Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Собиқ ходим республикадан чиқиб кетганда, ЖШДСдаги хато қандай тузатилади
Олдинги бухгалтернинг ҳисоб-китоблари ва ҳисоботларини кўздан кечириш вақтида ходимларга иш ҳақи ҳисоблашда ЖШДС ҳисоб-китобида хатога йўл қўйилганини аниқлашди. Солиқ тўлиқ ушлаб қолинмаган ходим Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган. Бу вазиятда нима қилиш керак?
– СК бўйича даъво қилиш муддати 5 йилни ташкил қилади . Солиқ даври тугагандан кейин ушбу муддат давомида солиқ органи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини ҳисоблаши ёки ҳисобланган суммаларни қайта кўриб чиқиши мумкин.
Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт .
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:
1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;
2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.
Демак, 5 йил давомида корхона, солиқ агенти сифатида, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва кетган ходим учун ўз ҳисобидан тўлиқ тўланмаган солиқни пеняни ҳисобга олган ҳолда тўлаши керак .
Фойда солиғи тўловчилар учун бундай харажат чегирилмайдиган харажатларга киради .
Татьяна ЛИМАРЕВА,
“Норма” эксперти