Ходимнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотнома: 2025 йилда бухгалтер нимани билиши керак

preview

Жисмоний шахснинг даромадлари тўғрисидаги маълумотнома - «оддий» кўринадиган ҳужжат. Лекин камдан-кам ташкилотда унинг бериш жараёни тўғри йўлга қўйилган. Бундай маълумотномадаги хатолар компания учун хавф туғдиради: ҳам солиқ органининг ортиқча эътибори, ҳам ходимларнинг шикоятлари. Бухгалтер маълумотномани қандай шаклда бериш, қачон унинг беришдан бош тортиш мумкин ва ходимдан ариза олиш ҳамда маълумотномани рўйхатга олиш керакми буларни аниқ билиши муҳим.

Материалда:

жисмоний шахс даромадлари тўғрисидаги маълумотнома нима учун керак;
маълумотнома тузилиши ва мазмунига қўйилган талаблар;
бухгалтерларнинг саволларига жавоблар;
ходим бухгалтерсиз қандай қилиб даромадлари тўғрисидаги маълумотномани олиши мумкин;
бухгалтерлик дастурларида маълумотномани қандай шакллантириш керак;
тавсиялар.

 

Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотнома (иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома) ходимнинг даромадлари, шунингдек, муайян давр учун ушлаб қолинган солиқлар ва бадаллар тўғрисидаги маълумотни акс эттиради.

Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома шаклида қуйидагилар кўрсатилади:

  • ҳисобланган даромадларнинг умумий суммаси (иш ҳақи, мукофотлар, таътил пуллари, компенсациялар, касаллик пуллари ва бошқалар);
  • улардан –  компенсациялар , қўлланилган имтиёзлар  ва солиқ солинадиган даромадлар;
  • ушлаб қолинган ЖШДС ва ШЖБПҲ бадаллари.

Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома ойлар бўйича тақсимланган ҳолда тузилади ва турли даврларни – олинишининг мақсадига қараб, 1 ойдан то бир неча йилгача қамраб олиши мумкин.

 

Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома берилишига оид мисоллар

1) Виза расмийлаштириш учун

Олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотнома виза учун мурожаат қилган шахснинг даромадларининг барқарорлиги ва даражасини кўрсатади. Ушбу ҳужжатдан ташқари, консулликлар иш жойидан маълумотнома ҳам тақдим этишни талаб қилади, унда бухгалтер ўртача ойлик иш ҳақини, таътил вақтини ва бошқа маълумотларни кўрсатиши керак.

Виза олиш учун жисмоний шахс даромадлари тўғрисидаги маълумотнома фирма бланкида – аниқ муҳр, раҳбар ва бош бухгалтер имзолари билан расмийлаштирилиши керак.

 

2) Солиқ декларацияси тақдим этиш учун

Солиқ декларациясида асосий ва қўшимча иш жойидан олинган жисмоний шахс даромадлари тўғрисидаги маълумотлар корхона-иш берувчиларнинг бухгалтерлари тақдим этган ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботлар асосида автоматик тарзда акс эттирилади.

Агар айрим даромадлар декларацияда акс этмаган бўлса, ходим улар бўйича маълумотларни қўлда киритиши ва ушбу иш жойлари бўйича олинган даромадлар ҳамда ушлаб қолинган солиқларни тасдиқловчи ҳужжатларни (маълумотномаларни) илова қилиши керак. Бундай ҳолат учун тасдиқланган маълумотнома шакли мавжуд.

Тавсия

  • Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома намунасини бу ерда кўриш мумкин.

 

Бу маълумотнома албатта қоғоз кўринишида берилмайди. У my3.soliq.uz сайтида автоматик тарзда шакллантирилади. Ходим мустақил равишда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали «Шахсий маълумотлар» бўлимидаги «Фуқароларнинг ҳисобланган иш ҳақи» хизмати ёрдамида уни чоп этиши ёки pdf форматида сақлаши мумкин.

«Жонли» муҳр ва имзоларни унда QR-код алмаштиради. Уни сканерлаганда, маълумотномада келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин.

 

3) Ўриндошлик асосида ёки янги иш жойига ишга кираётганда

ЖШДСнинг прогрессив шкаласидан текис шкаласига ўтгандан сўнг бухгалтерлар янги ходимлардан аввалги иш жойидан  даромадлар тўғрисидаги маълумотнома ёки янги ўриндошлардан - асосий иш жойидан даромадлар тўғрисидаги маълумотномани сўрашни тўхтатдилар  Меҳнат кодексининг 124-моддаси бу ҳужжатни ишга қабул қилиш вақтида тақдим этиладиган мажбурий ҳужжатлар рўйхатига киритмайди. Лекин, барибир маълумотномани олиш керак! У ЖШДС бўйича имтиёзларни тўғри қўллаш учун зарур .

Агар янги қабул қилинган ходим унга биринчи иш ҳақи ҳисобланишигача даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлса, ЖШДС қуйидаги имтиёзларни қўлламасдан ушлаб қолинади:

  • имтиёз ҳуқуқига эга ходимларнинг солиқ солинадиган даромадларидан ҳар ой МҲТЭКМнинг 1,41 баравари ёки МҲТЭКМнинг 3 баравари миқдоридаги суммаси чегирилади ;
  • солиқ даври учун МҲТЭКМнинг 4,22 бараваригача миқдорда моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди . Бунда бу чекланиш ишчининг ўзи ёки унинг оила аъзосининг вафоти муносабати билан кўрсатилган моддий ёрдамга тааллуқли эмас.

Вазият

Ногиронлиги бор ходимни ишга қабул қилдилар

2025 йил 15 майда II гуруҳ ногиронлиги бор янги ходим ишга қабул қилинди. У тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси маълумотномасини тақдим этди, лекин бухгалтер олдинги ишдан даромадлар тўғрисидаги маълумотномани сўрамади.

Бухгалтер май ойи иш ҳақини ҳисоблашда МҲТЭКМнинг 3 баравари миқдоридаги чегирмани қўлламади, чунки даромадлар тўғрисидаги маълумотнома йўқ эди. Шундай қилиб, ЖШДС ортиқча ҳисобланди.

Июнда ходим маълумотномани олиб келди. Бухгалтер май ойи учун ЖШДСни қайта ҳисоблади, олдинги даромадларни ҳисобга олди ва тегишли имтиёзни қўллади.

 

 

Ўзбекистонда кўп ҳолларда фуқаролар томонидан иш ҳақи тўғрисидаги қоғоз маълумотномани тақдим этиш талаб қилинмайди. Масалан, банклар ва бошқа кредит муассасаларининг ахборот тизимларида солиқ органлари базасига кириш имкони мавжуд ва мижозларнинг даромадлари ЖШШИР бўйича автоматик текширилади.

Шунга қарамасдан, қоғоз кўринишидаги маълумотнома ҳали ҳам зарур бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд:

  • вояга етмаган шахсга васийликни расмийлаштиришда;
  • мулкни тақсимлаш, алимент, компенсациялар билан боғлиқ суд жараёнларида;
  • айрим ҳолларда давлат органларининг талаби бўйича, агар автоматик маълумот алмашиш назарда тутилмаган бўлса.

Хулоса қиламиз: бухгалтер нималарга эътибор қаратиши керак:

1. Ҳар доим даромадлар тўғрисидаги маълумотнома қандай мақсадларда керак эканлигини аниқлаштиринг: жонли имзо ва муҳрлар керакми.

2. Янги ходимлардан, агар улар бу йил ишлаган бўлса, даромадлар тўғрисидаги маълумотномани сўранг.

3. Даромадлар тўғрисидаги маълумотномасиз сиз ходимга берилган солиқ имтиёзларини тўғри қўллай олмайсиз.

 

 

Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани қандай расмийлаштириш керак

Қоғоз кўринишидаги ҳужжат стандарт А4 форматидаги варақда расмийлаштирилади.

Ташкилотнинг фирма бланкасини ишлатган маъқул. Маълумотнома расмий ҳужжат айланишига қўйилган умумқабул қилинган талабларга мос келиши керак. Ҳужжат тузилиши бир неча мажбурий элементларни ўз ичига олади:

  • рўйхатга олиш рақами ва бериш санаси;
  • маълумотнома берилган жой;
  • ҳужжат номи. У ҳужжат мазмунини аниқ акс эттириши керак: «_____ давр учун тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинган суммалар тўғрисидаги маълумотнома» (даврни кўрсатиш);
  • иш беручи тўғрисидаги маълумотлар. Юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли - мажбурий;
  • ишчи тўғрисидаги маълумотлар. Ишчининг Ф.И.Ш. ҳужжатларга мос келиши керак. Маълумотномада паспорт (ID-карта)дагидек Ф.И.Ш.ни лотин ёзувида келтиришни тавсия этамиз. Ходимнинг лавозими ва унинг ЖШШИР кўрсатилади;
  • тўловлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар ойлар бўйича. Ойлар бўйича тақсимланган ҳолда барча ҳисобланган даромадлар суммалари кўрсатилади. Жумладан,  компенсациялар ,   имтиёзлар  ва солиқ солинадиган даромадлар алоҳида кўрсатилади. Шунингдек, ойлар бўйича ЖШДС ва ШЖБПҲ бадаллари ушлаб қолинган суммалар кўрсатилади;
  • турлар бўйича барча ҳисоблашлар ва ушлаб қолишларнинг якуний суммалари.

Маълумотномани раҳбар ва бош бухгалтер имзолайди. Ҳужжат ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Агар маълумотнома фирма бланкасида расмийлаштирилмаса, ташкилот реквизитлари билан штамп қўйинг. Жисмоний шахс даромадлари тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштиришга қўйилган барча талабларга риоя қилиш ҳужжатнинг юридик кучини таъминлайди.

 

 

Бухгалтерларнинг саволларига жавоблар

1. Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани учинчи шахсга бериш мумкинми?

Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани учинчи шахсларга фақат нотариал тасдиқланган ишончнома ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат мавжуд бўлганда бериш мумкин. Ишончнома тегишича расмийлаштирилган, санаси ва ишонч берувчининг имзоси бўлиши керак.

 

2. Вафот этган шахснинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномани ким олиши мумкин?

Вафот этган шахснинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномани мерос қолдирувчилар ёки вафот санасида амалда унинг қарамоғида бўлган шахслар олиши мумкин. У оила бошлиғини йўқотиш бўйича нафақани расмийлаштириш ва олиш учун керак.

3. Бухгалтер маълумотнома бериш учун ариза олиши керакми?

Ишчи даромадлар тўғрисидаги маълумотнома бериш учун ариза ёзиши мумкин. Бу одатда барча жараёнлар тартибга солинган йирик компанияларда шундай бўлади. Амалда кичик компанияларда кўпинча ишчининг илтимоси етарли. Бундан ташқари, у маълумотномани ЯИДХП ёки Soliq мобил иловаси орқали мустақил олиши мумкин.

4. Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома беришни рўйхатга олиш керакми?

– Ҳа, албатта маълумотнома беришни журналда рўйхатга олинг. Шундай қилиб, низолар юзага келган тақдирда ўзингизни ҳимоя қиласиз. Шунингдек, берилган маълумотномалар нусхаларини сақлашни тавсия этамиз.

5. Иш берувчи томонидан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома бериш учун қандай муддатлар белгиланган?

–  Маълумотномани ходимдан ариза олинган кунидан кейин 3 иш кунидан кечикмасдан беринг .

6. Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома қанча вақт амал қилади?

Даромадлар тўғрисидаги маълумотномани амал қилиш муддати у тақдим этилаётган ташкилотнинг талабларига боғлиқ.

 

 

Ходим ЯИДХП орқали иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги маълумотномани қандай олиши мумкин

Ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани my.gov.uz сайтида олиш мумкин. Хизмат иш берувчига мурожаат қилмасдан ва бепул ҳужжат олиш имконини беради.

 

Олиш жараёни бир неча оддий қадамдан иборат:

1) my.gov.uz сайтига ўз шахсий кабинетингизга таклиф этилган усуллар ёрдамида, масалан, OneID тизими орқали киринг;

2) қидирув орқали «Ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар» хизматини топинг;

3) «Хизмат олиш» тугмасини босинг –тизим ҳужжатни шакллантиради. Маълумотнома юклаб олиш учун мавжуд.

 

Ишчи Soliq мобил иловасида иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни қандай олиши мумкин

Солиқ идорасининг Soliq мобил иловасида ҳам ҳисобланган иш ҳақи ва ушлаб қолинган ЖШДС тўғрисидаги маълумотномани юклаб олиш мумкин.

Маълумотнома олиш учун:

1) иловага киринг;

2) «Шахсий хизматлар»ни ва «Ҳисобланган иш ҳақи» кичик бўлимини танланг;

3) агар бир нечта жойда ишласангиз - иш берувчини танланг;

4) солиқ даврини кўрсатинг;

5) электрон кўринишда ҳужжат олиш учун «Юклаш» тугмасини босинг.

 

1С дастурида ходимнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномани қандай шакллантириш керак

«1С: Корхона» дастурий маҳсулотларида муайян давр учун ходимнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома шаклини шакллантириш учун «Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома» ҳисоботидан фойдаланинг. У «Ҳисоботлар - Регламентли ҳисоботлар - Бошқалар - Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома» бўлимида жойлашган.

 

1UZ дастурида ходим даромадлари тўғрисидаги маълумотномани қандай шакллантириш керак

«Кадрлар» бўлимига ўтинг ва «Ҳисоботлар» бандини танланг. Сўнгра «Даромадлар тўғрисидаги маълумотнома» кичик бўлимини очинг.

 

1UZ дастурида иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани шакллантириш бўйича видео-кўрсатма ҳавола орқали кўринг.

 

Маълумотномалар билан ишлаш бўйича амалий тавсиялар

  • Маълумотномалар бериш бўйича ички регламент ишлаб чиқинг. Ҳужжат ишчиларнинг мурожаат тартиби ва бажариш муддатларини белгилаши керак. Аниқ тартиб-таомиллар низолар ва ноаниқликларни истисно қилади.
  • Албатта берилган маълумотномаларни рўйхатга олиш журналини юритинг. Журналда маълумотнома санаси ва рақами, олувчи ва ҳужжат мақсади кўрсатилади. Албатта олувчининг имзоси ёки бериш усули тўғрисида белги қўйилади.
  • Ягона маълумотнома шаклидан фойдаланинг. Тайёр шаблон ҳужжатларни тайёрлашни соддалаштиради ва хатолар эҳтимолини камайтиради.
  • Берилган маълумотномаларнинг нусхаларини сақланг. Бу низолар ёки текширишлар ҳолатида ташкилотни ҳимоя қилади.

 

 

 

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text208748_hodimning_daromadlari_tugrisidagi_malumotnoma_2025_yilda_buhgalter_nimani_bilishi_kerak