Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ННТ раҳбари бепул асосда ишлаши мумкинми
“Янги ташкил этилган ННТнинг штатида фақат жамоатчилик асосида бепул ишлашга рози бўлган директор бор. Солиқ инспекцияси бу ноқонуний деб ҳисобламоқда ва унга ойига камида 1 МҲЭКМ ҳисоблашни талаб қилмоқда.
Ушбу вазиятда солиқчилар ҳақми?”
Buxgalter.uz Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВАдан ушбу саволга жавоб беришни илтимос қилди:
Волонтёрлик шартномасими ёки меҳнат шартномасими?
– “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ:
- волонтёрлик ташкилоти – қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган ва волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ);
- волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият .
Волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин .
Волонтёрлик ташкилоти нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт .
Нодавлат нотижорат ташкилоти бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш субъекти ҳисобланади. Бинобарин, ундан молиявий ҳисобот ва солиқ ҳисоботини тайёрлаш, яъни ҳатто ташкилот штатида бир нафар ходим бўлган тақдирда ҳам турли функцияларни бажариш талаб қилинади.
Шу муносабат билан лавозимлари ННТ штат жадвалида белгиланган раҳбар ва бош бухгалтер билан тузиладиган шартнома Меҳнат кодексига асосланган бўлиши керак. У ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмасининг раҳбари меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди . Шу боис ННТ ушбу шахслар билан меҳнат шартномаси тузиши керак.
ННТ лойиҳаларида иштирок этувчи шахсларга келсак, улар бепул асосда волонтёрлар сифатида фаолият кўрсатиши мумкин.
ННТ раҳбари меҳнатига қандай ҳақ тўланади
Волонтёрлик шартномасидан фарқли ўлароқ, меҳнат шартномаси ходимга иш ҳақи тўланишини назарда тутади . Шу боис меҳнат шартномаси тузилган ННТ директори меҳнатига ҳақ тўланиши керак. Бунда:
- иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас ;
- ўз меҳнат мажбуриятларини бажарган ходимнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тегишли календарь йилда 6 кунлик иш ҳафтасидаги иш соатларининг ўртача ойлик миқдорига бўлинган, бир ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас .
Бинобарин, меҳнат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажарган ННТ директори тўлиқ ставкада ишлаган тақдирда МҲЭКМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи олиши керак. 2023 йилнинг 1 декабридан бошлаб МҲЭКМ 1 050 000 сўмга тенг.
Меҳнат кодексида раҳбар томонидан тўлиқсиз иш режимида ўз вазифаларини амалга оширишига чекловлар мавжуд эмас . Бундай иш режимида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади .
Масалан, меҳнат шартномасида директор ўз мажбуриятларини иш кунида 1 соат бажаришини назарда тутиш мумкин. Бу ҳолда у камида МҲЭКМ 1 бараварининг 1/8 қисмини, яъни ойига 131 250 сўм олиши керак. ННТ ушбу суммадан ЖШДСни ушлаб қолиши ва ижтимоий солиқни тўлаши керак.