Директорнинг жияни бош бухгалтерликка ишга олиниши мумкинми

preview

“Биз давлат компаниясида ишлаймиз. Директор бухгалтерия бўлимига ўз қариндошларини ишга қабул қилмоқчи: бош бухгалтерликка - жиянини, кассирликка - хотинини. Бу қонунийми?” 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

- “Хусусий корхоналар учун чекловлар йўқ, давлат корхоналари учун эса мавжуд.

МКнинг 79-моддасига асосан ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Бунда ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахслар тоифасига қуйидагилар киради:

  • ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар;
  • эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари.
Эътибор беринг
МКнинг 79-моддасидаги қариндошлар рўйхати тўлиқ ҳисобланади ва кенгайтирилиши мумкин эмас.

Масалан, агар давлат корхонаси директори отасининг акасини (амакисини) ўзининг ўринбосари сифатида ишга олса, бу МКнинг 79-моддасини бузиш ҳисобланмайди.

Ушбу нормани қўллашда ҳисобга олиш лозим бўлган иккинчи жиҳат шундан иборатки, тақиқ фақат қариндошлардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида бирга хизмат қиладиган ҳолларга дахл қилади. Бўйсунишни ташкилотнинг штат жадвали, бўлимлар, бўлинмалар тўғрисидаги локал ҳужжатлар ва лавозим йўриқномалари билан аниқлаш мумкин.

Бевосита бўйсуниб ёки назорат остида хизмат қилишни битта корхонада ишлаш билан чалкаштирманг. Мисол учун, давлат ташкилотида яқин қариндошлар ишлайди: ота - бош муҳандис, ўғил - юридик хизмат бошлиғи. Улардан ҳеч бири бошқасига бевосита бўйсунмайди ва назорат остида эмас.

Тегишинча, директор қуйидагиларни ишга қабул қилишга ҳақли:

  • бош бухгалтерликка - ўз жиянини, сабаби у МКнинг 79-моддасида кўрсатилган яқин қариндошлар тоифалари рўйхатига кирмайди;
  • кассирликка - ўз хотинини, сабаби у бевосита бош бухгалтерга бўйсунади , у ҳам кассирликка олинаётган шахсга жиян ҳисобланади, демакки, кассир у билан ўзаро қуда-анда эмас.
Эътибор беринг

Давлат (давлат-акциядорлик) корхоналарининг қариндош-уруғларнинг, агар уларнинг хизматлари улардан бирининг бошқасига бевосита бўйсуниши ёки назорати остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлари рўйxати мавжуд. У 11.03.1997 йилдаги 133-сон ВМҚга 3-илова билан белгиланган.

Улар орасида: алоқадан фойдаланиш корхоналари ва ташкилотлари ходимлари; архив ходимлари, бу муассасаларнинг бош бухгалтерлари, бухгалтерлари ва кассирларидан ташқари; илмий муассасалар ходимлари; ДПМларининг шифокорлари; барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар ва ҳ.к. бор.

 

- Хусусий ташкилотлар локал тартибда бири бошқасига бевосита бўйсунадиган ва назорат қилинадиган қариндошларнинг бирга ишлашига тақиқ қўйиши мумкинми?

- Меҳнат кодекси яқин қариндошларнинг бирга ишлашига тақиқни фақат давлат ташкилотларига нисбатан ўрнатади. Демак, бундай қоиданинг хусусий компанияда жорий этилиши ходимлар аҳволини қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шарт ҳисобланади. МКнинг 5-моддасига асосан меҳнат тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларнинг бундай шартлари ҳақиқий эмас ҳисобланади”.

 

 

Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /uz/publish/doc/text175656_direktorning_jiyani_bosh_buhgalterlikka_ishga_olinishi_mumkinmi