Моддий ёрдамни қандай тўлаш керак
Тавсияда:
– моддий ёрдам турлари;
– моддий ёрдамни тўлаш ҳақидаги қарорни ким қабул қилади;
– моддий ёрдамни беришда ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши;
– моддий ёрдамдан солиқлар: ЖШДС, ижтимоий солиқ;
– моддий ёрдам ва фойда солиғи;
– моддий ёрдамнинг бухгалтерия ҳисоби;
– моддий ёрдамнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилиши.
Иш берувчи ходимларга ва корхонада ишламайдиган шахсларга бола туғилиши, оила аъзоси вафот этганда, табиий офатларда ва бошқа шундай ҳолларда моддий ёрдам кўрсатишга ҳақли. Моддий ёрдам, қоида тариқасида:
- жисмоний шахснинг иши ва унинг натижалари билан боғлиқ эмас;
- ноишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган тўлов ҳисобланади.
Истисно тариқасида Солиқ кодексининг 372-моддаси 4-бандида назарда тутилган рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган моддий ёрдамлар суммаси ташкил қилади. Бу моддий ёрдам меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига олиб борилади ва ишлаб чиқаришнинг таннархига киритилади (ишлаб чиқариш ходимларига тўланганда).
Моддий ёрдам иш ҳақидан фарқли равишда мажбурий хусусиятга эга эмас: иш берувчи корхонада бундай имконият бўлган тақдиргина, уни тўлаб бериши мумкин.
Моддий ёрдамни тўлаш, миқдорлари ва уни амалга оширишнинг тартиби асосларини меҳнат ёки жамоа шартномаларида, корхонанинг бошқа ички ҳужжатларида белгилаб қўйинг.
Корхонангизда белгиланган қоидалар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам моддий ёрдамни беришингиз мумкин. Мазкур ҳолатда асос бўлиб жисмоний шахснинг аризаси ва раҳбарнинг буйруғи ҳисобланади.
Қачон моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин
Қоида тариқасида моддий ёрдам қуйидаги ҳолатларда кўрсатилади:
- муайян оилавий шароитлар рўй берганда – ходимнинг ёки унинг фарзандларининг тўйи, оилада бола туғилиши, ходимнинг ўзи ёки унинг оила аъзосининг вафот этиши;
- касал бўлиши муносабати билан;
- фавқулодда ҳолатларда, табиий офатлардан кўрилган зарарларни қоплашга;
- зарурат бўлганда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишда;
- бошқа шахсий ҳолатларда – юбилей, оғир молиявий ҳолат, пенсияга чиқиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар.
Ташкилот ўзининг ички ҳужжатларида моддий ёрдамни тўлаш учун бошқа ҳолатларни кўрсатишга ҳам ҳақли.

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter