Нақд пул билан операциялар қандай амалга оширилади

01.02.2024
author avatar

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти бўлими
author avatar

Дилором САИДОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– нақд пул кассага қандай қабул қилинади;
– нақд пул кассага қабул қилинганда нима қилиш керак;
– нақд пул кирим қилинганини бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак;
– ҳисоб-китоб ҳисобрақамидан қайси мақсадлар учун пул олиш мумкин;
– ҳисоб-китоб ҳисобрақамидан пул қандай олинади;
– нақд пул учун комиссия қандай ҳисобга олинади;
– пул кассадан қандай берилади;
– пул кассадан берилганда нима қилиш керак;
– пул ишончнома асосида қандай берилади;
– кассадан нақд пул берилиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади;
– касса қолдиғи лимити;
– нақд пул банкка қандай топширилади;
– банкка нақд пулни топшириш қандай расмийлаштирилади;
– нақд пулнинг банкка топширилиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади;
– нақд пул сақланиши қандай таъминланади;
– касса ҳужжатларининг сақланиш муддатлари;
– касса операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик учун жавобгарлик.

 

Юридик шахслар қуйидагилар билан ҳисоб-китоб қилганда ёки операцияларни бажарганда нақд пулдан фойдаланади:

  • жисмоний шахс билан (товарлар, ишлар, хизматларни сотишда нақд пул қабул қилиш, товарларни қайтаришда нақд пул бериш, ишлар ва хизматларни қабул қилишдан бош тортилганда);
  • ходимлар билан (иш ҳақи, мукофот пули ва нафақани тўлашда, хизмат сафари учун нақд пулни ҳисобдор шахсга беришда, ортиқча берилган нақд пуллар ва ҳисобдор шахслар фойдаланмаган суммалар қайтариб олишда);
  • таъсисчилар – жисмоний шахслар билан (устав капиталига улушларни қабул қилиш ва қайтаришда, қарзлар, текинга берилган молиявий ёрдамлар, дивидендлар тўлашда);
  • маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва товарларни сотувчилар билан;
  • банк билан (банк кассасига нақд пул топширишда ва банк ҳисобварағидан уни олишда).

Қонунчиликда корхона ва ташкилотларнинг якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилиши тақиқланмаган. Лекин амалиётда улар фақат пул ўтказиш орқали ҳисоб-китобларни амалга оширяптилар, чунки банк бу мақсадлар учун нақд пул ажратмайди, келиб тушаётган нақд пул тушумини эса инкассация қилиш керак.

Касса операцияларини амалга оширишнинг умумий тартибини касса операцияларини амалга ошириш тўғрисидаги ички ҳужжатда – Низомда белгилаш мақсадга мувофиқдир. У касса ҳужжатларини шакллантириш ва уларни сақлаш тартибини белгилайди, нақд пулнинг сақланишини, шу жумладан банкдан корхонага ташишда бут сақланишини таъминлашни ва бошқа масалаларни тартибга солади.

Низомнинг намунасини бу ердан олиш мумкин:

  • нақд пул тушумига эга бўлмаган корхоналар учун – бу ерда;
  • нақд пул тушумига эга бўлган қорхоналар учун –  бу ерда.

Нақд пулни кассага қандай қабул қилиш керак

Нақд пулни ташкилот кассасига қуйидагилар киритади:

  • кассир-операциячи (сотувдан нақд тушумни);
  • кассир (ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни тўлаш, умумий овқатланиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва бошқа мақсадларда банк ҳисобрақамидан чек бўйича олинадиган пулни);
  • ҳисобдор шахслар (фойдаланилмаган суммаларни);
  • ходимлар (нақд пулда берилган қарзни қайтариш ва зарарни қоплашда);
  • муассислар (устав капиталига ҳисса, қарз ёки молиявий ёрдам кўринишида).

Нақд маблағлар қандай манбадан олинганига қараб уларни олинган кунда ташкилот кассасига келиб тушганини ҳужжатлар билан расмийлаштиринг (кирим қилинг).

Нақд пул кассага қабул қилинганда нима қилиш керак

Кассага нақд пул қабул қилинганда: 

  • қабул қилинган суммага кирим касса ордери (ККО) расмийлаштиринг ва унга квитанцияни илова қилинг;
  • ККОни кирим касса ордерларини рўйхатга олиш китобида рўйхатга олинг;
  • пул топширган шахсга пулни қабул қилганингизни тасдиқловчи квитанцияни (ККОнинг ажратиладиган қисмини) ёки бошқа ҳужжатни (чек, талон) беринг;
  • иш куни охирида керакли ёзувларни касса китобига киритинг.

Кассадаги касса кирим ордерлари билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва ташкилот даромадига киритилади.

Нақд пулнинг келиб тушиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади

Нақд пулни кассага кирим қилиш операциясини 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» счётининг дебетида акс эттиринг.

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Ҳисобрақамдан пул маблағи олинди (иш ҳақи, нафақа, мукофот пуллари ва бошқаларни тарқатиш учун)

5010

5110

Илгари ҳисобдор шахсларга берилган бўнак пулларининг ишлатилмагани қайтарилди

5010

4200

Нақд пулга товарлар (иш, хизматлар) сотилди

5010

9010

9020

9030

Ҳисобрақамдан қандай мақсадлар учун нақд пул олиш мумкин

Банкларнинг кассасидан нақд пул бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан нақд пул билан ишлашни ташкил қилиш Йўриқномасининг 5-боби билан тартибга солинади. Банклар барча хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг касса ҳужжатларида кўрсатилган мақсадлар учун ўз депозит ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида нақд пул беради .  

Биринчи навбатда нақд пул қуйидагиларни тўлаш учун берилади:

  • иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар;
  • пенсиялар, нафақалар, стипендиялар;
  • хизмат сафари харажатлари.

Банкдан олинган пулни ташкилот кассасига кирим қилинг. Банкдаги ҳисобрақамдан нақд пулни ечиб олиш операциясини бухгалтерия ҳисобида акс эттиринг.

Ҳисобрақамдан пул қандай олинади

Корхона фақат асосий ҳисобрақамдан нақд пул олишга ҳақли. 

Нақд пулни олиш учун:

  • ҳар йили январь ойи охиригача банкка ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотнома тақдим этинг. Ҳисобрақамни биринчи марта очганда ёки бошқа банкка ўтганда буни кейинги ойнинг бошланишига қадар бажаринг ;
  • чек дафтарчасини расмийлаштиринг;
  • нақд пулни қабул қилиб олувчига ишончномани тақдим қилинг;
  • нақд пул олиш мақсадини ҳужжат билан асосланг.

Нақд пул олиш арафасида пулни захиралаш учун талаб қилинадиган миқдор ҳақида банкка хабар беринг. Уларни қабул қилиб олиш учун пул чекини тўлдиринг.

Қуйидаги шартларга риоя этилганда банк пул беради:

  • чек қоида бўйича, бўяб ёзишларсиз ва тузатишларсиз  тўлдирилган бўлса;
  • чек тўлдирилган кундан 10 календарь кун ичида, ушбу муддат ҳам кирган ҳолда, банкка тақдим қилинган бўлса ;
  • пулни чекда кўрсатилган шахс қабул қилиб олади . Олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши лозим (паспорт, яшаш учун рухсати ёки ҳарбийлик гувоҳномаси).

Чекда нақд пулни олишнинг мақсадини кўрсатинг . Қабул қилиб олинган нақд пулларни фақат шу мақсадлар учун ишлатинг. 

Нақд пул ечиб олинганлиги учун воситачилик ҳақи қандай ҳисобга олинади

Ҳисобрақамидан нақд маблағ ечилгани учун банк воситачилик ҳақини ундиради. У фоизда ёки қатъий белгиланган суммада ўрнатилади.

Нақд пулни олиш бўйича тариф банк билан тузилган хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган бўлиши керак.

Нақд пул учун олинган комиссияни 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётининг дебетига, корреспонденцияси билан 5110-«Ҳисоб-китоб счёти» бўйича кредитига киритинг. 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Банк нақд пул олиш учун тўлов олади. Шундай қилиб, дивидендларни тўлаш мақсадида олинган нақд пул учун комиссия 10 фоизгача бўлиши мумкин. Дивидендларни таъсисчиларнинг картасига ўтказиш фойдалироқ бўлади. Бу операция учун комиссия 1-2 фоизни ташкил этади холос.

Пул кассадан қандай берилади 

Ташкилот кассасидан нақд пул бериш мумкин:

  • корхона ходимларига (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар шаклида – мукофот, таътил пули, моддий ёрдам, нафақа, ҳизмат сафари, ҳисобдор шахсларга ва бошқа мақсадлар учун);
  • таъсисчиларга (дивидендлар, нақд олинган қарзларни қайтариш);
  • фуқаровий-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича иш ва хизматларни бажарган шахсларга (иш, хизматлар натижаларини қабул қилиш бўйича бўнак ва тўловлар);
  • инкассаторга (сотишдан нақд тушум);
  • кассир ёки бошқа ваколатли ходимга (банкка топшириш учун депонентланган сумма ва нақд пулнинг лимитдан ортиқчаси).
Вазият
Директор кассага кирим қилинган нақд пул тушумидан унга ҳисобот эвазига бериш тўғрисида топшириқ берди. Кассир буни рад этди. 

Кассирнинг ҳаракатлари қонунийми?

– Барча нақд пул тушуми кассага кирим қилиниши ва банкка топширилиши шарт. Ходимларга ёки учинчи шахсларга тўлаш учун нақд тушумдан фойдаланиш тақиқланган. Фақатгина қайтариб берилган товарлар, бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар учун мижозлар ёки харидорларга, агар нақд пулда ҳақ тўлаган бўлса, нақд тушумдан пул бериш мумкин бўлади.

Кассадан нақд пул берилганда нима қилиш керак

Кассадан нақд пул беришдан олдин қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштиринг:

  • иш ҳақи, мукофот ва бошқаларни тўлашда – ҳисоб-китоб тўлови, тўлов қайдномалари ёки чиқим касса ордери (ЧКО);
  • ҳисобдор шахс, таъсисчилар ёки бошқа шахсларга бир марталик тўловларни бериш учун – чиқим касса ордери.

Банкка топшириш  ва ташкилотнинг ҳисобрақамига ўтказиш учун кассадаги нақд пуллар (тушум, депонентланган сумма ва бошқалар) ҳам чиқим касса ордерлари асосида берилади.

Шундан сўнг ҳужжатларни бош бухгалтер ва раҳбарга имзолатиб, чиқим касса ордери рўйхатга олинадиган дафтардан ЧКОни рўйхатдан ўтказинг ва кассага беринг. Агар ЧКОга илова қилинган ҳужжатларда раҳбарнинг ижозат берувчи ёзуви бўлса,  раҳбар ЧКОга имзо қўйиши шарт эмас.

Пул беришдан олдин кассир:

  • бухгалтер ва раҳбарнинг имзоси мавжудлиги ва уларнинг мавжуд намуналарга мувофиқлигини;
  • сўзлар билан ёзилган суммалар, рақамлар нақд пул маблағлари суммалари билан мос келишини;
  • касса ҳужжатларида кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигини;
  • қабул қилувчининг Ф.И.Ш.ни у томонидан тақдим қилинган шахсий ҳужжатлари маълумотларига мослигини текширади.

Агар пул чиқим ордери билан берилса, кассир пул олувчи томонидан тақдим этилган унинг шахсини тасдиқловчи шахсий ҳужжатининг маълумотларини унга ёзиши ва ордерга қўл қўйиши керак.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Пулларни санаётганингизда олувчи ҳаракатларингизни кузата олсин. Олувчи олинган нақд пулларни кузатувингиз остида санаб олишга ҳақли. Бу хато қилиш хавфини камайтиради ва кейинчалик олувчи томонидан бўладиган эътирозларнинг олдини олади.

Иш куни охирида кассир кунлик барча операциялар ва нақд пул қолдиғини касса китобига киритади. Унга имзо қўйдириб, касса ҳужжатлари ва кассир ҳисоботини бухгалтерияга беради. 

Нақд пул ишончнома асосида қандай берилади

Нақд пулни ишончнома асосида бераётганда қуйидагиларни текширинг:

  • олувчи билан ЧКОда кўрсатилган ҳисоб-китоб тўлови ёки тўлов қайдномаси, ишончномада кўрсатилган ишонч билдирувчилар бир хил шахс ҳисобланишини;
  • ишончномада кўрсатилган ваколатли шахснинг тўлиқ Ф.И.Ш. шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотларига мос келишини.

Ҳисоб-китоб тўлови (тўлови) қайдномасида нақд пул олишга ваколат берилган шахснинг имзоси олдида «Ишончнома бўйича» деган ёзувни киритинг.

ККОга илова қилинг (ҳисоб-китоб тўлови қайдномаси, тўлов қайдномаси):

  • ишончнома бир марталик пул олиш учун берилган бўлса, унинг аслини;
  • бир нечта тўловлар ёки турли ташкилотлардан пулларни олиш учун ташкилот томонидан тасдиқланган ишончнома нусхаси. 

Кассадан нақд пул берилиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади

Кассадан нақд пул берилишини бухгалтерия ҳисобида рўйхатга олинг. Пул бериш бўйича операцияларни 5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари» счётининг кредити бўйича акс эттиринг.

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар берилди (мукофот ва бошқалар)

6710

5010

Ҳисобот асосида нақд пул берилди

4200

5010

Кассадан пул маблағлари ҳисобрақамига топширилди

5110

5010

Пуллар инкассаторга берилди

5710

5010

Сотилган товар қайтарилди

9040

5010

Касса қолдиғи лимити 

Касса лимити – бу кун охирига сиз кассада қолдиришга ҳақли бўлган нақд пул суммаси.  Нақд пул суммасини кассада фақат белгиланган чегаралар доирасида, яъни банк билан келишилган лимит бўйича сақланг .

Нақд пул тушумига эга бўлган корхоналар учун тўғри ҳисоблаб чиқилган ва банк билан келишилган касса нақд пул лимити муҳим. У корхона фаолиятини кейинги иш куни эрталаб давом эттириши учун керак. Масалан, кассир харидорга сотилган товар учун қайтим бериши керак бўлади.

Нақд пул тушумига эга бўлмаган корхоналар одатда касса лимитига эга бўлмайди. Аммо, бу ҳолатда ҳам банк билан келишган ҳолда ўртача кунлик касса харажатлари чегарасида белгиланиши мумкин  .

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи корхона ва қайта ишловчилар кассасига нақд пул бўйича белгиланган лимит қолдиғига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳолидан сотиб олиш мақсади учун банкдан олинган нақд пуллар киритилмайди .  

Касса лимити корхона томонидан йил бошида банк билан келишган ҳолда белгиланади. Январь ойининг охиригача асосий ҳисобрақам жойлашган банкка ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотномани тақдим этишингиз керак. Ҳисобрақамини биринчи марта очганда ёки бошқа банкка ўтганда, бундай маълумотномани кейинги ойнинг бошланишига қадар тақдим этинг.

Агар  маълумотномани топширмасангиз ва банк билан лимитни келишиб олмасангиз, корхона учун у ноль деб ҳисобланади ва банкка топширилмаган барча нақд пул – лимитдан ортиқча бўлиб қолади .

Агар касса айланмаси ёки тушумни топшириш шартлари ўзгарса, банк билан келишган ҳолда касса лимитини қайтадан кўриб чиқиш мумкин   

Белгиланган лимитни раҳбарнинг буйруғи билан барча таркибий бўлинмаларга етказиш шарт  

Лимитдан ошган пуллар, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун банкдан олинган маблағлар бундан мустасно, ҳар куни банкка топширилиши керак  

Нақд пул банкка қандай топширилади

Кассада лимитидан ошган барча мавжуд нақд пулларни банкка топширинг. Агар корхонанинг ўртача кунлик нақд тушумлари қуйидагича бўлса:

  • 20 БҲМдан ошган тақдирда – уни ҳар куни банкка топширинг;
  • 20 БҲМдан ошмаган тақдирда ҳамда онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қўллаган тақдирда – пулни банкка топшириш учун ўзингизга қулай даврийликни танланг. Масалан, 2 кунда бир марта, ҳафтада бир ва бошқалар.

Пулни банкка қандай топшириш керак – инкассация хизмати орқали ёки шахсан ташриф буюриш орқали – ўзингиз ҳал қилинг .

Нақд пулни банкка топшириш қандай расмийлаштирилади 

Нақд пулни банкка топшириш усулидан қатъи назар, чиқим касса ордерини расмийлаштиринг ва касса дафтарига ёзув киритинг.

Сизга қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

 

Шахсан ташриф буюриш орқали пул банкка топширилганда («ўзи олиб борганда»)

Инкассация хизмати орқали пул топширилганда («инкассация»)

1. Чиқим ордери – 1 нусхада.

1. Чиқим ордери –1 нусхада.

2. Уч қисмдан иборат нақд пул топшириш эълони:

  • хабарнома;
  • квитанция;
  • ордер.

2.Уч қисмдан иборат илова қайдномаси – 3 нусхада:

3. Ташриф варақаси, инкассатор томонидан тақдим этилган

Нақд пулнинг банкка топширилиши бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади

Бухгалтерия ҳисобида банкка нақд пулни топширишни акс эттиринг.

Инкассаторлар орқали пул топширилганда: 

 

Хўжалик операцияси
мазмуни
 

Счётлар корреспонденцияси 

дебет 

кредит

Ҳисобрақамга ўтказиш учун пул тушуми инкасаторларга берилди

5710

5010

Ҳисобрақамга тушум ўтказилди

5110

5710

Шахсан ташриф буюриб пулни топширишда бухгалтерия ўтказмаси:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни
 

Счётлар корреспонденцияси

дебет 

кредит

Нақд ҳисса учун эълон билан пул маблағлари ҳисобрақамга ўтказилди

5110

5010

Нақд пул сақланиши қандай таъминланади

Нақд пул тўловлари учун ҳар бир ташкилот алоҳида хона кўринишидаги кассага эга бўлиши керак. Агар нақд пул тўловлари бўлмаса, касса учун алоҳида хона бўлиши талаб қилинмайди.

Кўпинча ташкилотлар нақд пул тушумига эга бўлмайди, лекин иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун банкдан пул олади ва касса иши ташкил қилиш учун алоҳида хонага эга эмас. Бундай ҳолда, сейф сотиб олиб, маъмурият хонасига жойланг. Иш ҳақи тўланадиган кунлари бу хонадан корхонанинг кассаси сифатида фойдаланилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам нақд пул сақланиши хавфсизлигини таъминлаш учун ташкилот раҳбарияти жавобгар бўлади.

Кассада қуйидагилар сақланиши керак:

  • ташкилотга тегишли барча нақд пуллар;
  • унинг барча пул ҳужжатлари – почта маркалари, авиачипталар ва бошқалар.

Ташкилотга тегишли бўлмаган пул ва қимматликларни кассада сақлаш тақиқланади.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида:

  • касса эшикларини очиқ қолдирманг, нақд пул билан ишлаётганда уни ичкари томондан қулфлаб олинг;
  • касса ишига алоқаси бўлмаган шахсларнинг хонага киришига йўл қўйманг;
  • нақд пул ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни фақат ёнғинга чидамли шкафларда (сейфларда) сақланг. Иш куни тугагач, уни калит билан қулфланг ва кассир муҳри билан  муҳрланг. 

Металл шкафларнинг калитлари ва муҳрлар кассирда сақланади. Уларни турли жойларда қолдирманг, бегона шахсларга берманг ёки уларнинг ҳисобда турмаган дубликатларини тайёрламанг.

Калитларнинг ҳисобда турган дубликатларини кассир томонидан муҳрланган халтага солиб, ташкилот раҳбарида сақланг. Ҳар чоракда камида бир маротаба уларнинг мавжудлигини назорат текширувидан ўтказинг. Бунинг учун ташкилот раҳбарининг буйруғига асосан махсус комиссия ташкил қилинади, текширув натижалари бўйича далолатнома тузилади.

Калитнинг йўқолгани аниқланганда, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беринг ва металл шкафнинг қулфини алмаштиринг. 

Кассадаги пулларнинг сақланиши учун бевосита кассир ёки унинг вазифасини бажарувчи ходим жавоб беради. У моддий жавобгар шахс ҳисобланади ва унинг айби билан етказилган зарарни иш берувчига тўлиқ миқдорда қоплашга мажбурдир . Шунинг учун кассирни ишга қабул қилишда ёки унинг вазифалари бошқа ходимга ички ўриндошлик асосида юклатилганда:

  • тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузинг;
  • ходимдан тилхат олган ҳолда уни ташкилотда ва (ёки) касса операцияларини юритиш қоидалари, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган кассирнинг лавозим йўриқномаси билан таништиринг.

Касса ҳужжатларининг сақланиш муддатлари

Бирламчи ҳужжатлар, шу жумладан касса ҳужжатлари ҳисобот давридан кейинги камида 5 йил мобайнида сақланиши керак. Бу Солиқ кодексининг 79-моддаси 1-қисмидан, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасидан, «Ўзархив» агентлиги томонидан ишлаб чиқарилган ва тасдиқланган бошқарув ҳужжатларининг Намунавий рўйхатидан келиб чиқади.

Солиқ солиш билан боғлиқ ҳисоб ҳужжатлари солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугагунга қадар, яъни натижаларига кўра солиқ мажбурияти аниқланадиган солиқ даври тугаганидан кейин 3 йил сақланади .

Касса операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик учун жавобгарлик

Касса операцияларини юритиш қоидаларига риоя этмаганлиги учун ташкилотнинг мансабдор шахсларига 15 БҲМ жарима солиниши мумкин .  

Қуйидаги ҳолларда сизга нисбатан жазо қўлланилади:

  • ташкилотнинг нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасангиз ёки тўлиқ кирим қилмасангиз;
  • белгиланган лимитдан ортиқча нақд пулни кассада сақласангиз;
  • нақд пулни банкдан олиш чоғида кўрсатган мақсадга сарфламасангиз;
  • пул маблағларини сақлаш қоидаларига риоя этмасангиз.
Вазият
Меҳмонхонада инкассация хизматининг кечқурунги ташрифидан кейин кечки сменадан кассага нақд пул тушуми кирим қилинди 
Агар касса қолдиғи лимитдан ошса, ташкилот мансабдор шахсларини жазолашадими?
 – Инкассация хизматининг кечқурунги ташрифидан кейин кассага кирим қилинган нақд пуллар ўрнатилган лимитга кирмайди. Шунинг учун бу вазиятда қонун бузилиши ҳолати мавжуд эмас .
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг