ТСОЯЭАТга маълумотлар ўз вақтида киритилмаганлиги учун қачон жарима солиниши мумкин

preview

Солиқ тўловчи ТСОЯЭАТга битим бўйича маълумотларни киритиш муддатларини бузди. Уни солиқ органига чақириб, 8–12 БҲМ миқдорида маъмурий жарима солиш билан таҳдид қилишмоқда.

Бу вазиятда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Хўжалик юритувчи субъектлар ТСОЯЭАТга қуйидагиларни киритишлари шарт :

  • бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматларнинг экспорт ва импорти бўйича маълумотларни далолатнома тузилган ойдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирилмаган муддатда;
  • сотиб олиш контрактлари ҳамда сотиш контрактлари доирасида товарлар қабул қилиб олинганлигини ҳамда етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни – улар тузилган кундан бошлаб 1 кун ичида.

Мазкур талабларга риоя қилмаслик ҳамда ТСОЯЭАТда шартнома маълумотларини нотўғри шакллантириш – бу экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузиш ҳисобланади. Бу МЖТКнинг 171-моддасига биноан мансабдор шахсларга 8–12 БҲМ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим, башарти мансабдор шахслар, тадбиркорлик субъектлари ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар :

  • ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган бўлса;
  • уни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кун мобайнида ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса.

Эътибор беринг

Ушбу ҳуқуқбузарлик учун солиқ тўловчини фақат суд тартибида жавобгарликка тортиш мумкин. Солиқ органлари фақат ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва уни судга кўриб чиқиш учун топшириш ҳуқуқига эга.МЖТКнинг 264-моддасига мувофиқ, ушбу ҳуқуқбузарлик солиқ органлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тегишли эмас.

 

Жаримадан қочиш мумкинми

Судья ишни кўриб чиқишга тайёрлаш вақтида қуйидаги масалаларни  ҳал қилади – иш суднинг ваколат доирасига кириш-кирмаслиги; баённома ва ишга оид бошқа материаллар тўғри тузилган-тузилмаганлиги; қатнашувчилар уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилинган-қилинмаганлиги; қўшимча материаллар сўраб олинган-олинмаганлиги; илтимослар тақдим этилган-этилмаганлиги; шунингдек, бошқа зарур масалалар. Шу боис, агар судгача босқичда бирор бир қоидабузарликка йўл қўйилган бўлса, бу ҳақда судга хабар беринг.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ва ишнинг бошқа материалларини олган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқади. Бунда у маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг МЖТКнинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши шарт. Бу моддани эътибор билан ўрганиб чиқинг.

Эътибор беринг

Маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас .

Агар суд жавобгарликдан озод қилувчи ҳолатларни аниқласа, у иш бўйича суд иши юритилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариши керак. Судлар бу меъёрни, жумладан, ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳам қўллаши мумкин. Суд фақат иш мазмунан кўриб чиқилгандан ва шахс ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилгандан сўнг бундай қарорга келиши мумкин .

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги тушунчаси ёритиб берилмаганлиги сабабли, ушбу масалани суд муайян ишнинг ҳолатларига қараб ҳал қилади. Шунинг учун умидсизликка тушманг ва судда ҳуқуқбузарлик сиз томонингиздан биринчи марта содир этилганини ва унинг барча оқибатлари бартараф этилганини исботлашга ҳаракат қилинг. Бу ҳолда суд маъмурий ишни тугатиши мумкин.

Кейинчалик мазкур меъёрларни бузмасликка ҳаракат қилинг, чунки жаримадан қочиб бўлмай қолади.

Бунда шуни ёдда тутинг: агар маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, у маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади .

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /uz/publish/doc/text202857_tsoyaeatga_malumotlar_uz_vaqtida_kiritilmaganligi_uchun_qachon_jarima_solinishi_mumkin