Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Якка тартибдаги тадбиркорнинг ёлланма ходими қандай солиқларни тўлайди
“Якка тартибдаги тадбиркор бир нафар ходимни ишга ёллади, унинг учун 12% ЖШДС ва БҲМнинг 50%и* миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши керак. Ходим учун ШЖБПҲга 0,1% бадалларни тўлаш ва ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини топшириш керакми? Ёлланган ходим учун солиқларни қайси код бўйича тўлаш керак (ЯТТ кабинетида 38** коди билан ижтимоий солиқ ва 47 коди билан тадбиркорларнинг ЖШДС мавжуд)?”.
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Азиз ҲАШИМОВ жавоб берди:
* Якка тартибдаги тадбиркорлар ёлланган ходимлар учун (бундан савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно) ижтимоий солиқни йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлашлари керак .
** 36 коди ЯТТ - ҚҚС тўловчилар учун, 38 коди эса - ҚҚСга ўтмаган ЯТТ ва уларнинг ёлланган ходимлари учун мўлжалланган.
– Ҳа, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг даромадларидан ШЖБПҲга бадаллар ушлаб қолинади.
Иш берувчилар ва меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқаролар (шу жумладан ишловчи пенсионерлар ва ўриндошлар), агар ходимларнинг даромадларидан ЖШДС ушлаб қолинса, жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланади. Бунда ЯТТлар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар .
ЯТТ ходимларни ёллашга ҳақлидир . Ишга қабул қилишда у ходим билан меҳнат шартномаси тузиши, уни солиқ органида ҳисобга қўйиши ва унинг даромадларидан ЖШДСни ушлаб қолиши керак .
ЯТТ томонидан жалб қилинган ходимлар меҳнат шартномаси тузишлари ва уларнинг даромадларидан ЖШДС ушлаб қолиниши боис, демак, ШЖБПҲга бадаллар амалга оширилиши керак.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ЖШДС бўйича ҳисоботни тақдим этадилар . Улар жалб қилинган ходимларнинг даромадлари бўйича солиқларни қуйидаги кодлар бўйича тўлайдилар:
- 46 – ЖШДС;
- 38 – ҚҚСга ўтмаган ЯТТ ва уларнинг ёлланган ходимлари учун ижтимоий солиқ.