Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тўлов иловаси қачон фискал чек бериши керак
2022 йил 1 ноябрда тўлов сервислари тўловнинг айрим турларини, шу жумладан жойларда, QR-код орқали тўлов ва масофадан тўловнинг айрим турларини тўхтатиб қўйдилар. Шу куни кечга томон уларнинг иши тикланди. Ушбу ҳолат такрорланиши мумкинми, бунга қандай қилиб йўл қўймаслик мумкин?
Buxgalter.uz эълон қилинган арзномаларни ўрганиб, бизнес вакиллари билан суҳбатлашиб, муайян хулосаларга келди. Улар онлайн-НКТ тизимини янада ривожлантириш ва солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштиришда фойдали бўлишига умид қиламиз.
Тўлов тизимлари ва тадбиркорлик субъектлари расмий эълонларда юзага келган ҳолатга «техник ишлар» сабабчи бўлганини кўрсатдилар. Маркетплейслар ва тўлов ташкилотлари ўз тизимларини фискал маълумотлар оператори билан интеграциялашлари, товарларни (хизматларни) сотувчилар ва уларнинг харидорлари ўртасидаги ҳисоб-китобларда фискал чеклар шакллантирилишини йўлга қўйишлари керак. Ушбу талаблар ҳуқуқий асосга эга:
- 04.10.2021 йилдаги «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5252-сон қарор;
- 23.11.2019 йилдаги «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 943-сон ВМҚга 1 ва 1a иловалар;
- СК 227-1-м.
Ушбу НҲҲ доирасида солиқчилар тадбиркорлардан қонунчиликка риоя этишни ва харидор билан ҳисоблашишда унга фискал чек беришни талаб қиладилар. Бу қуйидагилар учун зарур:
- харидорлар кешбек олишлари;
- солиқ маъмуриятчилиги автоматлаштирилишини, хусусан – солиқлар бўйича ҳисоботлар автоматик равишда шакллантирилишини таъминлаш;
- солиқлар тўлиқ тўланишини таъминлаш.
Бироқ, ушбу талабларни амалга ошириш давомида амалиётда ҳал қилиш мураккаб ёки имконсиз бўлган кўплаб техник масалалар юзага келади. Уларни қуйидагилар тақозо этади:
- корхоналардаги хилма-хил бизнес-моделлар;
- НҲҲнинг айрим нормаларини бир хил талқин қилмаслик;
- солиқларни ҳисоблаб чиқаришда СК нормаларига риоя этиш зарурати.
Бир нечта мисолни кўриб чиқамиз.
1. Умумий овқатланиш муассасаси мижозларга интернет ёки телефон орқали таомни уйга етказиб беришга буюртма бериш ва кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлов иловаси орқали тўлаш имконини беради.
Ушбу ҳолатга қандай қараса тўғри бўлади: жойларда ҳисоблашиш сифатидами ёки масофадан ҳақ тўлаш сифатидами? Бунга аниқ жавоб йўқ. Амалиётда қуйидаги вариантлар амалга оширилиши мумкин:
- онлайн-НКМ фискал чеки ресторан биносида қоғозга чиқарилиши мумкин, курьер уни буюртма билан бирга етказиб беради;
- курьер онлайн-НКМни ўзи билан олиб келиши мумкин, у товарни буюртмачига бераётганда чек уради;
- ҳисоб-китобни амалга оширган тўлов иловаси фискал чекни шакллантириши мумкин;
- ресторан ўз сайти ёки мобил иловасини фискал маълумотлар оператори билан интеграциялаши ва мобил иловада фискал чекни шакллантириш функционалини яратиши мумкин.
Ушбу вазиятда бизнесни чеклаш, фискал чек фақат тўлов амалга ошириладиган тўлов сервиси орқали шакллантирилишини талаб қилиш лозимми?
2. Умумий овқатланиш корхонаси тайёр таомларни етказиб берган ҳолда сотади, буюртма ҳақини тўлов иловалари орқали, нақд пулда ёки пластик карта воситасида тўлаш мумкин.
Нақд пулда ва пластик карта воситасида ҳақ тўланганда фақат онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида чекни қоғозга чиқариш мумкин, бошқа вариант йўқ. Нима учун электрон ҳисоб-китобларда чекни онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида бериш имконини истисно этиш, транзакция ўтказилган тўлов иловаси шакллантиришини талаб қилиш лозим?
3. Мижоз интернетда бир нечта товарга буюртма беради, уларнинг ҳар бири ўз МХИКга эга, уларнинг ҳақини тўлов иловаси орқали тўлайди.
Бу ҳолда фискал чекни шакллантириш чоғида тўлов иловасида сотилган товарлар рўйхатини чекда акс эттириш билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келади. Ушбу босқичда мазкур вазиятда энг оптимал вариант – фискал чекни онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида шакллантириш ва уни харидорга етказиб бериш.
4. Тўлов иловаларининг фискал чеклари солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда автоматик равишда реализация сифатида қайд этилади.
Ушбу вазиятда узоқ муддатли контрактлар бўйича ҳисоб-китобларда, аванс тўловларида ва тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шартномалари бўйича ҳисоб-китобларда тушумни акс эттириш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келади. Ҳатто ушбу вазият маркетплейслар учун ҳисоблаш методи бекор қилинган деган фикр шаклланишига сабаб бўлди. Бу хато фикр, албатта.
Бу ҳолда зарур функционални ишлаб чиқиши ва жорий этиши керак бўлган тўлов сервислари ва фискал маълумотлар оператори нуқсонга эгалиги кўриниб турибди.
5. Товарларни кредитга реализация қилувчи дўкон тўлов иловасига эга касса техникасини интеграция қилди. Мижоз тўлов иловаси орқали ҳақ тўлаганда онлайн-НКМ автоматик равишда чекни қоғозга чиқаради. Биринчиси – QR-кодлиси – товар билан харидорга етказиб берилади. Кредитни сўндириш чоғида шакллантириладиган чекларни эса ҳозирча етказиб беришнинг имкони йўқ.
Харидор бу чекни олишга бормайди, у бўйича кешбек берилмайди, дўконга бундай чекларни етказиб бериш малол келади. Харидор эса бундай чекка ҳавола жўната олмайди, сабаби уларда QR-код йўқ. Умуман олганда, бундай чекларни харидорга бериш масаласи ҳали ечимини топмади. Бунда сотувчи, харидор ва солиқ органлари ўз сервисларида ушбу тўловларни кўрадилар.
Вазиятларни санашда давом этишдан наф йўқ... Деярли ҳар бир мисолда аниқ бизнес-жараёнлар тақозо этган ўзига хос жиҳатлар бор. Айрим ўта илғор бозор иштирокчилари мижоз кешбек олиш ҳуқуқини берувчи QR-кодли чекни албатта оладиган, сотувчи, харидор ва солиқ органлари эса аҳоли билан барча ҳисоб-китобларни кузата оладиган қилиб ишлашга ўргандилар.
Технологиялар ривожланишда давом этмоқда. Оптимистлар техник жиҳатдан исталган вазифани ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайдилар. Бироқ, барини англаш ва ҳаётга татбиқ этиш учун вақт керак.
Ҳозирча ҳар бир вазият учун қоидаларни белгилашнинг имкони йўқ. Бундай имконият айнан қачон юзага келишини айтиш ҳам қийин. Ҳар қандай унификация тушунмовчилик ва низоларга, яъни ҳозирги вазият юзага келишига олиб келади.
Кўрсатилган хизматлар ва сотилган товарлар учун аҳоли билан ҳисоблашишда талабларга мувофиқ НКТ чекини бериш шартини бажариш устувор вазифа бўлиши керак. Бунинг учун:
- тўлов сервислари ўз мижозларига масофадан туриб ҳисоблашишда фискал чекни шакллантириш имконини бериши керак. Бироқ, тўлов тизими ҳамда товарлар ва хизматлар сотувчиси ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу имкониятни қўллаш-қўлламасликни келишув асосида ҳал қилиши лозим. Бунда сотувчида доим онлайн-НКМ, виртуал касса ёрдамида фискал чек бериш ёки – ўз ресурсини ФМО билан интеграциялаш имкони қолиши керак;
- назорат ва солиқ маъмуриятчилигини тартибга солиш мақсадида аҳоли билан ҳисоб-китоб қиладиган тадбиркорларга ўзлари қўллайдиган ҳисоб-китоб ва харидорларга фискал касса чекини бериш схемаларини солиқ органлари олдида декларациялаш мажбуриятини юклаш мақсадга мувофиқ. Бунда айтганидан қайтишни ҳуқуқбузарлик деб ҳисоблаш, бунинг учун жарима санкцияларини белгилаш мумкин.
P.S.: 2022 йил март ойидан буён тўлов операторлари фискал чекларни бериши талаб этилмоқда. ДСҚ ходимлари буни кўп марта тушунтирдилар, бироқ у ҳали амалга оширилмади. Тўлов тизимлари операторлари уни бажара олмай, функцияларнинг бир қисмини ўчириб қўяқолдилар.
Бундай хатти-ҳаракатлар ноконструктив эканлиги аён. Бундан тадбиркорлар ҳам, истеъмолчилар ҳам азият чекдилар. Тўлов операторлари қонунчилик талабларини бажаришда қийинчиликка тўқнаш келсалар, бу ҳақда ДСҚ мутахассислари билан суҳбатлашиш, ечимини муҳокама қилиш ва топиш керак. Солиқчилар ва бизнес муваффақиятли мулоқот қилганига мисоллар келтириш мумкин.