Давлат ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини қандай тўлайди

preview

“Ходима декрет таътилига чиқади. 1 сентябрдан бошлаб сумманинг бир қисми давлат томонидан қопланади. Ушбу механизм қандай ишлайди? Пуллар корхонага келиб тушади, сўнгра ходимага тўланадими? Ҳужжатлар қаерга ва қандай топширилади?”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга Молия вазирлиги департаменти директори  Гулнора МУРОДОВА жавоб берди:

 

– 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб :

  • барча юридик шахсларда (бюджет ташкилотларидан ташқари) охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга нафақа тайинлаш санасида белгиланган минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Молия вазирлиги ҳузуридаги Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади;
  • юридик шахсларнинг ушбу ходималар олдидаги мажбуриятлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.

20.09.2022 йилдаги 515-сон ВМҚ билан Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат, хусусан, қуйидаги шартларни назарда тутади:

1) ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 4 баравари миқдорида Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Ҳозирги кунда МИХ 498 000 сўмни ташкил этади. МИХнинг 4 баравари – 1 992 000 сўм;

2) нафақа тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан:

  • фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмаган ҳолда;
  • ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизимидан олинган электрон маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади ва қабул қилинади. Варақа ходиманинг яшаш жойидаги оилавий поликлиника (қишлоқ врачлик пункти) томонидан очилади ва ахборот тизимига киритилади;

3) нафақа меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотлари - ДСҚнинг маълумотлар базасида,  иш стажи тўғрисидаги маълумотлари - “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида (mehnat.uz) акс эттирилган аёлга тайинланади;

4) нафақа бевосита аёлга унинг банк ҳисобварағига (пластик картасига) ёки яшаш жойидаги Халқ банки бўлими орқали  нақд пул кўринишида тўлаб берилади;

5) иш берувчига нафақа тайинланиши ва тўланиши тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети ва “ЯММТ” ИДАК орқали хабарнома юборилади.

 

Иш берувчи қандай ҳаракат қилиши керак

Корхона ходимадан меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олгач, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаб чиқаради. Агар унинг суммаси:

  • МИХнинг 4 бараваридан ортиқ бўлса – корхона ходимага фарқни ўз ҳисобидан тўлайди;
  • МИХнинг 4 бараварига тенг ёки ундан кам бўлса – корхона нафақа тўламайди.

Ходима ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг белгиланган суммасини  Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан кафолатли тарзда олиши учун корхона:

1) “Ягона миллий меҳнат тизими” ИДАКда (mehnat.uz) унинг меҳнат шартномаси ва бандлиги ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида киритиши;

2) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотларни ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботда (Ҳисоб-китобга 5-илова) тўғри акс эттириши керак.

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text184376_davlat_homiladorlik_va_tugish_nafaqasini_qanday_tulaydi