Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЖШДС солинмаган даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани топширишни унутманг
2023 йил давомида жисмоний шахсларга тўлов манбаидан моддий наф тарзида даромадлар тўлаган корхоналар, агар ушбу жисмоний шахсларнинг аризалари асосида ЖШДС ушлаб қолинмаган бўлса, маълумотнома тақдим қилишлари шарт .
Мисол учун корхона:
- директор учун коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаган ва ушбу суммани унинг иш ҳақидан қопламаган бўлса;
- таъсисчи фарзандининг хусусий мактабда ўқиши учун ҳақ тўлаган бўлса (унинг дивидендлари ҳисобига эмас) ва ҳоказо;
- сизда ишламайдиган кам таъминланган маҳалла аҳолисига янги йил совғаларини берган бўлса.
Маълумотнома корхона солиқ бўйича ҳисобда турган жойдаги солиқ органига солиқ даври тугаганидан кейин ўттиз кун ичида тақдим қилинади .
Январь ва февраль ойларидаги дам олиш кунлари ҳисоби билан 2023 йил учун Маълумотнома топширишнинг сўнгги куни 2024 йил 12 февралга тўғри келади .
Ўз навбатида, тўлов манбаидан моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахслар ушбу суммани жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда ҳисобга олишлари лозим бўлади .
Тўлов манбаидан солиқ солинмаган моддий наф тарзидаги даромадларни олган жисмоний шахслар тўғрисидаги Маълумотнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетида – ЖШДС бўйича электрон солиқ ҳисоботи таркибида жойлаштирилган. Шакл коди – 11102_5. Унга юклаб олиб тўлдириш, бириктириш ва жўнатиш лозим бўлган шаблон файл илова қилинади.
Шаблон файлда қуйидагиларни кўрсатинг:
- тўлов манбаидан ЖШДС солинмаган моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахснинг Ф.И.Ш;
- жисмоний шахснинг ЖШШИРи;
- прописка қилинган жой бўйича манзили;
- ҳисобланган моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси ва улардан ушлаб қолинмаган ЖШДС суммаси.
Агар моддий наф тарзидаги даромадларни сизнинг ходимингиз ёки таъсисчингиз бўлмаган жисмоний шахс олган бўлса ва сиз ЖШДС ушлаб қолмаган бўлсангиз, ундан ЖШДСни ушлаб қолмаслик тўғрисида ёзма ариза олаётганда дарҳол унинг паспортидан нусха олинг.
Ундан паспорт нусхасини олсангиз, сиз у бўйича ЖШШИРни аниқлаб олишингиз мумкин бўлади. Бу ҳам тўлов манбаидан солиқ солинмаган моддий наф тарзида даромадлар олган жисмоний шахслар бўйича ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 6-иловани (0121-сатр) тўлдириш учун талаб қилинади.