Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Жисмоний шахснинг ЭРИсини қай тарзда тезроқ олиш мумкин
e-imzo.uz сайти «кўчиб ўтди» ва энди янги манзилда жойлашган – e-imzo.soliq.uz. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар портал функционалини такомиллаштиришди. Хусусан, ўзбекистонликлар энди ЭРИни олиш ёки унинг амал қилиш муддатини масофадан туриб – бир неча босиш орқали узайтириши мумкин.
Буни қандай амалга ошириш ҳақида buxgalter.uz йўриқномасида ўқинг:
Эътибор беринг
Мутахассисларнинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
1. Жисмоний шахснинг янги ЭРИсини олиш керак бўлса
Жисмоний шахснинг шахсий ЭРИси ёки юридик шахснинг раҳбари номига ЭРИни масофадан - аввалгидек паспорт ёки ID-карта билан селфи қилиш ва кейинги кутиш жараёнисиз олиш мумкин. Бунинг учун янги технология – Face ID жорий қилинган.
Энди ариза топширишда сизга ЭРИни олаётган қурилма камераси орқали олинган аниқ юз расмингизни (паспортсиз) юбориш кифоя. Ва рақамли имзони ариза учун тўловни амалга оширгандан сўнг дарҳол оласиз. Бунинг учун флешка, компьютерингиздаги С дискидаги DKEYS папкаси ёки USB-токен керак бўлади. Шунингдек – мобил телефон, унга тасдиқлаш кодлари юборилади.
Тўлов – БҲМнинг 7% – ЭРИ учун тўловни қабул қилувчи мобил илова орқали амалга оширилади.
2. Агар ЭРИнинг амал қилиш муддатини «узайтириш» керак бўлса
«Узайтириш» сўзини қўштирноқ ичига оламиз, чунки амалда муддатни узайтиришда сиз эски ўрнига янги ЭРИ калитини оласиз. Калит 2 йилга берилади, шундан кейин уни янгилаш керак бўлади.
Агар ЭРИнгизнинг амал қилиш муддати ҳали тугамаган бўлса, лекин якунланишига яқин қолган бўлса, уни янгилаш янада осонроқ бўлади:
1) ҳали амал қилаётган ЭРИ ёрдамида e-imzo.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетга киринг. Бу ҳолда сизга селфи қилиш керак бўлмайди, тизим сизни ЭРИнгиз орқали таниб олади;
2) «Калит яратиш» (флешкадаги ЭРИ учун) ёки «USB-калит» (USB-токендаги ЭРИ учун) функцияларидан бирини танланг;
3) ЭРИни бериш учун йиғимни ўзингизга қулай бўлган усулда тўланг.
4) Кейинги 2 йил учун ЭРИни олинг.
«Yangi texnologiyalar» ИАМ мутахассислари ўтиш даврида порталнинг баъзи функциялари узилишлар билан ишлаши мумкинлигини огоҳлантиради.
Қуйидаги масалалар бўйича батафсил тавсиялар:
- жисмоний шахснинг ЭРИсини олиш ва амал қилиш муддатини узайтириш;
- паролни ўзгартириш ва хавфсизликни таъминлаш;
- жисмоний шахснинг талаб қилинмаган ЭРИсини бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш ҳақидаги маълумотларни сиз Buxgalter.pro нинг янги тавсиясида топасиз: Жисмоний шахснинг ЭРИсидан лавозим мажбуриятларини бажариш учун қандай фойдаланиш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади