Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Сотиш мақсадида АВни қайта баҳолаш бухгалтерия ҳисобида акс эттириладими
«Корхона фойдаланилаётган транспорт воситасини келгусида сотиш мақсадида унинг бозор қийматини баҳоламоқчи. Бунинг учун баҳолаш ташкилоти жалб этилган. Илгари ушбу асосий восита бухгалтерия ҳисобини юритиш мақсадида қайта баҳоланган, тегишли проводкалар қилинган. Режалаштирилаётган баҳолаш натижаларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш зарурми?».
Ушбу саволга «Норма» эксперти Олег ЦОЙ жавоб берди:
– 2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларни мажбурий қайта баҳолаш тартиби бекор қилинган . Бироқ ташкилотларнинг ҳисоб сиёсатида бу назарда тутилган бўлса, улар қайта баҳолашни ихтиёрий равишда ўтказишлари мумкин.
Қонун ҳужжатларида бозор қийматини аниқлаш учун ёхуд бошқа мақсадларни кўзлаб ўтказилган АВни баҳолаш натижаларини бухгалтерия ҳисобида мажбурий тартибда акс эттириш талаб қилинмайди.
Бироқ, АВ қийматини бозор нархининг жорий даражасига келтирмоқчи бўлсангиз, бу корхонанинг ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса, баҳолаш натижаларини ҳисобда акс эттириш мумкин.
Ушбу натижалар АВ қайта баҳоланган даврдаги молиявий ҳисоботда акс эттирилади .