Хўжалик усулида қурилишда ЭҲФ расмийлаштириш зарурми

preview

Корхона ўз эҳтиёжлари учун хўжалик усулида бино қурмоқда. Бажарилган қурилиш ишлари бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш зарурми? 

Саволга “Норма” эксперти Ирина АХМЕТОВА жавоб берди:

 

- “Бинони ўз эҳтиёжлари учун хўжалик усулида (ўз кучи билан) қуришда ҚҚС ҳисоблаб чиқариш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди . Бинобарин, мазкур ҳолда бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш керак эмас.

Агар сиз харажатлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайдиган , ўз эҳтиёжларингиз учун ўз кучингиз билан хизматлар кўрсатсангиз (қурилиш ишларини бажарсангиз), ҳисобварақ-фактура тақдим этиш зарур. Бу ҳолда ишларни бажариш ҚҚС ҳисобланган ҳолда реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади .

Сотиб олишга, ишлаб чиқаришга, қурилишга, монтаж қилишга, ўрнатишга доир ва амортизация қилинадиган активларнинг қийматига қўшиладиган бошқа харажатлар, шу жумладан қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳолларида амалга ошириладиган, амортизация чегирмалари воситасидаги харажатлар жумласига киритиладиган харажатлар истисно ҳисобланади .

 

Мисол
Қурилиш ишларининг ҳар хил турлари ва уларнинг оқибатлари

Ҳисобот ойида ҚҚС тўловчиси бўлган қурилиш корхонаси ўз эҳтиёжлари учун ўз кучи билан қуйидаги қурилиш ишларини бажарди:
а) омборнинг янги биносини қуриш;
b) ўзининг маъмурий биносида таъмирлаш пардозлаш ишлари;
c) корхона ходимлари ишдан бўш вақтда фойдаланадиган спорт майдончасида таъмирлаш ишлари;
d) ходимларнинг дам олиши учун фойдаланиладиган дам олиш зонасида бинони реконструкция қилиш бўйича ишлар.

Оқибатлари:
a) бинони қуришда ҚҚС ҳисоблаб чиқариш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди, бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш шарт эмас.

Қурилиш бўйича харажатлар:
- “Тугалланмаган қурилиш” 0810-счётида жамланади;
- бинони фойдаланишга киритишда - “Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар” 0120-счётига ўтказилади;
- сўнгра амортизация ажратмалари ёки инвестициявий чегирма орқали харажатларга киритилади;

b) маъмурий бинода таъмирлаш ишларини бажаришда ҳам реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди, сабаби маъмурий мақсаддаги асосий воситаларни таъмирлаш харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланади . Ҳисобварақ-фактурани бу ҳолда тақдим этиш шарт эмас;
c) спорт майдончасида таъмирлаш ишларини бажаришда ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма юзага келади, чунки бу - фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатлар . Ушбу ишлар қийматига бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш зарур. ҚҚС бўйича солиқ базаси бу ҳолда ўтган 90 кун давомида реализация қилинган айнан шундай (улар мавжуд бўлмаганда шунга ўхшаш) хизматларнинг ўртача ўлчанган нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Кўрсатилган даврда бундай реализация мавжуд бўлмаганда эса бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади .
d) дам олиш зонасида бинони реконструкция қилиш бўйича ишлар. ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма сифатида ҳисобланмайди. Дам олиш зонаси билан боғлиқ барча харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмаслигига қарамай, мазкур ҳолда бинони реконструкция қилиш бўйича харажатлар унинг бошланғич қийматига қўшилади ва амортизация ажратмалари орқали харажатларга киритилади. Бу ҳолда бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш шарт эмас.