Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
QR-кодли чек бўлмаганда хизмат сафари харажатларини қандай қоплаш керак
«Ходим Ўзбекистон ҳудудида хизмат сафарида бўлди. У меҳмонхонада яшаганлик ҳақида квитанция тақдим этди, тўлов чеки йўқ, лекин «тўланди» деган белги қўйилган. Мазкур ҳужжат яшаш харажатларини тўлиқ ҳажмда тўлаш учун асос бўла оладими? Ёки биз унга харажатларни БҲМнинг 20% миқдорида қоплашимиз керакми?»
Саволга «Норма» эксперти, «Биз жавоб берамиз!» хизматининг мутахассиси Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:
Эътибор беринг
Материал «Биз жавоб берамиз!» пуллик базасидан, истисно тариқасида эълон қилинмоқда.
Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва тайёр жавоблар базасининг тўлиқ мазмуни билан танишиш имкониятига эга бўлиш учун Buxgalter Pro обунасини расмийлаштиринг.
– Ўзбекистон ҳудудида хизмат сафари пайтида ходимларнинг харажатларини қоплаш тўловларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Низом тартибга солади. Унинг нормалари бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар, бюджет тизими бюджетларидан маблағлар ажратиладиган, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно, барча ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари учун тавсиявий хусусиятга эга.
Низомда яшаш харажатларини қоплаш учун QR-кодли онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини талаб қилиш шарт эканлиги айтилмаган. Унда тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги, улар бўлмаганда яшаш харажатлари ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20% миқдорида қопланиши айтилган .
Бироқ, 2022 йил 1 январдан савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал касса билан бир вақтда фискал маълумотларни ҳисобга олиш бошқа турдаги (иккиламчи) тизимларидан фойдаланиш тақиқланган. Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари биргаликда тасдиқлайдиган рўйхатга киритилган олис, бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари бундан мустасно . Яъни, QR-кодли чек бермаслик ҳуқуқига эга бўлиш учун меҳмонхона онлайн-НКМ ёки виртуал кассалардан фойдаланиш талаби ҳали жорий қилинмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктида жойлашган бўлиши керак.
Бундай ҳолда ходим QR-кодсиз квитанция ёки чекни тақдим этиши мумкин, унга тўлов ҳисобварағи ёки кўрсатилган хизматлар далолатномасини илова қилиши, иш берувчи эса бу харажатларни қоплаши мумкин.
Қолган ҳолларда корхона QR-кодли онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекисиз яшаш бўйича ҳужжатларни харажатларни қоплаш учун асос сифатида қабул қилиш-қилмасликни мустақил ҳал қилиши керак, чунки бу солиқ хатарлари билан боғлиқ.