Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ижарага олувчи ижара ҳақи ҳисобига таъмирлашни амалга оширса
Ижарага берувчи ва ижарага олувчи - фойда солиғи ва ҚҚС тўловчилари. Ижарага олувчи бинони ижара ҳақи ҳисобига таъмирлади.
Бунда ижарага берувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келиши ва у вазиятни бухгалтерия ҳисобида қандай ҳисобга олиши лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА тушунтирди:
– Ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ ижарага олувчининг ушбу мол-мулкни яхшилаш бўйича шартномада келишилган муайян харажатларни ўз ичига олиши мумкин . Бу ҳолда ижара шартномасида ижарага олувчи ижара ҳақи ҳисобига муайян суммага мол-мулкни таъмирлайдиган ёки келишилган бошқа яхшилашларни амалга оширадиган шарт назарда тутилади. Бунда иккала томон бир-бирига хизматлар (ишлар)ни кўрсатади: ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни ижарага беради, ижарага олувчи эса уни таъмирлайди.
Иккала томон бир-бирига кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар)га ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари керак. Бино ижара ҳақи ҳисобига таъмирланиши боис, ижарага олувчи ижара учун таъмирлаш қийматини чегирган ҳолда ҳақ тўлайди. Муқобил ўхшаш талабни ҳисобга ўтказиш амалга оширилади .
Кейинчалик тушунмовчиликлардан қочиш учун таъмирлаш ёки бошқача тарзда яхшилашнинг тури ва қийматини, шунингдек уларнинг қийматини сўндиришнинг даври ва миқдорини (ижара ҳақи ҳисобига қисман ёки тўлиқ) олдиндан келишиб олиш муҳимдир.
Ижара муддати тугагандан кейин ижарага олувчи ижарага олинган бинодаги ўзи амалга оширган яхшилашга даъво қилмаслиги керак.
Ижарага берувчида солиқ оқибатлари
Ижарага берувчи ижарага олувчининг бинони таъмирлаш юзасидан тақдим этган ҳисобварақ-фактурасида ажратилган ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин .
Фойда солиғи солиш мақсадларида:
- агар ижарага олувчи жорий ёки капитал таъмирлашни амалга оширган бўлса, таъмирлаш қиймати (ҚҚС киритилмаган ҳолда) ижарага берувчининг чегириб ташланадиган харажатлари деб эътироф этилади .
- агар ижарага олувчи бинони бошқача тарзда яхшилашни (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар ўрнатиш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқа) амалга оширган бўлса, харажатлар ижарага берувчида бинонинг қийматини кўпайтирувчи капитал қўйилмалар сифатида акс эттирилади .
Бухгалтерия ҳисоби
Таъмирлаш харажатлари ЭҲФ тақдим этилгандан кейин қуйидаги тарзда акс эттирилади:
- ижарага олувчида - ижара хизматларини етказиб берувчига берилган бўнак сифатида;
- ижарага берувчида - ижара шартномаси бўйича олинган бўнак сифатида.