Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ер участкаси ижара шартномаси E-ijara да қандай ҳисобга қўйилади (йўриқнома)
ДСҚ ер участкаси ижара шартномаларини ҳисобга қўйишга мўлжалланган янги функционални ишга туширди. Тартиб-таомил ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан қуйидаги муайян ҳаракатлар амалга оширилишини талаб қилади.
Ижарага берувчи:
1. Ijara.soliq.uz да шахсий кабинетга киринг.
2. “Ерни ижарага бериш”га босинг.
3. “Ижарага берилаётган очиқ ер майдони тўғрисида маълумот” бўлимида:
– “Кўчмас мулк объекти” сатрида ижарага бериладиган ер участкасини кўрсатинг (тушувчи йўл-йўриқдан танланг);
– ижара шартномасига асосан майдонни тўлдиринг: ижаранинг “Бошланиш санаси” ва “Тугаши санаси”, “Кўчмас мулкдан фойдаланиш мақсади”.
“Майдони” устунида ер участкасининг кадастр ҳужжатлари бўйича умумий майдони автоматик тарзда акс эттирилади. Агар ушбу участка тўлиқ ижарага берилмаса, мазкур устунда ҳақиқатда берилаётган майдонни кўрсатинг. “Ижара қиймати”ни тегишли устунда керакли қийматни танлаган ҳолда сўмда ёки БҲМда кўрсатиш мумкин. “Ҳар ойлик тўлов” устунида - унинг қийматини кўрсатинг. Тўловнинг умумий суммаси автоматик тарзда ҳисоблаб чиқилади.
4. “Ижарага берувчи тўғрисида маълумот” бўлимида маълумотлар автоматик тарзда шакллантирилади. Зарурат бўлганда ижарага берувчининг фаолият кўрсатиш манзилини кўрсатиш мумкин. Бунинг учун тегишли жумла олдида белги қўйинг ва қўшимча очиладиган майдонларни тўлдиринг.
5. “Ижарага олувчи тўғрисида маълумот” бўлими ҳам тегишли устунда ижарага олувчининг ЖШШИРи (агар у жисмоний шахс бўлса) ёки унинг СТИРи (агар у юридик шахс бўлса) кўрсатилгандан сўнг автоматик тарзда тўлдирилади.
6. “Жўнатиш” тугмасига босинг.
Ижарага олувчи:
1. Ijara.soliq.uz да шахсий кабинетга киринг.
2. “Ижаралар рўйхати”га босинг.
3. Ўнгдаги менюда “Тасдиқланиши кутилаётган”га босинг.
4. Керакли шартномани топинг, “Ҳужжатлар” устунида “Кўриш”га босинг.
5. Экранда ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома лойиҳаси очилади. Барча маълумотларни текширинг. Агар сиз уларга рози бўлсангиз, “Тасдиқлайман”га босинг. Агар таклиф ва мулоҳазалар бўлса, “Рад этаман”га босинг ва сузиб чиқувчи ойнада рад этиш сабабларини қисқача баён этинг.
Ижарага берувчи йўл қўйилган ноаниқликларни тузатгандан ёки низоли масала бўйича эришилган келишувларга асосан ўзгартиришлар киритгандан сўнг, ижарага олувчи яна гувоҳнома лойиҳасини кўриб чиқиши лозим.
Ҳисобга қўйилган шартномалар рўйхатини ва ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномани тарафлар ўнг менюда “Тасдиқланган” тугмасига босган ҳолда кирувчи/чиқувчи контрактларда топишлари мумкин. Шу ерда ҳисобга қўйиш рад этилган ёки амал қилиш муддати ўтган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар сақланади.
Манбага қаранг.
Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:
– “Ушбу функционал пайдо бўлиши билан солиқ тўловчиларнинг яна бир тоифаси учун қонунчилик талабларига риоя қилиш имконияти пайдо бўлди.
Ертўла ва болохона, шунингдек томдаги майдонлар ижарага олинадиган ҳоллар учун масала ҳал қилинмай қолмоқда. Ушбу тоифа ҳануз ноаниқ вазиятда қолмоқда. Бир томондан - қонунчилик нормалари мавжуд:
- СКнинг 269-моддасига асосан илгари товарларни (хизматларни) олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган, олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасига ушбу товарлар солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки бепул фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланган ҳолларда тузатиш киритилиши лозим;
- 22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚнинг 3-банди “в” кичик бандида айтилишича, солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган ТМЗ қолдиқлари инвентаризациядан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида “солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас” деб баҳоланади.
Бошқа томондан эса - солиқ тўловчиларда ҳозирча бундай ижара шартномасини ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузмаслик учун дастак мавжуд эмас”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади