Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Эътибор беринг! Ер қаъридан фойдаланувчилар учун янги имтиёзлар
Президент томонидан 6 октябрь куни «Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат билан қандай ўзгартиришлар киритилади?
2021 йил 1 октябрдан бошлаб:
- табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкаси ноль фоиз миқдорида белгиланади;
- юридик шахслар табиий газни импорт қилишда божхона божидан озод қилинади.
2022 йил 1 январдан бошлаб:
- қуйидаги фойдали қазилмалар объектлари бўйича геологик ўрганиш ёки қазиш ишлари учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини танлов савдоларига чиқаришнинг махсус тартиби ўрнатилади:
- углеводородлар;
- қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металлар;
- бошқа турдаги рудали фойдали қазилмалар объектлари.
Бунда сотув суммаси ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун бонус суммаси сифатида қаралади ва танлов савдолари ташкилотчиларининг харажатларини чегирган ҳолда республика бюджетига ўтказилади. Танлов савдолари ташкилотчиси ёки иштирокчилари қонунчиликда белгиланган тартибда фойдали қазилмаларни қазиб олишда (ажратиб олишда) айрим солиқ турлари бўйича солиқ ставкаларини оширилган миқдорда таклиф қилиш ҳуқуқига эга;
- геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди;
- геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови жорий қилинади. Ушбу тўлов ажратилган майдон ва фойдали қазилма турларидан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган миқдорда ҳисоблаб чиқилади;
- фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда уларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ундириладиган тижоратбоп топилма бонуси ва имзоли бонус бекор қилинади.
Бошқа ўзгартиришлар:
Геология-қидирув ишларини амалга оширувчи юридик шахслар ҳамда улар томонидан жалб этиладиган пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қуйидагилардан озод этилади:
- конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш даврида геологик қидирувни амалга ошириш учун зарур бўлган махсус техникаларни вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловларидан;
- конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва махсус техникаларни импорт қилишда божхона божидан.
Президентнинг 28.04.2000 йилдаги ПФ–2598-сон Фармонининг 4-банди 3-хатбошисида нефть ва газ конларини излаш ишларини амалга оширадиган хорижий компанияларга тақдим этилиши белгиланган имтиёзлар углеводород конларини аниқлаш ва қидиришни амалга оширувчи маҳаллий корхоналарга ҳам татбиқ қилинади.
Геология-қидирув ишларини амалга оширувчи юридик шахсларга ҚҚС суммаси СКда белгиланган тартибда, бироқ ариза берилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай қоплаб берилади.
Вазирлик ва идораларга 2021 йил 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига 2022 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритиш топширилди:
- ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини нефть ва табиий газ бўйича 10%гача, олтин ва мис учун 7%гача, вольфрам учун 2,7%гача ва уран учун 8%гача камайтириш;
- ер қаъридан фойдаланувчиларнинг капитал харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олишни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғини жорий этиш;
- янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки 2 йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш, кейинги 3 йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50%ига камайтирилган ставкани қўллаш;
- 2021 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда табиий газ, нефть ва айрим турдаги бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблашда солиқ базасини уларни ташиш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтириш;
- норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини унификация қилиш;
- рента даромади солиғини тўловчи чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга солиқ ҳисобини АҚШ долларида юритиш ҳуқуқини бериш.
Norma.uz материаллари асосида.