Реэкспортга фойда солиғининг қайси ставкаси бўйича солиқ солинади

preview

Корхона реэкспортга ноль даражали ставка бўйича солиқ солди. Солиқчилар эса камерал текширув якунлари бўйича 15% ставкани ҳисобга олган ҳолда қўшимча фойда солиғи ҳисоблашди. Солиқ тўловчи солиқчиларнинг хулосасига рози эмас ва ўзининг айтганида турибди.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ушбу масала бўйича ўз нуқтаи назари билан ўртоқлашди:

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришларнинг ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Ушбу масала бўйича менинг позициям бундай: реэкспортга 15% ставка бўйича фойда солиғи солиниши керак, сабаби ушбу айланмалар СКнинг 337-моддасида ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган айланма сифатида белгиланмаган.

Бу борада ўзгача нуқтаи назар ҳам мавжуд, бироқ у аниқ қонуний асосга эга эмас. Реэкспортга фойда солиғининг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солиш мумкин, деб ҳисоблайдиган солиқ тўловчилар ўз далилларини “экспорт” ва “реэкспорт” тушунчаларининг “ўхшашлиги” асосида тузадилар. Улар мазкур ҳолларда товарнинг келиб чиқиши – ҳар хил, лекин ҳар қандай ҳолда у мамлакат ҳудудидан чиқиб кетади, деб ҳисоблашади. Ушбу иккита турли тушунчаларни тенглаштириш хоҳиши СКнинг 337-моддасига мувофиқ экспортга фойда солиғининг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солинишидан келиб чиқади.

Экспорт – бу реэкспорт эмас, акс ҳолда нима учун реэкспорт операцияларини 14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚда ёзиш керак бўларди.

Шунингдек, улар 25.04.2022 йилдаги ПФ-115-сон Фармон нормасига ҳавола беришади, бунда “реэкспорт” божхона режимида олиб чиқиладиган товарларга товарлар экспорти учун қонунчилик билан белгиланган божхона йиғимлари ставкалари қўлланилиши белгиланган . Эътибор беринг: Фармонда гап божхона йиғимлари ҳақида бормоқда. Фойда солиғи солишни бошқа қонун – Солиқ кодекси регламентлайди. Унда – яна бир марта қайтараман – реэкспортга ноль даражали ставка бўйича солиқ солиш учун ҳеч қандай асослар мавжуд эмас.

Экспорт учун ноль даражали ставка маҳаллий ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларнинг халқаро товарларга нисбатан рақобатдошлигини кўтариш учун жорий этилган. Реэкспорт маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ривожланишига ҳеч қандай тарзда кўмаклашмайди, бу соф тижорат: чет эл товарини сотиб олдингиз – уни хорижий ҳамкорга сотдингиз.

Реэкспорт билан шуғулланадиган корхоналар иккита гуруҳга бўлинган: бирлари низолашишни тўхтатишди, қўшимча тўловни амалга оширишди ва энди ушбу айланмаларга 15% ставка бўйича фойда солиғи солишади, бошқалари – солиқчиларнинг хулосаси билан қатъиян рози эмаслар.

Ҳозир солиқ органлари билан судлашишга тайёрланаётган бир корхона мен билан маслаҳатлашди. Мен мижозимни ушбу масала юзасидан ўз нуқтаи назаримга ишонтира олмадим. Солиқ тўловчи қонунчилик ҳужжатларида қўйилган масалага аниқ жавоблар мавжуд эмаслигига умид боғламоқда. Суд нима дейишини кўрамиз...

Ваколатли органларнинг мазкур масала бўйича расмий тушунтириши:

1) қонунчилик ҳужжатлари нормаларини аниқ тушуниш ва қўллашга кўмаклашади;

2) бизнеснинг судларга харажатларини ва суд тизимига юкламани қисқартиради, деб ҳисоблайман.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text191154_reeksportga_foyda_soligining_qaysi_stavkasi_buyicha_soliq_solinadi