилган назорати туфайли шундай бўлади.
Бироқ, бухгалтер ҳозирги кунда ҳам тасдиқловчи ҳужжатларни ўз вақтида йиғмаслик, бунга совуққонлик билан муносабатда бўлиш фирибгарликка олиб келиши мумкинлигини англаб етиши лозим.
Шундай саволни ўзингизга беринг: қайси биримиз моддий активларни кирим қилаётганда ТТЮ ва омбор ходимининг ёзма шаклдаги юкхатини тақдим этишни талаб қиламиз? Қоидага кўра, бухгалтер электрон ҳисобварақ-фактурани ўзи қабул қилиб олади, кўзи билан кўрмаган нарсани кирим қилади ва тизимда аванс ҳисоботини тузади. Кейин эса нохуш ҳолатлар юзага келганда ажабланади.
Шу боисдан, бизнес раҳбар корхонанинг пул маблағлари ҳисоби очиқ-ошкора юритилишидан манфаатдор бўлса, айнан унинг қарори билан ички ҳужжат айланиши регламенти жорий этилиши лозим.
Мулкдор қонуний равишда солиқларни камайтиришни хоҳламаганда
Мулкдор ёки раҳбар шахсий эҳтиёжлари учун КПКдан маблағ сарфлайдиган бўлса, бугунги кунда буни яширишнинг имкони йўқлигини тушуниши лозим.
Амалиётдан мисол келтирамиз: бизнес раҳбар оилавий тушликлар ва нонушталар учун мунтазам равишда КПКдан тўлайди. Бунга шахсий харидлар, масалан балиқ тутиш учун олинган қимматбаҳо қармоқлар ҳам киради. Бухгалтер бу харидни қандай қилиб корхона фаолиятига боғлашни ўйлаб, уни ҳисобда қандай акс эттириш устида бош қотиради. Бунинг мақбул ечими чегирилмайдиган харажат сифатида кўрсатишдир, бунда ЖШДС бўйича қўшимча ҳисоблашлар юзага келади , фойда солиғини ҳисоблашда чегирма бўйича йўқотишлар ҳамда ҚҚС бўйича ҳисобга қабул қилинган суммалар юзасидан йўқотишлар бўлиши мумкин .
Бунда шуни ёддан чиқармаслик керак – ташкилот жисмоний шахсларга шахсий мақсадларда фойдаланиш учун берилган ташкилотнинг мол-мулки бўйича ҳисобга олиш ҳуқуқини йўқотади .
Мулкдор шахсий харидлари учун ўз дивидендлари ҳисобидан ҳақ тўлаганда, солиқларни анча камайтириши мумкин бўлади. Бироқ у солиқ харажатлари ҳаддан зиёд эканлигини билса ва уларни қилишга рози бўлса, бухгалтернинг иши осонлашади. Бухгалтер КПКдан мақсадсиз фойдаланилганлигини қандайдир йўллар билан яширишга уринмасдан фақатгина солиқларни қўшимча ҳисоблайди холос.
Хулоса
КПКдан амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар бўйича белгиланган тартибга риоя этилишида, аввало, бизнес эгаси манфаатдор бўлиши лозим. Зеро, солиқ унинг даромадларидан тўланади. Бухгалтер КПК ҳисобини соддалаштириши лозим – мақсадли фойдаланишни тўғри акс эттириши ҳамда КПКдаги маблағлардан мақсадсиз фойдаланилганда солиқларни қўшимча ҳисоблаши керак.
21 ва 24 сентябрь кунлари Наталья ТУРАЛИНОВА «Ҳаммаси КПК тўғрисида» циклидан иккита вебинар ўтказади. Уларда КПК бўйича ҳисоб-китобларнинг бухгалтерия, солиқ ҳисоби ва улар бўйича ҳисоб-китобларни ҳужжатларда расмийлаштиришнинг барча жиҳатларини билиб олишингиз мумкин.
«СБХ» ва «Норма маслаҳатчи» газеталари обуначилари, шунингдек Norma ва Buxgalter Pro дастурий маҳсулотларидан фойдаланувчилар учун вебинарларга кириш – бепул!