Трансферт нархлар бўйича солиқ солиш асослари қаерда ёзилган? (5-6-қисм)

preview

Трансферт нархлар нафақат солиқ солиш масалаларида, бухгалтерия ҳисоби ва бошқарув учун ҳам аҳамиятли ҳисобланади.  MBA, ДипИФР, «SFAI Buxgalter-audit» МЧЖ Аудиторлик ташкилоти аудитори Иброҳим Аҳмадхонов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) трансферт нархлар бўйича йўриқномасини қўллашга оид халқаро амалиётлар хусусида туркум мақоллар тайёрлаган. Бугун buxgalter.uz ўқувчилари учун мазкур туркумдаги мақолаларнинг 5-6-қисмини чоп этамиз.

 

Кўп ҳолларда трасферт нархлар халқаро солиқ солиш масаласи ҳисобланади. Кўпчилик давлатлар трансферт нархлар бўйича солиқ солиш базасига тузатиш киритиш масаласини ўзининг ичидаги компаниялар учун қўлламайди. Чунки, бир тарафдан, ортиқча солиқ маъмурчилиги, бошқа тарафдан симметрик тузатиш туфайли давлат бюджетига тушиши мумкин бўлган тушум аҳамиятсиз даражада кичик бўлади.

Халқаро миқёсда, бир компаниянинг фойдаси бўйича қаерда солиққа тортилиши юзасидан икки давлатнинг манфаатлари тўқнашади. Бу ҳолатда хар бир давлат трансферт нархлар бўйича сиёсати билан ўз манфаатларини ҳимоя қилиши табиий, албатта.

Икки давлат ўртасидаги солиқ масалаларини Иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш келишувлари асосида ушбу давлатлар келишган ҳолда амалга оширадилар. Бундай келишувларнинг 2 та модели бор. Биринчи модель Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) модели, иккинчиси Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) модели.

Биласиз, икки давлатнинг солиқ қонунчилиги бир-бирига ўхшамайди. Натижада, бир компания ҳар икки давлатда фаолият олиб борса, икки марта солиқ тўлаш эҳтимоли юзага келади. Бунинг олдини олиш учун давлатлар ўртасида ана шундай иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш келишуви тузилган бўлиши лозим. Бунда икки давлат ушбу компаниянинг солиғини ўзаро бўлиб олишда унинг резидентлиги ва даромад олиш манбаси бўлган жойни ҳисобга олган ҳолда келишилади.

 

Ўйлаб кўринг: ЎзР солиқ кодексига киритилган трансферт нархларини Ўзбекистон ичидаги компаниялар ўртасидаги операцияларга қўллаш қанчалик самара бериши мумкин?

 

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш келишувининг ИҲТТ модели

Давлатлар учун иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги шартномаларни нолдан бошлаб музокара қилиш қийин ва самарасиз бўлар эди. Шу сабабли, мамлакатлар икки томонлама солиққа тортишнинг бир хил ҳолатларига умумий ечимларни қўллаш орқали аниқлаштириш, стандартлаштириш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ эканлигига келишиб олдилар. Бунда ИҲТТ (OECD) халқаро солиқ қоидаларини ишлаб чиқишда етакчи роль ўйнаган, улар ҳозирга қадар мамлакатлар томонидан иккиёқлама солиқ шартномаларида қўлланиб келмоқда.

ИҲТТ 1961 йилда ташкил этилган 37 аъзо давлатни ўз ичига олган ҳукуматлараро иқтисодий ташкилот бўлиб, иқтисодий тараққиёт ва жаҳон савдосини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. Бу ташкилот сиёсий тажрибаларни солиштириш, умумий муаммоларга жавоб излаш, яхши тажрибаларни аниқлаш, аъзоларининг ички ва халқаро сиёсатини мувофиқлаштириш учун платформа яратади. Умуман олганда, ушбу ташкилотнинг аъзолари ривожланган давлатлардан иборат. 2020 йил ҳолатига ушбу ташкилот аъзоларининг иқтисодиёти дунё иқтисодиётининг 50%ини ташкил қилган (ЯИМ бўйича).

Ушбу ташкилот томонидан ишлаб чиқилган иккиёқлама келишув модели икки давлат солиқ масалалари бўйича ўзаро келишувга эришишида қўлланиб келмоқда. Ушбу келишув намунаси 32 моддадан иборат (тахминан 25 варақ). Лекин, унга ёзилган шарҳ тўлиқ шаклда 2800 варақни, қисқартирилган шаклда 700 варақни ташкил қилади. Келгусида ушбу шарҳнинг қисқартирилган шаклини Сизларга ўзбек тилида тақдим этишга ҳаракат қиламиз.

 

Ушбу келишувнинг умумий тузилиши қуйидагича:

1-5-моддалар: Қўллаш доираси ва асосий атамалар (масалан, резидентлик ёки доимий муассаса каби тушунчалар)

6-21-моддалар: Турли даромад турларига нисбатан давлатларнинг солиқ солиш ҳуқуқлари

22-модда: Капиталга солиқ солиш

23-модда: Икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш

24-31-моддалар: Бошқа маъмурий ва солиқдан қочиш масалалари бўйича шартлар

Кўпчилик ИҲТТ модели ривожланган давлатларга, яъни капитални экспорт қилувчи давлатлар учун ёзилган деб ишонади. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар ташкилоти ҳам ўз моделини ишлаб чиққан.

 

 

 

Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш Трансферт баҳони шакллантириш /uz/publish/doc/text202225_transfert_narhlar_buyicha_soliq_solish_asoslari_qaerda_ezilgan_5-6-qism