Саволларингизга жавобларни Buxgalter Pro да топасиз:
Ўзбекистонда хорижий компанияларнинг ваколатхоналарини тугатиш нима учун мураккаблашмоқда

Вазият: хорижий компания ўз ваколатхонасини ёпмоқда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига фаолиятни тўхтатиш тўғрисида хабарнома юборилди. Вазирлик аккредитациянинг тўхтатилганлиги ҳақида маълум қилди. Кейин ваколатхона ИССВ жавобини илова қилган ҳолда солиқ органига хат юборди. Аммо ягона солиқ тўловчилар реестридан чиқариш билан боғлиқ муаммолар юзага келди: солиқ органи ўз кучини йўқотган НҲҲга ҳавола қилиб, расмий жавоб берди. Давлат органининг хатларида айнан хорижий юридик шахс ваколатхонаси учун аниқ ҳаракатлар алгоритми йўқ, вазият муаллақ ҳолатда қолди.
Вuxgalter.uz сўровига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлади:
Мутахассис тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Аккредитациянинг тугаганлиги тўғрисидаги хабарномага қарамай, солиқ инспекцияси ваколатхонага, аллақачон ўз кучини йўқотган 23.10.2000 йилдаги 410-сон ВМҚ ва 3251-сон Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомга ҳавола қилиб, расмий хат юборди.
Шунингдек, солиқ органи негадир ваколатхона солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари орқали ёпилиши мумкин деб хабар беради.
Аммо 664-сон ВМҚга кўра, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари фақат сўнгги 3 йилда йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни текширади ва хулоса беради 02.11.2021 й. 664-сон ВМҚга илова 2-б.. Хорижий компанияларнинг аккредитациядан ўтган ваколатхоналари эса на тадбиркорлик субъекти, на юридик шахс ҳисобланади: "ваколатхона юридик шахс ҳисобланмайди, хўжалик ёки тижорат фаолиятини амалга оширмайди" 07.02.2024 й. 76-сон ВМҚга илова 7-б..
Муаммо нимадан келиб чиққан ва уни қандай ҳал қилиш мумкин
Солиқ кодекси ҳамда ДСХОда хорижий юридик шахсларнинг доимий муассасалари ва алоҳида бўлинмаларини ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш давлат хизматини кўрсатиш бўйича Маъмурий регламентда, 07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚда ваколатхоналарни текшириш ва ёпиш тартиби белгиланмаган. Бу хорижий компаниялар ва уларнинг ваколатхоналари учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда:
- расмий ёпилишнинг имконсизлиги туфайли маъмурий жарималар ва санкцияларнинг тўпланиши;
- қўшимча маъмурий харажатлар;
- хорижий инвесторлар учун обрў-эътибор хавфи;
- ҳар бир ҳолатни ҳал қилиш учун юқори органларга мурожаат қилиш зарурияти.
Мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун қуйидагилар талаб этилади:
1) Ўзбекистонда хорижий компаниялар ваколатхоналарини тугатиш бўйича аниқ регламент ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
2) норматив-ҳуқуқий базани янгилаш, ундан ўз кучини йўқотган ҳужжатларга ҳаволаларни чиқариб ташлаш;
3) ДСХО ходимлари орасида ваколатхоналарни тугатиш масалалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш.
Буларнинг барчаси ҳали амалга оширилмаган экан, хорижий компаниялар ва уларнинг ваколатхоналарига аниқ низоли вазиятларни ҳал қилиш учун юқори турувчи органларга мурожаат қилишни тавсия этаман.
Бундай бюрократик тўсиқлар мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши ва тизимли ечимни талаб қилиши ҳақида гапиришга ҳожат борми?
Хорижий компаниялар ваколатхоналари фаолиятини тўхтатиш учун нима асос бўлиши керак
07.02.2024 йилдаги 76-сон ВМҚ нормаларини ҳисобга олган ҳолда:
1. Ваколатхонани реестрдан чиқариш учун асос Хорижий юридик шахснинг ваколатхона фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзма аризаси ҳисобланади 30.01.2019 й. 76-сон ВМҚга 2-илова.
2. Ваколатхона фаолияти қуйидагиларнинг ташаббуси билан тўхтатилиши мумкин:
- хорижий компания;
- ваколатли давлат органи (қоидабузарлик ҳолатида).
3. Реестрдан чиқариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:
- хорижий юридик шахснинг аризаси;
- бош офиснинг ваколатхонани тугатиш тўғрисидаги қарори (буйруғи);
- солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат;
- ҳисоб рақамининг ёпилганлиги тўғрисидаги ҳужжат (банкдан маълумотнома);
- ваколатхона фаолияти тўғрисида маълумотнома (ҳисобот) (мажбурий эмас);
- хорижлик ходимлар мавжуд бўлганда – хорижлик ходимларнинг меҳнат фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисида миграция хизматидан маълумотнома.
Ҳаракатлар тартиби:
1. Тўлиқ ҳужжатлар тўпламини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этиш.
2.Солиқ ва бошқа мажбуриятларнинг ўзини-ўзи текшириш.
3. Агар мулк мавжуд бўлса – уни реализация қилиш (топшириш) ва мулкни топшириш пайтида солиқ мажбуриятларини бажариш.
4. Солиқ органининг ваколатхонани Реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши ва ариза берувчига тегишли хабарнома бериши.
Муддатлар:
Муддатлар аниқ белгиланмаган, шунинг учун амалда жараён бир неча ой давом этиши мумкин. Бу муддат 15 ойгача чўзилган ҳолатни биламан!
Ваколатхона фаолиятини тўхтатиш учун чек-варақ
Т/р |
Ҳужжат / Ҳаракат |
Изоҳ |
1 |
Ваколатхонани ёпиш учун ариза |
Эркин шаклда, фирма бланкасида, бош офис номидан |
2 |
Ёпиш тўғрисида қарор |
Хорижий компания раҳбариятининг буйруғи/қарори, таржимаси билан |
3 |
Қарздорлик йўқлиги тўғрисида солиқ органидан маълумотнома |
Текширувдан сўнг ёки сўров бўйича олинади |
4 |
Банк ҳисобварағининг ёпилганлиги тўғрисида маълумотнома |
Ўзбекистонда очилган барча ҳисоб рақамларидан |
5 |
Балки молиявий ҳисобот ёки қисқа маълумотнома керак бўлиши мумкин |
Эркин шакл |
6 |
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан маълумотнома (хорижий ходимлар мавжуд бўлганда) |
Хорижликларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида |
9 |
Офис жойлашган жой тўғрисида ҳужжат (агар сўралса) |
Ижара шартномаси/бекор қилиш |
10 |
Тўлиқ тўпламни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этиш (my.gov.uz) |
Рўйхат илова қилиш мақсадга мувофиқ |
Юлия ТАРШИЛОВА тайёрлади