Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЭТТЮХни расмийлаштириш кечиккан бўлса
1 июлдан бошлаб ЭТТЮХ расмийлаштириши шарт бўлган тадбиркорлик субъектлари сафига қўшилган солиқ тўловчилар мураккаб вазиятга тушиб қолдилар. Йирик солиқ тўловчилардан фарқли ўлароқ, улар ўтган давр учун барча ЭТТЮХларни тақдим эта олмайдилар.
Бундай вазиятда нима қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Рустам СОБИРОВ гапириб берди:
Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Қонун бўйича қандай бўлиши керак
– Юк жўнатувчи ЭТТЮХни расмийлаштириш билан бир вақтда ЭҲФ расмийлаштириши керак .
Агар Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ва уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-7-бандларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура товарларни жўнатиш (топшириш) ёки хизматлар кўрсатиш санасида ёзиб берилади .
Бу икки нормадан ЭТТЮХни товарларни жўнатиш (топшириш) календарь санасида расмийлаштириш кераклиги аниқ тушунарли, энг тўғри вариант – расмийлаштиришни машина сотувчининг омборидан жўнаб кетишидан олдин бажарилгани яхши.
Амалда нима бўлди
Бухгалтерларнинг хаёлида ўтган ой учун ҳисобварақ-фактураларни кейинги ойнинг 10-санасигача расмийлаштириш мумкинлиги қаттиқ ўрнашиб қолган. Бунга солиқчиларнинг ўзлари кўмаклашган. Аслида, бу норма товарлар реализациясига татбиқ этилмайди. Бироқ ҳеч қандай техник чекловлар йўқ. Шунинг учун товарлар реализациясида ҳам ЭҲФни 10-санагача расмийлаштирадилар. Кўпчилик ҳисобварақ-фактуралар 10-санагача бўлса, ЭТТЮХни ҳам 10-санагача расмийлаштиришга рухсат беришади деб ўйлаган.
Эҳтимол, кимдир кўникма йўқлигидан ЭТТЮХни ўз вақтида тақдим этмагандир. Балки йирик солиқ тўловчиларнинг тажрибасига ориентир олгандир, ўтган солиқ даври учун ЭТТЮХ тақдим этишга қўшимча муддат олишга умид қилгандир. Ва бу ерда гап кимдир электрон ҳужжатларни белгиланган муддатларда расмийлаштиришни истамаётгани ҳақида эмас. Бир кунда кўплаб ЭҲФ ва ЭТТЮХ тақдим этишга тўғри келадиган корхоналар бор. Бу иш участкасига бир нечта одам ажратилган, лекин ҳажмлар ёки иш хусусиятлари туфайли улар барибир улгуришмаяпти. Шунинг учун муддатларни бузишга тўғри келмоқда.
1 августга келиб июль ойи учун расмийлаштирилмаган ЭТТЮХлари қолганлар 5 августгача ўтган ой учун ЭТТЮХ тақдим этишлари мумкин эди ва бу билан ҳаммаси тугайди. Солиқчилар буни техник носозликлар туфайли қоғозда расмийлаштирилган ТЮХни ЭТТЮХ тизими иши тикланганидан кейин 5 иш куни ичида электрон шаклда тақдим этиш мумкинлиги ҳақидаги норма билан тушунтирмоқдалар .
Баъзи солиқ тўловчилар вазиятдан чиқишга уриниб, ЭТТЮХни август санаси билан тақдим этмоқдалар, лекин товар номида "товар июлда етказиб берилган" деган белги қўймоқдалар. Бу солиқ тўловчига ёрдам бериши даргумон, кўпроқ чалкашлик туғдиради. Дастур барибир бу ёзувни қабул қилмайди. Августда бирдан июлда сотилган товар учун ҳужжатлар пайдо бўлиб қолди... Агар юк олувчилар бундай ЭТТЮХларни ҳали имзоламаган бўлсалар, уларни рад этиш яхшироқ бўлади.
Солиқ қўмитаси раиси тадбиркорлар билан учрашувда бир йил давомида ЭТТЮХни нотўғри расмийлаштирганлик учун жарима солинмаслигини ваъда қилди. Шунинг учун мен июлда ЭТТЮХ расмийлаштирилмаган ташишларни шундайлигича қолдирган бўлардим. Ҳеч бўлмаганда - Солиқ қўмитаси, агар зарур деб ҳисобласа, июль учун ЭТТЮХ тақдим этиш муддатларини узайтириш ҳақида эълон қилгунига қадар.
Бундан кейин белгиланган қоидаларни бузмаган маъқул.
Мен Солиқ қўмитаси мутахассисларининг эътиборини юзага келган вазиятга қаратмоқчи эдим. Агар июлда ЭТТЮХ тақдим этишга улгурмаганларга истисно тариқасида бундай имконият берилса, тўғри бўлади. Умуман олганда, ЭТТЮХ тақдим этиш муддатларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, кўпчилик тадбиркорлар белгиланган муддатда ҳужжатни шакллантиришга улгурмаяптилар.
Buxgalter.uz тавсия этади:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади