Бухгалтер билиши керак бўлган барча ахборот – Buxgalter Pro да:
2024 йил 13 декабрдан Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори (ХАЛИКК-2024) кучга кирган.
Ушбу миллий стандарт иш берувчилар ва уларнинг ходимлари учун қандай муаммоларни келтириб чиқараётгани ва уларни қандай бартараф этиш мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра юридик фанлари номзоди Михаил ГАСАНОВ ҳикоя қилди:
Эътибор беринг
Экспертнинг зарур тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори – мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар фойдаланадиган миллий стандартдир. Унинг асосида лавозим ва касблар номлари аниқланади, штат жадваллари тузилади, меҳнат дафтарчаларига, жумладан электрон меҳнат дафтарчаларига ёзувлар киритилади, меҳнат шартномалари рўйхатга олинади, кадрлар бўйича буйруқлар расмийлаштирилади, лавозим ва касбларга малака талаблари белгиланади.
Классификаторни тўғри қўллаш ходимнинг имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига таъсир қилади. Агар касб ёки лавозим номи имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг махсус рўйхатларига мос келмаса, ходимда имтиёзли пенсияни расмийлаштиришда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.
Классификатор – доимий янгиланиб турадиган жонли ҳужжат эканини тушуниш муҳим. Бу иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши ва бошқарувнинг янги шакллари жорий этилиши билан боғлиқ. Илгари мавжуд бўлмаган мутлақо янги касблар пайдо бўлмоқда. Бундан ташқари, ҳатто анъанавий касбларга ҳам янги талаблар қўйила бошланди – таълимга қўйиладиган талаблар ўзгармоқда, лавозим ва касблар номлари тузатилмоқда.
Янги ХАЛИКК -2024нинг биринчи муаммоси – унинг оммабоплиги. «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонунга кўра миллий стандартлар кенг жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак 03.11.2022 й. ЎРҚ-800-сон 23-м.. «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонунда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шартлиги белгиланган. Бундай ахборотдан фойдаланиш уни эълон қилиш ва тарқатиш орқали таъминланади 24.04.1997 й. ЎРҚ-400-I-сон 7-м. 20.04.2021 й. ЎРҚ-682-сон 47-м..
Ушбу Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот бепул тақдим этилиши лозимлигига эътибор қаратиш муҳим.
Миллий стандартлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш масалалари Миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ва уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом билан ҳам тартибга солинади. Ушбу низомнинг 50-бандига мувофиқ миллий стандарт қабул қилинган кундан бошлаб 5 календарь кун ичида умумий фойдаланиш учун Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва мунтазам янгиланиб борилади.
Бироқ амалда янги классификатордан фойдаланиш учун 5 млн 40 минг сўм тўлаш керак.
Молиявий қулайликдан ташқари яна бир жиддий муаммо бор – классификаторни қўллаш механизми. Ҳатто ташкилот пул тўлаб, ҳужжатдан фойдаланиш имкониятига эга бўлса ҳам, уни амалда қандай қўллаш масаласи юзага келади. Ҳар қандай миллий стандарт фақат уни қўллаш механизмлари мавжуд бўлгандагина ишлаши мумкин. Бусиз у шунчаки декларация бўлиб қолади.
Аниқ мисол келтираман: ташкилот янги классификатордаги лавозим номи билан ходимни ишга қабул қилмоқчи. Лекин меҳнат шартномасини рўйхатга олиш ёки электрон меҳнат дафтарчасига ёзув киритишни Ягона миллий меҳнат тизими орқали амалга оширишга уринганда муаммолар юзага келади. Дастур янги лавозим номларини кўпинча қабул қилмайди, чунки у янги классификаторга мувофиқлаштирилмаган.
Ёпиқ доира ҳосил бўлмоқда. Бир томондан, янги классификатор кучга кирди, бошқа томондан эса, уни техник жиҳатдан қўллаш имконсиз. Натижада иш берувчилар эски лавозим ва касб номларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар.
Нима қилиш керак
Камида иккита ишни қилиш керак. Биринчидан – классификатордан реал фойдаланиш имкониятини таъминлаш – пулли фойдаланишни бекор қилиш. Иккинчидан – ягона миллий меҳнат тизимини янги классификаторга мувофиқлаштириш.
Мени бу нима учун олдиндан қилинмагани ҳайрон қолдиради. Классификатор 2024 йил 13 ноябрда тасдиқланган ва 13 декабрда кучга кирган. Бунда «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонунга кўра эълон қилинганидан сўнг 60 кунгача ўтиши мумкин эди 03.11.2022 й. ЎРҚ-800-сон 18-м.. Яъни тайёргарлик учун бир ой эмас, икки ой олиш имконияти бор эди. Шу вақт ичида классификаторни амалда қўллаш учун барча зарур механизмларни яратиш мумкин эди.
Buxgalter.uz тавсия этади