Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
МХИК муаммоларини қандай ҳал қилиш маълум бўлди
“ДСҚ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг “Солиқ маъмуриятчилигининг рақамли технологиялари” Ишчи гуруҳи МХИКни жорий этишнинг долзарб масалаларини норасмий шароитда муҳокама қилиш ташаббуси билан чиқди. Бу ғояни ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВ қўллаб-қувватлади”.
– Инновация ва менежмент марказида 2022 йил 13 августда “ақлий ҳужум” ўтказилди, унда қуйидагилар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди:
– маҳсулот (товар ва хизмат)ларнинг ягона электрон миллий каталогини янада такомиллаштириш;
– солиқ маъмуриятчилигида МХИКни қўллаш.
“Ақлий ҳужум”да 30 киши - ДСҚ мутахассислари, онлайн-НКТга техник хизмат кўрсатиш марказлари вакиллари, ЭҲА операторлари ва амалиётчи бухгалтерлар иштирок этишди. Улар учта гуруҳга бўлиниб, бир хил вазифа ва саволлар олишди. Гуруҳ муҳокамаси натижалари умумий йиғилишларда тақдимот қилинди.
Гуруҳлар ишининг мустақиллигига қарамай, муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларига нисбатан фикрлари ўхшаш бўлди. Барча иштирокчилар МХИК кодларини инвентаризациядан ўтказишни якунлаш вазифасини ажратиб кўрсатишди, унинг натижасида Каталог кенгайтирилиши ва мамлакатимиз бозорида тақдим этилган товарлар ва хизматларнинг барча турларини қамраб олиши керак.
“Ақлий ҳужум” иштирокчиларининг фикрига кўра, қуйидаги нормалар ёзиладиган ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ушбу ишга кўмаклашади:
- ҳар бир маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳамда солиқ маъмуриятчилиги тизимининг маҳсулот ҳақидаги маълумотларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, товар ва хизматлар учун МХИК кодларини шакллантириш ва бериш;
- янгиланган ва янги МХИКни жорий этиш, эскирган ва талаб қилинмаганларини муомаладан чиқариш қоидалари;
- МХИКни ишлаб чиқиш ва қўллаш жараёнида ДСҚ, “Янги технологиялар” ИАМ, ЭҲА операторлари, ТХКМ ва тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлиги.
МХИКдан фойдаланиш инструментларини такомиллаштириш вазифаси долзарб кўринади. Бугунги кунда ЭҲФда МХИК устунини тўлдириш жараёни автоматлаштирилган. Тушувчи йўл-йўриқда tasnif.soliq.uz да шахсий кабинетда шакллантирилган “Танланган МХИК” рўйхатидан барча кодлар тақдим этилган.
Бунинг учун солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Менинг товарларим” ҳаволаси функционалини такомиллаштириш таклиф қилинади:
1) иккита бўлимни назарда тутиш:
- tasnif.soliq.uz да шахсий кабинетдан танланган МХИК билан товарлар рўйхати автоматик тарзда ўтадиган омбор;
- “Омбор” бўлимидан керакли товарларни олиб ўтиш йўли билан МХИКли товарлар рўйхатини шакллантириш имконияти билан дўкон (фискал модуль);
2) “Дўкон” бўлимида шакллантирилган товарлар рўйхатини онлайн-НКТ хотирасига жўнатиш имконини берадиган функционалли тугмани назарда тутиш. Натижада янги рўйхат онлайн-НКТ хотирасидан ўтиши, эскиси эса - олиб ташланиши керак.
Tasnif.soliq.uz да шахсий кабинетда Каталогда МХИК қиймати ўзгарган тақдирда фойдаланувчини амалга оширилган ўзгартиришлар ҳақида хабардор қилган ҳолда танланган МХИКга автоматик тарзда тузатиш киритиш учун имконият яратиш таклиф қилинди.
Каталог билан ишлаш ва МХИК кодларини қўллаш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг МХИК оператори билан ҳамкорлик қилиши муаммоларини ҳал қилиш йўллари кўриб чиқилди.
Мисол учун, tasnif.soliq.uz сайтининг товар ёки хизмат учун МХИК олиш учун ариза жўнатиш бўйича сервис ишини такомиллаштириш таклиф қилинмоқда. Қуйидагиларни белгилаган ҳолда яхшиланишга эришиш мумкин:
- МХИК оператори аризани кўриб чиқиши шарт бўлган муддат (муддат товарларни реализация қилишга тўсқинлик қилмаслиги учун мувофиқ равишда қисқа бўлиши керак, масалан, ариза берилган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида);
- аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича жавобнинг ёзма шакли. Агар сўров рад этилса, рад этиш сабаби аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Агар МХИК оператори янги МХИКни жорий этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса, жавобда мазкур товарга, хизматга қўлланиши зарур бўлган МХИК аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Бунда хўжалик юритувчи субъектда ариза бўйича қабул қилинган қарор юзасидан тезкор тарзда низолашиш имконияти бўлиши керак.
Учрашув чоғида МХИК билан ишлаш учун tasnif.soliq.uz сайти интерфейсини ва бошқа инструментларни такомиллаштириш бўйича бошқа таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.
Уларнинг барчаси солиқ идорасига берилади. Такомиллаштирилган норматив-ҳуқуқий база ва ахборот технологиялари қўйилган вазифаларни ҳал қилишнинг негизи бўлиши керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади