Бош бухгалтер ФҲХ шартнома бўйича ишласа, нима учун жавоб беради

preview

“Мутахассис иккита катта бўлмаган корхонада - ҳар бирида 0,5 ставкадан бош бухгалтер бўлиб ишлайди. Уни яна битта фирмага фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома бўйича худди шу лавозимга қабул қилиш мумкинми? Умуман, бош бухгалтер ФҲХ шартнома бўйича ишлаши мумкинми?”.

 

– Компаниянинг раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш учун ихтиёрига кўра :

  • ўз бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш;
  • шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
  • бухгалтерия ҳисобини юритишни ихтисослаштирилган ташкилотга (аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва уставида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизмат кўрсатиш назарда тутилган бошқа ташкилотлар) шартнома асосида юклаш;
  • бухгалтерия ҳисобини мустақил юритишга ҳақли.

Бунда шуни ёдда тутиш жоизки, шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер компанияда бош бухгалтер бўлиб ишламайди, балки айнан бухгалтерия ҳисоби соҳасида хизматлар кўрсатади.

 

Фарқи нимада

Бош бухгалтер - бу Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ХАЛИКК-2020) бўйича лавозим бўлиб, у меҳнат шартномаси тузилишини назарда тутади.

Ўз навбатида жисмоний ва юридик шахслар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар .

Шу тариқа, бухгалтер билан ходим каби бош бухгалтер сифатида эмас, балки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи сифатида ФҲХ шартномасини тузиш мумкин.

Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади.

Бунда меҳнат шартномаларини юзаки равишда фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномаларга алмаштириш лозим эмас, сабаби бу ҳолда улар буюртмачи-иш берувчи учун барча салбий оқибатлари билан (маъмурий жарима, қўшимча солиқлар ҳисоблаш) меҳнатга оид муносабатларнинг яширин шакли деб эътироф этилиши мумкин.

 

Бухгалтер билан ФҲХ шартномани қандай тўғри тузиш мумкин

ФҲХ шартномани расмийлаштиришда

шартнома предметини аниқ шакллантиринг ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг «ходим», «лавозим», «иш ҳақи», «ишга қабул қилиш», «синов муддати», «меҳнат шартномасини бекор қилиш», «иш режими» сингари ва бошқа атамаларини қўлламанг.

Фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартнома бўйича, меҳнат шартномасидан фарқли равишда, муайян муддатларда индивидуал-аниқ вазифа (топшириқ, буюртма ва б.) бажарилади, якуний меҳнат натижаси эса унинг предмети бўлиб хизмат қилади. Масалан -  тайёрланган бухгалтерия ҳисоботи, иш ҳақи, хизмат сафари харажатлари, таътил пули ҳисоб-китоби ва ҳ.к.

Меҳнат шартномаси бўйича бухгалтер иш куни давомида ўз фаолият соҳасига оид ҳар қандай операцияларни бажарса, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдагиси бўйича – иш кунига боғланмай, фақат буюртмачи топширган индивидуал-аниқ ишни бажаради.

Меҳнат шартномасининг ФҲХ шартномадан асли фарқи шундаки, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар – Меҳнат кодекси билан, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалардан келиб чиқадиганлари эса Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

ФҲХ шартнома тузаётганда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • бухгалтер кўрсатадиган хизматлар рўйхати (шартномага илова шаклида ёки оддий рўйхат кўринишида расмийлаштириш мумкин. Масалан, «барча регистрлар бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, ходимларнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш, солиқлар ва йиғимларни ҳисоб-китоб қилиш, солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш»);
  • бажарилган хизматларни топшириш муддатлари (масалан, «ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатларда амалга оширилади»);
  • ижрочига ҳақ тўланиши (ҳақ қатъий белгиланган ойлик сумма ёки ҳар битта тайёрланган ҳужжат бўйича нархлар кўринишида белгиланиши мумкин);
  • натижаларнинг бажарилган ишлар далолатномаси билан расмийлаштирилиши;
  • ижрочига зарур асбоб-ускуналар, материаллар тақдим этилиши ва ахборотнинг очиб берилиши;
  • буюртмачи ва ижрочининг жавобгарлиги (пеня ёки жарима шаклида).

 

Олий маълумотли бўлиш ва стажга эга бўлиш ҳақидаги талаб ФҲХ шартнома бўйича бухгалтерга нисбатан татбиқ этиладими

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак бўлган корхоналар учун олий маълумот ва муайян иш стажи ҳақидаги талаб қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади :

  • бош бухгалтер – штатдаги ходим;
  • шартнома асосида бухгалтерия ҳисобини юритувчи ихтисослаштирилган ташкилот ходими.

ФҲХ шартнома асосида бухгалтерия ҳисоби бўйича хизматларни кўрсатаётган жисмоний шахсга (ихтисослаштирилган ташкилот ходими эмас) ушбу талаблар татбиқ этилмайди.

 

ФҲХ шартнома бўйича хизматлар кўрсатаётган бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш керакми

Йўқ, ФҲХ шартнома бўйича бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома туза олмайсиз. У фақат меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган, пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш функционал мажбуриятларига кирадиган компания ходими билан тузилади .

Бундай шартномаларни тузиш мумкин бўлган ходимлар тоифалари рўйхати жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра белгиланади. Жамоа шартномаси эса – корхонадаги иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва профессионал муносабатларни тартибга соладиган норматив ҳужжат . Яъни моддий жавобгарликнинг юклатилиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари билан тартибга солинади, шу сабабли фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномага нисбатан қўллаб бўлмайди.

Бироқ ФҲХ шартнома бўйича жалб қилинадиган бухгалтерга зарур асбоб-ускуналар бут сақланишини таъминлаш шарти билан вақтинча топширилиши мумкин. Бу ҳақдаги шарт шартноманинг ўзида қайд этилади.

 

ФҲХ шартнома бўйича бухгалтерга бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқини бериш мумкинми

Компания раҳбарининг ўзи ёки унинг томонидан белгиланадиган шахслар молиявий ва бошқа ҳисоботларни, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятларини, шунингдек пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва топшириш учун ҳужжатларни имзолаши мумкин .

Директор имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга корхонада раҳбарлик функцияларини, иккинчисига -бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув функцияларини бажарадиган шахслар киради. ФҲХ шартнома бўйича бухгалтер компания ходими ҳисобланмаслиги ва меҳнат функциясини бажармаслиги, балки хизматлар кўрсатиши сабабли у бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас деб ўйлаймиз.

Бироқ қонун ҳужжатларида раҳбарнинг, мисол учун, ФҲХ шартнома бўйича бухгалтерга корхона ЭРИсини бериб, солиқ ҳисоботини топшириш учун ишончнома  расмийлаштириши тақиқланмаган. Ёдингизда бўлсин: бу ҳолда тўғри ва ўз вақтида топширилган ҳисобот учун бутун жавобгарлик раҳбарнинг зиммасига юклатилади.

ЭРИ ёрдамида юридик шахс номидан кўп ишларни бажариш мумкин. Шу сабабли ишончнома расмийлаштираётганда бухгалтерга ЭРИ айнан нима учун берилаётганини кўрсатинг. Масалан: «ЭРИдан фақат солиқ органларига ҳисобот топшириш учун фойдаланилади».

ЭРИдан фойдаланган ҳолда йўл қўйилган қонунбузарликлар учун жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасига юклатилади .

ЭРИдан ғайриқонуний (ишончномада белгиланган ваколатларга акс) равишда фойдаланиш натижасида ташкилотга зарар етказилган бўлса, бухгалтер бунинг учун ФҲХ шартнома доирасида ташкилот олдида жавобгар бўлади.

 

ФҲХ шартнома бўйича бухгалтердан жарима ундириш мумкинми

Бухгалтерия ҳисобини юритмаганлик ёки уни ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ҳолда юритганлик учун корхонанинг мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка тортилади  .

Бунинг устига, айрим ҳуқуқбузарликлар учун нафақат мансабдор шахсга, балки корхонанинг ўзига ҳам жарима солинади:

  • солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаганлик ;
  • солиқ базасини яширганлик ;
  • ҚҚС қисмида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузганлик .

ФҲХ шартнома бўйича бухгалтер корхонанинг мансабдор шахси  ҳисобланмаслиги сабабли у маъмурий  жавобгарликка тортилмайди. Барча оқибатлар учун раҳбар ёки корхонанинг ўзи жавоб беради.

Бироқ хизмат кўрсатиш шартномасини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик натижасида етказилган зарарларни қоплаш мажбуриятини ФҲХ шартнома бўйича бухгалтер зиммасига юклаш мумкин. Бу ҳолда зарарлар тўлиқ ҳажмда, бироқ шартнома бўйича хизматлар қийматининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қопланади . Ихтисослаштирилган ташкилот (масалан, аудиторлик ташкилоти) компанияда бухгалтерия ҳисобини юритиш билан шуғулланадиган бўлса, у билан тузилган шартномада ундан ҳам ортиқ жавобгарликни белгилаш мумкин .

Buxgalter.uz тавсия қилади