Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Давал хом ашёни қайта ишлашда сув солиғини ким тўлайди
«Буюртмачи корхона қайта ишловчи корхонага ичимлик ишлаб чиқариш учун давал хом ашё бермоқда. Бутун ишлаб чиқариш жараёни қайта ишловчида амалга оширилмоқда».
Давал хом ашёни қайта ишлашда сув солиғини ким тўлаши кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг солиқ ва божхона бошқармаси бошлиғи Умид Ҳамроев тушунтириш берди:
– Давал битими деганда буюртмачи ташкилот саноат асосида қайта ишлаш учун қайта ишловчи ташкилотга хом ашё ва материалларни, қайта ишлашдан олинган маҳсулотни ўзига қайтариб бериш шарти билан, бериши тушунилади .
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувдан бирламчи фойдаланишни ёки сувни истеъмол қилишни амалга оширувчи шахслар тўлайди .
Давал хом ашё қайта ишланганда сувни буюртмачига қайта ишлаш бўйича хизмат кўрсатувчи қайта ишловчи истеъмол қилади. Солиқ базасини у сувдан фойдаланишнинг бухгалтерия (бирламчи) ҳисоби ҳужжатларида акс эттирилган сув ўлчагич асбоблар кўрсаткичлари асосида аниқлайди . Қайта ишловчи солиқ ҳисоботини сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига бир йилда бир марта тақдим этади .
Сизнинг вазиятингизда бутун ишлаб чиқариш жараёни давал хом ашёни қайта ишловчи ташкилотда ўтади. Бу ҳақиқатда айнан қайта ишловчи сувни истеъмол қилиши ва у учун солиқ тўлаши кераклигини англатади. Берувчи ташкилот давал хом ашёни қайта ишлаш жараёнида фойдаланилган сув учун солиқ тўламайди. Бунда у бошқа эҳтиёжлар учун сувдан фойдаланганда солиқ тўловчиси бўлиши мумкин.
Алкоголли маҳсулотлар ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ базаси – уларни ишлаб чиқаришга ва бошқа мақсадларга ишлатилган сув ҳажмидир.
Алкоголли маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми деганда истеъмол идишидаги тайёр маҳсулотга тўғри келадиган сувнинг ҳажми тушунилади .
Ичимликлар ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун турли хил солиқ ставкалари назарда тутилган .
Қайд этиш керакки, агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари солиқ солиш мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади. Ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, Солиқ кодексига муовфиқ солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли.