Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
БҲМС ва МҲХСда келгуси давр харажатлари қандай ҳисобга олинади
“Корхона бухгалтерия ҳисобини БҲМС бўйича юритади ва бир вақтнинг ўзида МҲХСга ўтишни бошлади. Келгуси давр харажатларини (3100-счёт) тан олиш ва уларни давр харажатларига олиб бориш (харажатларга олиб бориш даврийлиги тўғрисида), шунингдек – давр харажатларини ҳисоботда БҲМС ва МҲХС талабларига мувофиқ акс эттириш тартибини тушунтиришингизни сўраймиз”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаментининг тадбиркорлик фаолияти субъектлари бухгалтерия ҳисоби услубияти бўлими бошлиғи Асал ХАШИМОВА жавоб берди:
– Бухгалтерия ҳисобининг миллий тизимида “келгуси давр харажатлари”ни ҳисобга олиш – бу бухгалтерия операцияларининг алоҳида тури. БҲМС бўйича молиявий ҳисоботда мазкур харажатлар қолдиғи суммаси бухгалтерия балансининг активида акс эттирилади.
МҲХСга ўтишда келгуси давр харажатлари счётлари бўйича қолдиқларнинг МҲХС Концептуал асосларига асосан актив тушунчасига мувофиқ келишини батафсил таҳлил қилиш лозим. Агарда бундай харажатлар актив сифатида тан олинмаса, улар харажатлар ҳисобланади. Ва агар харажатлар суммаси – сезиларли даражада бўлса, молиявий ҳисоботда уларни алоҳида сатр билан акс эттириш мақсадга мувофиқдир.
БҲМС
БҲМС бўйича 3100-счётлар гуруҳида жорий даврда амалга оширилган, лекин жорий қисми бўйича келгуси даврларга тегишли бўлган харажатлар тўғрисида маълумот акс эттирилади, айнан :
- 3110 “Олдиндан тўланган оператив ижара ҳақи”;
- 3120 “Олдиндан тўланган хизмат ҳақи”;
- 3190 “Бошқа келгуси давр харажатлари”.
Ушбу счётларда қуйидагилар билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинади:
- даврий матбуот нашрларига обунанинг йиллик суммаси учун олдиндан тўлов;
- мол-мулкни суғурта қилиш учун тўлов;
- кейинги даврлар учун оператив ижара бўйича олдиндан тўловни тўлаш;
- мазкур ҳисобот даврида амалга оширилган, бироқ жорий қисми бўйича келгуси даврларга тааллуқли бўлган тўлов.
Бундай харажатлар пировардида жорий харажатларга (маҳсулотлар, ишлар, хизматлар таннархи ёки давр харажатлари) белгиланган муддат давомида бир меъёрда ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳажми (сони)га мутаносиб равишда ҳисобдан чиқарилади. Ҳисобдан чиқариш даврийлиги ҳисоб сиёсатида белгиланади. Келгуси давр харажатларини ҳар ойда ҳисобдан чиқариш тавсия қилинади.
3110-счётида жорий даврда амалга оширилган, лекин келгуси даврларга тааллуқли оператив ижара бўйича тўловлар ҳисобга олинади. Мисол учун, йил бошида корхона ижара тўловини бир йил олдин тўлади. Бу ҳолда шартномага асосан тегишли ой учун ижара тўлови суммаси ҳар ойда жорий харажатларга олиб борилади.
3120-счётида олдиндан тўланган хизмат ҳақи ҳисобга олинади. Масалан, газета учун йиллик обуна суммаси ҳар ойда бутун сумманинг 1/12 миқдорида жорий харажатларга олиб борилади. Маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар йил давомида бир меъёрда ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳажмига мутаносиб равишда жорий харажатларга олиб борилади.
3190-счётида 3110 ва 3120-счётларида ҳисобга олинмаган бошқа олдиндан тўланган харажатлар ҳисобга олинади. Келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар (3100) бўйича аналитик ҳисоб счётлари харажат моддалари ва йўналишлари бўйича юритилади. Ушбу счётлардаги қолдиқлар ҳисобот даври охирида бухгалтерия балансида (1-сонли шакл), харажатларга ҳисобдан чиқарилган суммалар эса – молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сонли шакл) акс эттирилади.
Сизни ifrs.academyда МҲХС асослари бўйича биз билан масофавий, аралаш ёки юзма-юз ўқишга таклиф қиламиз!
Биз қуйидагиларга ёрдам берамиз:
- миллий ва халқаро сертификатлар олишга биринчи қадамни қўйишга;
- мутахассислар учун “тренажёрлар”да илғор даражаларни ўзлаштиришга;
- якка тартибдаги дастур ёки компаниянгиз учун корпоратив ўқитиш доирасида малака оширишга!
МҲХС
МҲХСда “келгуси даврлар харажатлари” тушунчаси ва харажатларни ҳисобга олиш бўйича алоҳида МҲХС мавжуд эмас. Юқорида қайд этилганидек, МҲХСга Концептуал асосларга биноан, амалга оширилган харажатлар актив сифатида ёки харажатлар сифатида акс эттирилиши мумкин. Яъни, активларни тан олиш мезонларига жавоб бермайдиган харажатлар улар амалга оширилган даврда харажатлар деб тан олинади.
Актив - олдинги ҳодисалар натижасида ташкилот томонидан назорат қилинадиган мавжуд иқтисодий ресурс .
Харажатлар – бу хусусий капиталга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари эгаларига тақсимлашлар билан боғлиқ бўлмаган тарзда хусусий капиталнинг камайишига олиб келадиган активларнинг камайиши ёки мажбуриятларнинг ошиши .
Активлар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда (бухгалтерия балансида), харажатларга ҳисобдан чиқарилган суммалар эса – фойда, зарарлар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
Масалан, олдиндан тўланган ижара ҳақи БҲМС бўйича 3110 “Келгуси давр харажатлари” счётида ҳисобга олинади. МҲХС мақсадлари учун эса бундай ижара тўлови бўнак ҳисобланади, сабаби хизмат ҳали кўрсатилмаган (ҳисоблаш усули). Агар бўнак суммаси сезиларли даражада каттароқ суммани ташкил этса,, МҲХС бўйича молиявий ҳисоботда у алоҳида сатрда “Олдиндан тўланган харажатлар” номи билан ёки унинг мазмунини анча холис акс эттириш имконини берадиган бошқа шунга ўхшаш тушунча билан акс эттирилади.