Мажбурий рақамли маркировкаланиши керак бўлган товарларга ЭҲФ қандай расмийлаштирилади
Тавсияда:
– чиқувчи ЭҲФни мажбурий рақамли маркировкалаш талабларини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштириш;
– маркировкаланган товарларга кирувчи ЭҲФни текшириш ва тасдиқлаш;
– маркировкаланган товар билан боғлиқ битимларга тузатиш киритиш: хатолар, чегирмалар, ўзгартиришлар.
Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:
- Президентнинг 14.11.2024 йилдаги ПФ-184-сон Фармони;
- Президентнинг 23.05.2025 йилдаги ПҚ-190-сон қарори;
- Президентнинг 06.10.2025 йилдаги ПҚ-296-сон қарори;
- ВМнинг 23.01.2026 йилдаги 23-сон қарори;
- ВМнинг 11.02.2026 йилдаги 56-сон қарори.
Эгалик ҳуқуқининг битта тадбиркорлик субъектидан бошқасига ўтишини назарда тутувчи рақамли маркировкаланган маҳсулот реализация қилиниши реализация қилинаётган маҳсулотларнинг ҳар бир бирлиги учун маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилиши керак
. Маркировкаланган маҳсулотларни ЭҲФсиз кодларни кўрсатган ҳолда реализация қилиш – бу рақамли маркировкалаш қоидаларининг бузилишидир
. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 166-моддаси бўйича маъмурий жавобгарлик 2025 йил 1 январдан бекор қилинган
.
. Фармацевтика соҳасида маркировка кодларини ўзаро тан олиш жорий этилган. Солиқ қўмитаси ҳамкор давлатларнинг рақамли маркировка кодларини Ўзбекистон ҳудудида тан олиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.ЭҲФ расмийлаштирилгач, сотувчи ва харидор унинг тўғрилигини «Asl Belgisi» шахсий кабинетида текширишлари мумкин. «Ҳужжатлар» бўлимида расмийлаштирилган ЭҲФнинг ўзини, уни текшириш натижасини ва маркировкаланган маҳсулот эгасини алмаштириш тартиб-таомили ўтказилишига асос бўлган барча маркировка кодларини топиш мумкин.
Маълумот учун
Айни пайтда хТrace платформасида «Asl Belgisi» тизимининг шахсий кабинети (ШК)нинг янгиланган версияси ишламоқда.
«Asl Belgisi» (xTrace ver. 2.0) тизимида ишлаш бўйича йўриқнома – ҳаволада, янгиланган ШКда иш бошлаш учун қандай созламаларни амалга ошириш керак – ҳаволада.
Тизимда хатолар юзага келмаслиги учун харидор аввал ЭҲФни тасдиқлаш воситасида маркировкаланган маҳсулотларни текшириши ва кирим қилиши, шундан кейингина уни, реализация қилишга киришиши керак керак, ш.ж. чакана савдода.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган ЭҲФни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди
.
2025 йил 1 июлдан бошлаб импорт қилувчи ташкилот томонидан импорт дори воситалари уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ёки унинг расмий дилерлари орқали ЭҲФ асосида реализация қилинади
.
2026 йил 1 мартдан бошлаб рақамли маркировка қилиниши керак бўлган муддати ўтган товарлар савдоси «Asl belgisi» тизими орқали автоматик равишда чекланади
.
2026 йил 1 июлдан бошлаб рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни реализация қилишда
:
- ЭҲФни шакллантиришда лицензия (рухсат этиш ва хабардор қилиш ҳужжати) мавжудлиги, «Asl belgisi» ахборот тизимида рўйхатдан ўтганлиги ва рақамли маркировка кодлари тўғри акс эттирилганлиги автоматик равишда текширилади;
- чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ЭҲФ улар рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни таъминловчи махсус қурилмалар билан жиҳозланганда шакллантирилади.
Чиқувчи ЭҲФ мажбурий рақамли маркировкалаш талабларини ҳисобга олган ҳолда қандай расмийлаштирилади
Сотувчи товар жўнатилган кунда харидорга ЭҲФни тақдим этиши керак
.
Маркировкаланган маҳсулотларни сотиш чоғида ЭҲА тизимидаги шахсий кабинетда ЭҲФ экран шаклида сотувчи «Товар маркировкаланган» махсус белгисини қўяди. Маҳсулот номи ва миқдори тўғрисидаги маълумотлар келтириладиган ЭҲФнинг жадвал қисмида эса рақамли маркировка кодларини акс эттириш учун махсус устун пайдо бўлади.
Сотувчи мажбурий рақамли маркировкаланиши керак бўлган товарнинг МХИКни кўрсатгач, тизим рақамли маркировка кодлари тўғрисидаги ахборотни сўрайди. Сотувчи уни киритмагунча ЭҲФни расмийлаштиришни якунлай олмайди.
Сотувчи харидорга ҳақиқатда жўнатаётган маркировкаланган маҳсулот ўрамларидаги маркировка кодларини сканердан ўтказади ва уларни ЭҲФга киритади.
Маркировка коди МХИКга мос келмаяпти.
Бундай вазиятда нима қилиш керак?
– Бундай хатолар юзага келганда, tasnif.soliq.uz порталида маркировка кодига тегишли штрих-кодни текширинг ва у ерда кўрсатилган МХИКдан фойдаланинг.
Агар МХИК бўйича маълумот мавжуд бўлмаса, МХИК маълумотларини яратиш учун tasnif.soliq.uz орқали ариза юборинг.
Маркировкаланган маҳсулотлар ўз маркировкаси (агрегация коди) бўлган логистика ўрамида (қути, паллета) жамланган бўлса, агрегация кодини сканердан ўтказиш кифоя.
Рақамли маркировка кодларини шакллантирилаётган ЭҲФга иккита усулда кўчириш мумкин:
1) файлни электрон ҳужжат айланиши операторингиз фойдаланадиган (одатда, Excel) форматда юклаб. Бундай файлни маркировка кодлари билан тўлдириш учун махсус қурилмалар – икки ўлчамли лазерли сканерлар ёки маълумотларни тўпловчи терминаллардан фойдаланган маъқул;
2) корхонангизнинг товарларни ҳисобга олувчи автоматлаштирилган тизими (1С, 1UZ ва ҳ.к.) ёрдамида API методлари билан. Ушбу усул катта ҳажмда маҳсулотлар реализация қилинадиган корхоналарга тўғри келади.
Маҳсулотларнинг айрим турлари бир нечта истеъмол ўрами сиғадиган транспорт ўрамида сотилади. Масалан, 6 та шишадан иборат ичимликлар блоги. Бундай ўрамда агрегация коди бўлиб, завод ўрами яхлитлигича қолган бўлса, ЭҲФда бундай транспорт ўрамларининг агрегация кодларинигина акс эттириш зарур. Шишаларнинг маркировка кодларини санаб ўтиш керак эмас.
Бироқ ўрам яхлитлигича қолмаган ва ундан шишалар олинган ёки алмаштирилган бўлса, харидорга ҳақиқатда берилаётган шишаларнинг маркировка кодларини ЭҲФда акс эттиришга тўғри келади.
ЭҲФда харидорга ҳақиқатда берилаётган ўрамларнинг кодлари кўрсатилган бўлиши керак. Маркировкаланган маҳсулотларга нисбатан хатони тузатгандан кўра олдини олган яхши қоидаси амал қилади.
ЭҲФни товар жўнатилаётган пайтда, яъни товарни бутлаш ва (ёки) сотувчидан харидорга ҳақиқатда топшириш пайтида расмийлаштиринг. Бунда харидорга бевосита берилаётган ўрамдаги маркировка кодларини ўқинг.
Маркировкаланган маҳсулотлар билан тўғри ишлаш учун:
1) ҳисобварақ-фактураларни ой якунларига кўра расмийлаштириш амалиётидан воз кечинг. Буни товарни ҳақиқатда жўнатган заҳоти амалга оширинг. Бунда ЭҲФда кўрсатилган маркировка кодлари харидорга берилаётган ўрамдан ўқилиши керак;
2) жўнатилган товарларнинг рақамли маркировка коди берилган заҳоти ЭҲФ расмийлаштирилиши учун экспедитор ва ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш учун масъул бухгалтер ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйинг;
3) товарни бутловчи ёки жўнатувчи ходимни маркировка кодларини ўқийдиган илова ўрнатилган смартфон ёки бошқа гаджет билан таъминланг. Ходимларни ушбу мобил иловадан фойдаланишга ва ҳисобварақ-фактураларни тўғри расмийлаштиришга ўргатинг.
Маълумот учун
- Маркировкаланган маҳсулотлар билан боғлиқ бўлмаган ЭҲФни расмийлаштиришнинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида тавсияда ўқинг.
Маркировкаланган товарларга кирувчи ЭҲФ қандай текширилади ва тасдиқланади
Харидор бир календарь кун ичида маркировкаланган маҳсулотлар бўйича кирувчи ЭҲФни тасдиқлаши ёки сабабларни кўрсатган ҳолда рад этиши керак. Асосийси – календарь кун ичида бунга улгуриш. Акс ҳолда ЭҲФ автоматик равишда қабул қилинган ҳисобланади, уни тузатиб ёки тўлдириб бўлмайди
.
Ҳисобварақ-фактурани тасдиқлашдан аввал унда кўрсатилган рақамли маркировка кодларини товар ўрамидаги ҳақиқий кодлар билан солиштиришни тавсия этамиз. Номувофиқликни аниқласангиз, ҳисобварақ-фактурани қабул қилманг. Сотувчидан ўрамида кодлари кўрсатилган товарни беришини ёхуд сизга жўнатган товарларнинг кодларини ЭҲФда кўрсатишини талаб қилинг.
Етказиб берувчининг ЭҲФни қабул қилганингиздан сўнг «Asl Belgisi» МАТда кўрсатилган товарлар балансингизга ўтади. «Asl Belgisi» МАТ шахсий кабинетида «Ҳужжатлар» бўлимига кириш ва «Кирувчи» қўшимча саҳифасида имзоланган ЭҲФ ва олинган маркировка кодларини кўриш мумкин.
Маркировкаланган товар билан боғлиқ битимларда ЭҲФга қандай тузатиш киритилади: хатолар, чегирмалар, ўзгартиришлар
Маркировкаланган товарлар учун расмийлаштириладиган ҳисобварақ-фактуралар билан ишлаганда етти марта ўлчаб, бир марта кесиш керак. Аввал барчасини солиштириб, шундан кейингина расмийлаштириш ва имзолаш лозим. Харидор ҳам маълумотларни текширишга юзаки ёндашмаслиги керак. Арзимас хатони аниқласангиз ҳам, сотувчи унга тузатиш киритмагунча ЭҲФни иккиланмай рад этинг.
Хатонинг олдини олиб бўлмаганда сотувчи тузатилган ЭҲФни расмийлаштиради.
Харидор товарни қайтарса ёки унинг бир қисмини алмаштиришни сўраса, сотувчи қўшимча ЭҲФни расмийлаштиради.
Иккала вазиятнинг мураккаб жиҳати шундаки, қайтариладиган ёки алмаштириладиган товар харидорнинг қўлида бўлади, қўшимча ёки тузатилган ЭҲФни эса сотувчи расмийлаштириши керак.
Бу ҳолда қуйидаги усуллардан бири ёрдамида ЭҲФ расмийлаштирилишини ташкил этиш мумкин:
1) товар қўлида бўлган харидор қайтариладиган товарлар миқдори ва маркировка кодларини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини шакллантириб, уни сотувчига йўллайди. Сотувчи эса қўшимча ёки тузатилган ЭҲФни расмийлаштиради;
2) сотувчи харидор ҳузурига бориб, ҳужжатни жойида расмийлаштиради.
Қуйидаги ҳолларда қўшимча ЭҲФ расмийлаштирилади
:
- харидор товарларни тўлиқ ёки қисман сотувчига қайтарганда;
- битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан, жўнатилган товарларнинг (кўрсатилган хизматларнинг) нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;
- илгари амалга оширилган етказиб бериш бўйича харидорга чегирма берилганда;
- буюртмачи кўрсатилган хизматлардан воз кечганда.
Қолган ҳолларда тузатилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг
- Маркировкаланган товарларнинг сотилиши онлайн-НКТ чекларида қандай акс эттирилади
- Рақамли маркировкалаш инструментлари билан қандай ишлай бошлаш керак
- Улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг маркировкаланган салқин ичимликлар билан ишлаш тартиби
- Товар қандай маркировкаланади, маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жарима солмасликлари учун нима қилиш керак
- Улгуржи ва чакана савдо корхоналарига (шу жумладан, дорихоналар ва умумий овқатланиш) рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жарима солинмаслиги учун нима қилиш керак

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter