Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Яроқсиз деталларни алмаштиришга фойда солиғи солинадими
“Компания газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш учун деталларни импорт қилади. Шартнома шартларига кўра, яроқсиз ёки нуқсонли деталлар аниқланган тақдирда етказиб берувчи ТМҚни компенсация қилишни кафолатлайди. Етказиб берувчидан яроқсиз деталлар ўрнига деталлар олинишига фойда солиғи солинадими?”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:
– Саволга жавоб, сиз томондан яроқли деталлар олинганда, яроқсиз деталларнинг корхонангизда қолишига боғлиқ.
Агар импорт контракти шартлари бўйича сизнинг корхонангиз яроқсиз деталларни етказиб берувчига қайтарса, у эса уларнинг ўрнига яроқли деталларни етказиб берса, сизда фойда солиғи бўйича оқибатлар юзага келмайди.
Агарда яроқсиз деталлар сизнинг корхонангизда қолса, улар текин олинган ҳисобланади. Уларнинг бозор қийматини фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадга киритиш лозим .
Охирги ҳолатда яроқсиз буюмларни реализация қилиш имконияти бўлмаса, уларни иккиламчи хом ашёнинг (металлолом ёки ҳоказо) бозор қиймати бўйича баҳолаш мумкин.
Яроқсиз деталлар ўрнига яроқли деталларни олиш фойда солиғи бўйича солиқ оқибатларига сабаб бўлмайди.