Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш мақсадида мол-мулкни ким баҳолайди
"СКнинг 420-моддасига кўра, солиқ базаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган томонидан аниқланадиган кадастр қийматидир. Ваколатли давлат органи томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг шартли қиймати мавжуд бўлмаган тақдирда, Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоят марказларида 42 млн сўм суммасининг 5 баробари миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати солиқ базаси ҳисобланади.
Баҳолаш ташкилоти жисмоний шахсларнинг жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган деб ҳисобланиши мумкинми?"
Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитаси Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
– Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни Кадастр агентлиги рўйхатдан ўтказади.
Жисмоний шахсларга тегишли уй-жой фонди кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби махсус Низом билан белгиланган.
Ушбу Низомнинг 3-бандига мувофиқ, объектларнинг кадастр қийматини ҳисоблашни Давергеодезкадастр қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда амалга оширади. Давлат қўмитаси Кадастр агентлигига айлантирилган.
Объектларнинг кадастр қиймати Кадастр агентлигининг кадастр ҳужжатлари ва инвентаризация материаллари асосида ҳисобланади.
Шундай қилиб, мол-мулк солиғини ҳисоблаш мақсадида жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган - Кадастр агентлигидир. Баҳолаш ташкилоти бундай орган ҳисобланмайди.
Эътибор беринг
2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи учун белгиланган минимал қийматдан паст бўлмаган солиқ базасини аниқлаш қоидалари татбиқ этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш, ипак қурти етиштириш учун мўлжалланган объектлар бундан мустасно.
Бунда жисмоний шахс, агар объектнинг 1 кв.м қиймати минимал қийматдан паст бўлса, кўчмас мулк объектларининг қийматини мустақил баҳолашни ўтказиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда объектларни баҳолаш учун баҳолаш ташкилоти жалб қилиниши мумкин.