Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Жисмоний шахснинг устав фондига киритадиган ҳиссасига ЭҲФ расмийлаштирилиши лозимми
«МЧЖ муассислари – жисмоний шахслар хўжалик фаолиятини кенгайтиришни ва бунинг учун устав фондига қўшимча пул маблағлари ва ТМҚлар киритишни режалаштиришяпти. ТМҚлар қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича қабул қилинади. Жисмоний шахслар бўлган муассислардан ТМҚларни қабул қилиб олишда электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиши лозимми?».
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан МВ Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ жавоб берди:
– Йўқ, ушбу вазиятда ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилмайди.
Ҳисобврақ-фактураларни юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни (хизматларни) реализация қилишда расмийлаштиришлари шарт .
Қонун ҳужжатларида жисмоний шахслар томонидан ЭҲФ тақдим этилиши назарда тутилмаган (якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно).
Корхона муассислари бўлган жисмоний шахслар томонидан устав фондига ҳисса сифатида мол-мулк берилганда, мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади. Ушбу далолатнома мазкур операцияларнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш учун асос бўлади.
Далолатномага корхонанинг устав фондига ҳисса сифатида киритилаётган мол-мулк жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилишни тавсия қиламиз. Бу ҳужжатлар жисмоний шахслар бўлган муассисларнинг мулкий даромадларини тўғри аниқлаш учун керак бўлади.