Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Курсдаги фарқлар хизмат ҳисобланадими
Корхонада (ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси) ўтказилган солиқ аудити натижалари бўйича текширувчилар корхона курс фарқига бир томонлама ЭҲФ тақдим этмаганлиги сабабли ҚҚС қўшимча ҳисоблашди.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
Мутахассиснинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Ҳаммаси Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 59-1-бандига бориб тақалади. Унда солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида бир томонлама ЭҲФ қуйидаги харажатлар ва бошқа даромадларга расмийлаштирилиши айтилган:
- акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш;
- акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
- акциз тўланадиган товарларнинг реализация қилиш нархи билан таннархи ўртасидаги ижобий фарқ;
- Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва (ёки) Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқолиши, яроқсиз ҳолга келиши, камомади, нобуд бўлиши ёки шикастланишини (синиши, бўлиниши) аниқлаш;
- узоқ муддатли шартномалар, РЕПО операциялари, қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан операциялар бўйича даромадлар;
- асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар;
- текин олинган мол-мулк (хизматлар);
- инвентаризация натижасида аниқланган ТМЗ ва бошқа мол-мулк ортиқчаси қиймати кўринишидаги даромад;
- қонунчиликда белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар;
- талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шартномаси бўйича даромадлар;
- илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларни қоплаш кўринишидаги даромадлар;
- шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, зарарларни (зиённи) қоплаш суммалари;
- валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошган қисми;
- акциядор (мулкдор, иштирокчи, муассис) ўз улуши (улушининг бир қисми) қийматини ушбу юридик шахс фойдасига олишдан воз кечган ҳолда ёки устав фондини шакллантиришда (кўпайтириш ёки камайтиришда) юридик шахснинг УФ (УК)ни камайтириш муносабати билан олинган даромад;
- СКнинг VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компанияси фойдаси кўринишидаги даромад;
- дивидендлар ва фоизлар кўринишида олинган даромадлар.
Кўриниб турибдики, Низомнинг 59-1-бандида бу норма кимга тегишли эканлиги аниқ ажратилмаган.
Энг қизиғи «валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошган қисми»дан бошланади. Агар бундай ҳисобварақ-фактурани ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси тақдим этишга уринса, бу ЭҲФ шакли айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари учун мўлжалланганлиги ҳақида хабар олади. Ва ҚҚС тўловчиси бундай ҳисобварақ-фактурани тақдим эта олмайди.
Солиқ маъмурчилиги бундай чегарани нима асосида ўрнатди? Ахир 59-1-банди мазмунидан келиб чиқадики, валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошган қисмига бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш ҳуқуқи ҳам айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларида, ҳам ҚҚС тўловчиларида бўлиши керак.
Шундай қилиб, текширувчи ҚҚС тўловчисига курс фарқига бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш керак эди, дейди. Ва у ҳақ, чунки қонунчиликда ҚҚС тўловчилари учун чекловлар белгиланмаган. Лекин техник жиҳатдан бундай имконият фақат айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларида бор. Баҳс ана шундан келиб чиқмоқда.
Курс фарқини хизмат кўрсатиш бўйича ҳисобварақ-фактурага киритиш нотўғри бўлади. СКнинг 45-моддасига мувофиқ курс фарқи хизмат ҳисобланмайди.
Текширувчилар хоҳлаганидек қилинса, яъни курс фарқига ЭҲФ тақдим этилса, агар ижобий курс фарқи солиқ тўловчининг айланмаларига нисбатан сезиларли бўлса, бу деярли барча ҚҚС ҳисобга олинишини «ютиб юборади».
Менимча, Низомнинг 59-1-бандига зарур аниқликлар киритиш керак. Ёки бу масала бўйича алоҳида мутахассисларнинг эмас, Солиқ қўмитасининг расмий тушунтиришларини олиш керак. Шунда ким ҳақлиги ва бу вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклиги аниқ тушунарли бўларди. Ҳозирча эса тадбиркор юқори турувчи солиқ органига эътироз билан мурожаат қилиши керак. Агар масала мурожаат қилинган ташкилотда ўз ечимини топмаса, унда судга мурожаат қилиш керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади