Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Корхона вақтинча бекор қолганда иш ҳақи тўланиши шартми
«Корхона юк автомобилларини таъмирлаш билан шуғулланади. Шундай ҳолатлар бўладики, бир неча ойлаб буюртмалар бўлмайди. Бундай ҳолатларда иш берувчи ходимларга иш ҳақи тўлаши лозимми?».
Вазиятни «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтириб берди:
– «Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган муддатларда тўлаши шарт .
Кўриб чиқилаётган ҳолатда ходимлар томонидан ишлар бажарилмаган. Бироқ бунда уларнинг айби йўқ. Иш берувчи ходимларнинг меҳнатини ташкил қилиши, тегишли меҳнат шароитларини яратиши, ходимларни иш билан таъминлаш учун барча чора-тадбирларни кўриши шарт.
Бизнес у ёки бу сабабларга кўра бекор туриб қолаётган бўлса – бу ходимларни иш ҳақидан маҳрум қилиш учун сабаб бўла олмайди. Бундай вазиятда МКнинг 159-моддаси қўлланилади: унда иш берувчи ходимларнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда уларнинг ўртача иш ҳақини тўлаши шартлиги белгиланган. Бекор туриб қолишларнинг сабабларига қараб ушбу қоидада ҳеч қандай истиснолар қилинмайди. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш тартиби 11.03.1997 йилдаги 133-сон ВМҚга 6-иловада белгиланган. Бекор туриб қолинган вақт учун тўловлар иш ҳақи тўланадиган саналарга ҳисобланади.
Қандай расмийлаштириш керак
Буйруқ чиқаринг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:
- бекор туриб қолиш сабабларини;
- кимларга нисбатан бекор туриб қолиш жорий қилинишини (бутун компанияга, алоҳида бўлинмаларга, сменаларга, ходимларга бир-бир фамилияси билан ва ҳ.к.);
- бекор туриб қолиш бошланадиган ва тугалланадиган саналарни (ёки муайян даврни кўрсатинг, ёхуд бекор туриб қолиш муддати тугашини маълум бир ҳодисага («буюртма келиб тушгунига қадар» ва ҳ.к.) боғлиқлигини келтириб ўтинг;
- бекор туриб қолинган вақт учун тўлов тўлаш тартибини МКнинг 159-моддасига ҳавола билан кўрсатинг.
Бекор туриб қолиш жорий қилинган ходимларни имзо чектириб буйруқ билан таништиринг.
Бекор туриб қолиш далилини ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттиринг. Бунда табель учун қисқартма кўринишидаги шартли белгилар мавжуд эмас, ҳар бир ташкилот уларни мустақил равишда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Ходимларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ёки таътилга чиқариш мумкинми
Кўпгина компаниялар бекор туриб қолинган вақтда ходимларни иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишга мажбур қиладилар. Эслатиб ўтамиз, бундай таътил фақат ходимнинг хоҳишига биноан – унинг ёзма аризасига асосан тақдим этилади. Ходимларни уларнинг аризаларисиз ва фақат иш берувчининг буйруғи билан «иш ҳақи сақланмайдиган таътил»га чиқариш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳисобланади. Шу боисдан ушбу масалани ходимлар билан келишган ҳолда ҳал этиш лозим.
Шунингдек бекор туриб қолинган даврда иш берувчининг ташаббуси билан ходимларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш орқали ушбу масалани ҳал этиш мумкин. Мазкур ҳолатда ходимларга аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланиши лозим .