Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Корпоратив тадбир ўтказиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади
Компания муҳим сана муносабати билан ходимлар ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этадиган корпоратив байрам ташкил этади. Байрам ўтказиладиган жой ижарага олинади, майдончани безатиш ва фотозона қуриш учун жиҳозлар харид қилинади. Банкет ўтказиш бўйича шартнома тузилади. Бошқа шаҳарлар ва мамлакатларда яшовчи масофавий ходимлар учун авиа ва темир йўл чипталари брон қилинади ва тўлов қилинади, шунингдек тадбир даврида меҳмонхонада яшаш учун шартномалар тузилади.
- Корпоратив тадбирлар, байрамларни ўтказиш харажатларига қандай солиқлар солинади?
- Масофадан ишлайдиганларнинг келишини хизмат сафари деб ҳисоблаш мумкинми?
- Корпоратив пайтида масофадан ишлайдиган ходимларнинг йўл ва меҳмонхонада яшаш харажатларини корхона харажатлари сифатида қандай баҳолаш керак?
Buxgalter.uz тушунтиради:
– Йиғилишлар ёки ишбилармонлик учрашувлари ўтказилмайдиган, самарадорликни ошириш учун иш масалалари муҳокама қилинмайдиган, ходимлар ўқитилмайдиган корпоратив тадбирни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган тадбир деб ҳисоблаш керак.
Корпоратив тадбир ўтказиш харажатлари қуйидагилар асосида тўланиши мумкин:
- хўжалик шартномалари;
- корпоратив карта.
❖
Янги йил корпоративини КПК орқали тўлаш мумкинлиги ҳақида янги мақолада ўқинг.
Байрам корпоративи қандай солиқ оқибатларига олиб келади
Фойда солиғи
Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган корпоратив ўтказиш харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасидан чегирилмайди .
Уларга қуйидаги харажатларни киритиш мумкин:
- майдонча ижараси;
- жиҳозлар, майдончани безатиш;
- банкет, байрам кечки овқатини ўтказиш;
- спиртли ичимликлар, ичимликлар харид қилиш;
- меҳмонларга тарқатиш учун совғалар;
- ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа харажатлар.
ҚҚС
Агар тадбир учун товар ва хизматлар ҚҚС билан олинган бўлса, ташкилот уни ҳисобга олмайди . ҚҚС харид қилинган товар, хизматлар қийматига киритилади .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ
Корпоративни ўтказиш бўйича корхона харажатлари жисмоний шахслар – корхона ходимлари ва таклиф этилган меҳмонларнинг даромади ҳисобланмайди. Солиқ кодексининг 369-моддасида улар «солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайдиган солиқ агентининг харажатлари» сифатида акс эттирилган:
«маросим ва тадбирлар, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчи транспортида ходимларнинг хизмат сафарлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини харид қилиш, шунингдек иш берувчининг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ва муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлари» .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботда бу харажатлар акс эттирилмайди.
Масофавий ходимнинг корпоративга келиши хизмат сафари ҳисобланадими
«Хизмат сафари» тушунчасини аниқлаш учун Меҳнат кодексига мурожаат қиламиз: «хизмат сафари - ходимнинг иш берувчи фармойиши билан муайян муддатга доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга борилиши».
Хизмат сафарига юборилганда иш берувчи ходимга қуйидагиларни қоплаши шарт :
- йўл харажатлари;
- турар жой ижараси харажатлари;
- доимий яшаш жойидан ташқарида яшаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (суткалик);
- ходим иш берувчининг рухсати ёки билими билан қилган бошқа харажатлар».
Байрамга келган ходимлар хизмат мажбуриятлари ва топшириқларини бажармайдилар. Улар байрам тадбирида иштирок этиш, жамоанинг бир қисми эканлигини ҳис қилиш, жамоа руҳини ҳис қилиш учун келишган.
Байрам корпоративида иштирок этиш учун масофавий ходимларнинг келиши хизмат сафари ҳисобланмайди. Шунга кўра, уларнинг йўл ва меҳмонхона харажатларини хизмат сафари харажатларига киритиб бўлмайди.
❖
8 Мартга байрам тадбирини минимал солиқ оқибатлари билан уюштириш ҳақида мутахассис тушунтиришларидан билиб олинг.
Масофадан ишловчи ходимларнинг йўл ва яшаш харажатлари бўйича корхона харажатларини қандай ҳисобга олиш керак
Масофавий ходимлар учун иш берувчи томонидан тўланган учиш, йўл ва меҳмонхона харажатлари – бу моддий наф кўринишидаги даромад бўлиб, ЖШДС солинади.
Агар бу хизматлар учун олинган ҳисоб-фактураларда ҚҚС ажратилган бўлса, унинг суммаси ходимнинг умумий даромадига киритилади ва жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадини оширади. Бу ҚҚС ҳисобга олинмайди .
Моддий наф кўринишидаги даромадлардан ижтимоий солиқ тўланмайди .
Корпоратив харажатлари ва вакиллик харажатларини қандай фарқлаш керак
Ушбу мисолда кўриб чиқилган байрам тадбири харажатларини вакиллик харажатлари билан аралаштирмаслик керак.
Вакиллик харажатлари – агар улар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса – бу корхонанинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ иқтисодий асосланган харажатларидир. Бундай харажатлар корхона даромадини олишга қаратилган, тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ва ривожлантириш учун хизмат қилади.
Вакиллик харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда умумий даромаддан чегирилади .
Солиқ кодексида вакиллик харажатларининг таърифи йўқ. 2007 йилги таҳрирдаги эски СКга кўра, уларга солиқ тўловчининг қуйидагиларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш бўйича харажатлари киради:
- шахслар – ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ёки қўллаб-қувватлаш мақсадида;
- солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари йиғилишларига келган иштирокчилар.
Бу – расмий қабул, кўрсатилган шахсларни транспорт билан таъминлаш, овқатлантириш ва жойлаштириш, солиқ тўловчи штатида бўлмаган таржимонлар хизматларини тўлаш харажатлари .
Байрам ва тантаналарни ўтказиш харажатлари, вакиллик харажатларидан фарқли ўлароқ, корхонага иқтисодий фойда келтирмайди. Бундай тадбирларни ўтказиш фақат раҳбариятнинг хоҳиши ва компаниянинг молиявий ҳолатига боғлиқ.