Норезидентнинг доимий муассасаси фойда солиғини қандай тўлаши керак
Тавсияда:
– норезидентнинг доимий муассасаси ташкил этилаётганлиги қандай аниқланади;
– доимий муассаса фойда солиғини қандай ҳисоблайди;
– доимий муассаса қандай қилиб фойда солиғини тўлайди ва у бўйича ҳисобот тақдим этади.
Норезидентнинг доимий муассасаси ташкил этилаётганлиги қандай аниқланади
Агар хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида хизматлар кўрсатса ёки ишларни бажарса, ушбу фаолият норезидентнинг доимий муассасасини ташкил этаётган ёки ташкил этмаётганини аниқлаш лозим.
Доимий муассаса (ДМ) юридик шахс эмас, бу шунчаки Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган норезидент компания эга бўладиган солиқ мақоми. Ушбу мақом:
- фақат солиқ солиш мақсадида фойдаланилади;
- ўзининг ёки ёлланган ходимлар орқали Ўзбекистон ҳудудида «жисмонан» ҳозир бўлган хорижий компания фаолиятига нисбатан қўлланилади.
Хорижий компаниянинг Ўзбекистон ҳудудида ҳозир бўлганини қуйидагича асослаш мумкин:
- хизматлар кўрсатади, ишлар бажаради;
- жой, ускуна, омборхона ва бошқаларга эга бўлади;
- Ўзбекистон резиденти – жисмоний ёки юридик шахсга ўзининг номидан шартнома имзолашни топширади, шунинг натижасида мамлакатимизда даромадга эга бўлади.
Қуйидагиларга асосан ДМ ташкил этилаётганлигини аниқланг:
- СК 36-моддаси;
- иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартноманинг 5-моддаси, агар норезидентнинг давлати билан бундай битим тузилган бўлса.